Мамлакатимизда фаолият олиб бораётган диний соҳа ходимларининг илмий-маърифий салоҳиятини ошириш режасига мувофиқ, Фарғона вилоятининг Қува, Тошлоқ, Риштон ва Фурқат туманлари имом-хатиблари Тошкент шаҳридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига боришди.
Ташриф давомида имом-хатиблар марказнинг бой экспозициялари, Қуръони карим зали, нодир қўлёзмалар ҳамда буюк аждодларимизнинг илмий меросига бағишланган бўлимлар билан яқиндан танишдилар. Айниқса, замонавий мультимедиа лойиҳалари ва тарихий экспонатлар диний соҳа вакилларида чуқур таассурот қолдирди.
Диний соҳа ходимлари марказда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар юртимизда маърифий ислом ғояларини тарғиб қилиш ҳамда ёш авлодни миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Белгиланган режага асосан, Фарғона вилоятининг бошқа шаҳар ва туманларида фаолият юритаётган имом-хатибларнинг ҳам марказга ташрифлари босқичма-босқич давом эттирилади.
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Бугун, 2 июнь куни "Ҳаж – 2026" мавсумининг илк зиёратчиларини олиб келадиган дастлабки самолётлар Жидда-Тошкент йўналиши бўйича Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига қўнади.
Ушбу дастлабки авиарейслар орқали Тошкент шаҳри зиёратчилари юртимизга қайтиб келишади. Шунингдек, ҳожиларимиз республикамизнинг 10 та ҳудудидаги халқаро аэропортларда тантанали равишда кутиб олиш режа қилинган.
Маълумот ўрнида, ҳаж сафарини якунлаган юртдошларимизни Жидда шаҳридан олиб келиш ишлари жорий йилнинг 19 июнь кунига қадар изчил давом эттирилади.
Аллоҳ таоло юртдошларимизнинг ҳаж ибодатларини мабрур айлаб, ўз уйларига эсон-омон етиб келишларини насиб қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати