Аввал хабар қилганимиздек, Хива шаҳрида "Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида" халқаро маданий форуми бўлиб ўтди.
Маданий мерос ҳафталиги доирасида ўтказилаётган ушбу форумда дунёнинг 60 мамлакатидан 300 дан ортиқ иштирокчи қатнашди. ЎзА мухбирининг Истанбул университети доктори Эмек Ушенмез билан суҳбати "Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида" халқаро маданий форуми аҳамияти ва Ўзбекистон олимлари билан ҳамкорликларга бағишланди.
– Аввало, халқаро маданий форумда иштирок этаётганимдан жуда хурсандман. Чунки бу халқаро тадбир кўплаб давлатлар маданий-тарихий ёдгорликларидан хабардор этиш ва бу борада ўзаро мулоқот майдони вазифасини ўтайди.
Ҳафталик доирасида мен Тошкентда бўлиб ўтган йирик анжуманда Буюк Британия кутубхоналарида сақланган Чиғатой қўлёзмалари ҳақидаги маърузам билан қатнашдим.
Айтиш жоизки, бугунги кунда Лондон шаҳридаги кутубхонада 200 дан зиёд Чиғатой қўлёзмалари сақланади. Унда Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мансур Чиғатой, Атоий, Саккокий каби ижодкорларнинг қўлёзмалари бор. Биз уларни ўргандик, таҳлил қилдик. Муҳими, уларнинг ҳар бирини қўлимиз билан ушлаб кўрганимизнинг ўзи биз учун шарафдир.
– Таъкидлаганингиздек, Чиғатой қўлёзмаларини чоп эттиришда Ўзбекистон олимлари билан ҳамкорлик қилинади. Бу борада қандай ишлар амалга оширилади?
– Ҳозир Чиғатой қўлёзмалари асосида 200 саҳифани жамлаган китоб инглиз тилида тайёр турибди. Ўзбекистон олимлари билан мана шу китобни аввал инглиз, сўнгра ўзбек тилида чоп эттиришда ҳамкорлик қиламиз. Ўзбек олими шу китобни таржима қилади.
– Сиз ўзбек адабиётини анча йиллардан буён ўрганасиз. Бу сизнинг илмий ишларингиз билан боғлиқми ёки қизиқишингиз туфайлими?
– 2007 йилдан буён ўзбек тили ва адабиётини ўрганаман. 2008 йил тадқиқотчи сифатида Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган қўлёзмаларни ўрганганман. Сўнгра Лондонда тадқиқотларимни давом эттирдим. Сўнгра АҚШнинг Харвард университетида ўзбек тили, Усмонийлар тарихи ва Ўрта Осиё қўлёзмалари ҳақида бир ярим йилга яқин дарс берганман.
– "Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида" халқаро маданий форуми иштирокчилар фаолиятида қандай аҳамият касб этади?
– Халқаро маданий форум доирасида тарихий Хива шаҳрида ушбу катта тадбир ташкил этилди. Бу форум нафақат Марказий Осиё маданий-илмий бойликларини тарғиб қилишда, балки кўпгина давлатдан келган шу соҳа вакилларини бир мақсадда бирлаштириб, катта мулоқот майдонига айланади. Яна бир янгиликни айтишни истар эдимки, буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг 580 йиллиги муносабати билан 800 саҳифалик "Замонавий ўзбек адабиёти" китобини нашрга тайёрладик. Тез кунларда бу китоб чоп этилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Савол: Масжидул ҳаромда намозларни жамоат билан ўқиб, кейинги намоз вақтини кутиб ўтирганимизда, айрим ҳожиларимиз ётган ҳолда ухлаб қолиб, кейинги намозга азон айтилганда, таҳорат қилмай намоз ўқишаётганига гувоҳ бўлдим.
Бунинг хукми динимизда қандай? Чунки ухлаш таҳоратни бузади деб ўқиганмиз ва шунга амал қиламиз. Ёки масжидул ҳаромда айрим ҳукмлар ўзгарадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ҳанафий мазҳабига кўра, бирор нарсага суяниб, ёки ёнбошлаган ҳолда ухлаш таҳоратни синдиради. Бу ҳукм масжидул ҳаромга ҳам тегишли. Сиз айтган ҳожилар ерга ёнбошлаган ҳолда ухлаган бўлсалар, таҳоратлари синади. Лекин кўзини юмиб, ухламасдан, зикр қилиб ётадиганлар ҳам бўлади. Агар шундай қилган бўлсалар, табиийки таҳоратлари синмайди.
Масжидул ҳаромда дунёнинг турли нуқтасидан келган зиёратчилар ибодат қилади. Уларнинг ичида илмли инсонлар билан бир қаторда ибодатга энди кирган, шаръий ҳукмларни яхши ўзлаштирмаганлар ҳам бўлади. Уларнинг қилаётган ишини кўриб, анавилар қиляпти-ку, демак, нотўғри эмас эканда, деб қилиб кетавермаслик керак.
Қолаверса, у ерда турли мазҳаб одамлари ибодат қилади. Айрим мазҳабларда ухлаш, бадандан қон чиқиш каби ишлар таҳоратни синдирмайди. Аммо бизнинг мазҳабимизда ҳар иккиси ҳам таҳоратни бузади ва бунга уламоларимиз бир қанча ҳадисларни далил ўлароқ келтирганлар.
Шу боис, улуғ маконларга ибодатга отланаётган одамлар: хоҳ эркак, хоҳ аёл киши бўлсин, шаръий ҳукмларни билиб олиши ёки биладиган одам ҳамроҳлигида бориши мақсадга мувофиқ бўлади. Акс ҳолда ибодат қиламан деб, гуноҳга ботиши ҳеч гап эмас. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.