Имом Абу Довуд Ойша онамиз разияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Фотима билан сўзлашда, ҳусни хулқда, муомалада, сийратда ва ҳолатда бўлганчалик кимсани кўрмадим. Фотима разияллоҳу анҳу кирсалар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга пешвоз чиқиб ўрнидан турардилар, унинг қўлини ушлаб (қўлидан ёки пешонасидан) ўпардилар ва ўз олдиларига ўтқазардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам унинг олдига кирсалар, Фотима разияллоҳу анҳу ўрнидан туриб кутиб оларди, ул зотнинг қўлларини ўпарди ва (муносиб) ўринларига ўтқазарди”. (Абу Довуд, 4/5219).
Ушбу ҳадиси шарифдан оладиган муҳим хулосамиз шуки, ота-оналаримизга чиройли ва гўзал муомалада бўлмоқ; қизларимизга ўта шафқат билан муомалада бўлиш; биров олдимизга кириб келганда ўрнимиздан туриб кутиб олиб, уни муносиб ўринга ўтқазмоқ; агар муносиб одам ташриф буюрса, кўришганда қўлидан ўпиш мумкин эканлигидир!
Юкоридаги хадиси шариф бу саволимизга жавоб бўла олади. Бироқ бизнинг юртларда азалдан ота боболаримиз ва бугунги кун мусулмонлари орасида кадрли одамларни (ота-онани) қўлларидан ўпиб ҳурмат изҳор қилишган.
Валлоҳу аълам!
Абдулазиз Бобамирзаев
Осмонлару ерни яратган Зотнинг қаршисига маъсиятлар ила чиқа кўрманг, ғазабига тоқатингиз, иқобига сабрингиз ва азобига қудратингиз етмайди.
Доктор Абдул Муҳсин Аҳмад ўзининг бир қариндоши билан бўлган воқеани айтиб берди. Воқеага кўра бир йигит укасига доим “Аллоҳга ҳамд айтгин” деса, укаси: “Нима учун Аллоҳга ҳамд айтишим керак?” – дер, Яратганга бўйин эггиси келмасди.
Ахир унинг бу гапини оламлар Рабби бўлган Зот эшитиб турибди! Аллоҳ уни икки оёғи билан юрғизиб қўйибди, қанча одамлар юра олишмайди. Неча-неча инсонлар кўриш неъматидан мосуво бўлганида, унинг кўзлари кўриб турибди.
Вақт ўтиб йигит автоҳалокатга учрайди. Унинг аъзолари қаттиқ шикастланади. Операциядан сўнг доктор Абдул Муҳсин Аҳмад уни бир умр ногирон бўлиб қолганлигини, танасининг ярми ишламаслигини, аниқроғи, бир ўлимдан қолганлигини айтади.
Аллоҳ буюк! Унинг неъматлари чексиз. Биз бандалар доим шукрда бўлмоғимиз лозим. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «...Албатта, Унинг ушлаши аламли ва шиддатлидир»[1].
Тасаввур қилинг, борди-ю, сиз дўзахийлардан бўлсангиз, у ердаги азобга чидай оласизми?! Албатта, йўқ.
Шундай экан Аллоҳга тавба қилинг! У Зотга хуш келмайдиган ишлардан қайтинг. Солиҳ амаллар ила Раббингизга яқинлашинг.
Аллоҳ берган неъматларга шукр қилинг. Гуноҳ ва маъсиятнинг кичиклигига қараманг. Аллоҳнинг буюклигини назарингиздан қочирманг.
Аллоҳ буюк! У Зот сизни кутилмаганда ушламасидан аввал қалбингизни қўрқув ила тўлдиринг. Қазоингиз яқинлашмасидан аввал покланинг. Ўлим келгандаги пушаймондан наф йўқ ва бунинг учун имкон берилмас...
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Ҳуд сураси, 102-оят.