Шу кунларда баъзи сайтлар ва ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий вазифасига ким сайланиши ва номзодлар ҳақида турли хабарлар эълон қилинмоқда. Ҳатто айрим ижтимоий тармоқ юритувчилари фалон уламо муфтий вазифасига тайинланди, деган мазмундаги асоссиз ахборотни ҳам тарқатиб, аҳолини ёлғон маълумотлар билан чалғитаётгани кузатилмоқда. Натижада, шундай гап-сўзларни тарқатиш орқали эл-юрт ҳурмат қиладиган ва эҳтиром кўрсатадиган уламоларнинг руҳиятига салбий таъсир ҳам ўтказилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси юртимиз фуқароларини асл ҳолат ва мавжуд вазиятни билмай туриб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган хабарларни тарқатишдан сақланишга чақиради. Шунингдек, ҳаммани ўзимга қаратаман ёки кузатувчиларим сони кўпаяди, дея арзон шуҳратга учиб, ёлғон ахборот тарқатиш эса журналистик этикасига ҳам, ижтимоий тармоқ юритиш одобига ҳам, динимиз таълимотига ҳам зид эканини маълум қилади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мазкур мавзу атрофида асоссиз баҳс-мунозарани ҳаётини халқимиз ва муқаддас динимиз хизматига бағишлаган марҳум муфтий Усмонхон Темирхон ўғли ҳазратларининг вафотидан кўп ўтмаган бир даврда кўпайтиришни диний, миллий ва оддий инсонийлик қадриятлари нуқтаи-назаридан одобсизлик сифатида баҳолайди ҳамда фуқароларимизни бундай ишлар қилмасликни сўрайди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси республика ҳудудида расмий фаолият олиб бораётган исломий диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органи бўлиб, мусулмонларнинг эътиқодий бирлигини таъминлашга хизмат қилади. Шу мақсадда, фиқҳда Ҳанафий мазҳаби ва ақидада Имом Мотуридий таълимоти асосида мўмин-мусулмонлар учун барча шарт-шароитларни яратади. Шунингдек, Ислом маърифатини кенг ёйиш, масжид-мадрасалар таъсис этиш, диний адабиётлар нашр этиш, халқаро ташкилотлар ва таниқли уламолар билан ҳамкорликни амалга оширади.
Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уставининг тегишли бандига асосан Диний идора раиси, муфтий Уламолар Кенгаши йиғилишида беш йил муддатга сайланади. Муфтий лавозимига сайланаётган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқароси, олий диний маълумотли, камида ўн йил Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида ишлаган, уламолар ҳамда халқ орасида обрў ва ишонч қозонган бўлиши лозим.
Айни кунларда муфтий лавозимига муносиб номзодларни атрофлича кўриб чиқиш, меҳнат фаолиятларини ўрганиш, билим салоҳиятларини мезонга солиш, иш тажрибаларини кузатиш ва халқ орасидаги обрў-эътиборларига баҳо бериш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур жараёнларнинг якуни тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий матбуотида эълон қилинади.
Ўз навбатида айтиш керакки, бу масалада интернетдаги бетизгин эркинлик сабабли исломий меъёрларни эсдан чиқариш ҳам дуруст эмас. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “У (инсон) бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)”, деб баён қилган (“Қоф” сураси, 18-оят).
Ушбу ояти каримадан бугун ёзганларимиз эртага ўзимизнинг фойдамиз ёки зараримизга ҳужжат бўлиши аён бўлмоқда. Ҳар бир сўзимизни ёзишга чоғланар эканмиз, онгимизда Аллоҳ таоло ва Унинг Расулининг бизни огоҳлантирган каломлари, Ислом дини кўрсатмалари пайдо бўлса, сўз айтиш масъулиятини янада теранроқ англаган бўлар эдик...
Ҳақ таоло барчамизни тўғри йўлда собитқадам қилсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бугун, 11 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида касб-маҳоратини оширган масжидлар муаззинларига ижозат шаҳодатномаси топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда таниқли уламолар, тажрибали имом-хатиблар, диний таълим муассасалари устоз-талабалари, малакали муаззинлар ва меҳнат фахрийлари иштирок этди.
Тадбир Қуръони карим қироати ва хайрли дуолар билан бошланди.
Маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари сўзлаб, кейинги йилларда мамлакатимизнинг барча жабҳаларида бўлгани каби диний-маърифий соҳада ҳам кўламли ислоҳотлар бўлаётгани, Давлат Раҳбари томонидан соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида бугунги юксалишларга эришилаётгани ҳақида айтиб ўтдилар. Хусусан, Диний идора томонидан юртимиз масжидларида янграётган азон оҳанглари янада гўзал бўлиши учун саъй-ҳаракатлар олиб борилаётганига урғу бердилар.
Сўзга чиққан Қуръон ва тажвидни ўргатиш бўлими бошлиғи Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли Муфтий ҳазратлари ташаббуси билан имом-хатиблар қироатини яхшилаш ва муаззинларнинг азон айтишларини чиройли қилиш бўйича хайрли ишлар йўлга қўйилгани, бу борада мўътабар манбалар ва замонавий усуллар асосида ўқув режалари ишлаб чиқилгани, қарийб беш йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида икки мингдан зиёд муаззин учун азон ва иқома бўйича ўқув семинарлар, онлайн ва офлайн машғулотлар олиб борилгани, мазкур амалий машғулотлар давомида баҳолаш мезонларига кўра саралаб олинган 196 нафар муаззин махсус ўқитилгани, бугун уларнинг 70 нафардан зиёдига ижозат шаҳодатномалари берилаётгани ҳақида тўхталди.
Тадбир давомида иштирокчиларга муаззинларнинг малака ошириш дарслари жараёнларидан видеолавҳа намойиш этилди. Шунингдек, малакали муаззинларнинг азон садолари тингланди.
Шундан сўнг азон ва иқома айтиш бўйича ижозат шаҳодатномаларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда Муфтий ҳазратлари ва Шайх Алижон қори томонидан малака оширган бир гуруҳ муаззинларга ижозат шаҳодатномалари ва китоблар тўплами топширилди.
Шунингдек, Муфтий ҳазратлари томонидан ўқув машғулотларини ташкил этиш ва ўтказишда жонбозлик кўрсатган Шайх Алижон қори бошчилигидаги устозларга ташаккурномалар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати