Тинчлик – барча эзгусевар халқларнинг, шунингдек ўзбек халқининг ҳам азалий орзуси бўлиб келган. Тинчлик инсонпарвар ва бағрикенг халқимизнинг тили ва дилидан мустаҳкам жой олиб, энг олий қадрият деб қаралган. Обод турмушни акс эттирувчи муқаддас динимиз,қадриятларимиз, миллий урф-одат ва расм-русумларимизбевосита хотиржамлик силсиласига узвий боғлиқдир.
Халқимиз тинчлик ва осойишталикни истаб кундалик ҳаётида қатор диний ва миллий фазилатларни амалга оширади. Жумладан:
Улар кўришганида салом беради. Бу бир-бирларига тинчлик, омонлик тилаш рамзидир.
Дуо қилса, Яратгандан хонадонларимизни тинч, юртимизни обод қилгин деб юзига фотиҳа тортади.
Ҳар бир яхшилик, эзгулик устида тинчлик бўлсин дея, келажак учун яхши ниятлар қилади.
Тўй-тантаналарда тўйлар бўлаверсин дейди, чунки тўй тинч ва фаровон кунлар боис ўтадиган маросимларнинг сараси саналади.
Оилада янги меҳмон туғилса, гўдакка узоқ умр, баланд мартаба, унинг бахт-саодати, икки дунё обрўсини сўраб илтижо қиладилар. Шу илтижолар замирида фақат тинчлик сўралади.
Инсониятга ислом неъматини етказишга восита бўлган ваҳий – Қуръони каримнинг ахлоқий қисми оқибат, раҳм-шафқат, меҳрибонлик, камтарлик, ҳавойи нафсдан воз кечиш, ҳурмат ва тинчликка асосланган. Ана шу илоҳий кўрсатмаларга амал қилувчи мусулмонлар ҳамиша раҳм-шафқатли, адолатпарвар, инсонпарвар, ахлоқ-одоби мукаммал ва софдил бўлиб келган.
Тинчлик-осойишталик қарор топган жойда инсоннинг оиласи тинч, турмуши обод, келажаги порлоқ бўлиши, ҳаёт тизими бир маромга тушиб, тараққий топиши аниқ ва мақсадли экани барчага маълум. Бундай неъмат ортида фақат шукроналик ва итоат ётади. Албатта бу каби ахлоққа эга бўлган соф мақсадли инсон, айта оламизки, барча аъзоси билан миннатдорлик ва манфаатдорлик хазинасига ҳаёти давомида эга бўлади.
Инсонга кундалик ҳаёти учун зарурий воситалардан бўлмиш мол-мулк, ҳовли-жой, уй-рўзғор буюмлариданда муҳим бўлган тана таянчларини доимий тинчлик-осойишталик, барқарорлик билангина мунтазамлигини таъминланади. Акс ҳолда йўқлик, парокандаликка учрайди. Шу боис бўлса керак барча мулкдор шахслар тинч мамлакатларни ўзига ихтиёр қилади. Демак, мол-мулк, ҳовли-жой, уй-рўзғор буюмлари бус-бутун бўлишлиги учун шукрона айтиш билан бирга уни тинч-омон сақлашлик ҳам инсон фарзанди имконият топади.
Айтиб ўтган барча фикрларимизни Аллоҳ таоло бандаларини ўзаро иттифоқликда, аҳилликда, тинчлик-омонликда яшашга даъват этиб: “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз!” (Ҳужурот, 9) деган инсонпарварлик амр-фармонини баён этади.
Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили
Иброҳим ибн Адҳам Басрада эканликларида у кишини одамлар қуршаб олишиб: “Нимага биз дуо қилсак ижобат бўлмаяпти? Ҳолбуки, Аллоҳ таоло: «Парвардигорингиз: “Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!” деди...»[1], дейишди.
Иброҳим ибн Адҳам жавоб бериб айтдилар: “Эй Басра аҳли, ўн нарса сабабли қалбларингиз ўлиб бўлган бўлса, қандай қилиб дуоларингиз ижобат бўлсин?!
1. Аллоҳни таниб туриб, Унинг ҳаққини адо қилмайсиз.
2. Қуръонни ўқиб туриб, унга амал қилмайсиз.
3. Расулуллоҳнинг муҳаббатларига даъвогар бўла туриб, у зотнинг суннатларини ташлаб қўясиз.
4. Шайтоннинг душманлигини айтасиз-у, ўзинигиз унга итоат қиласиз.
5. Жаннатга киришга даъвогарсиз-у, бунинг учун амал қилмайсиз.
6. Жаҳаннамдан қутулиш даъвосида бўла туриб, ўзингизни унга улоқтирасиз.
7. Ўлим ҳақ деб туриб, унга тайёргарлик кўрмайсиз.
8. Ўзингизнинг камчиликларингиз қолиб, бошқаларнинг айблари билан оворасиз.
9. Ўликларни кўмасизлар-у, ундан ибрат олмайсиз.
10. Аллоҳнинг неъматларини еб, шукр қилмайсиз”.
Дуоларимиз ижобат бўлишини хоҳласак, ушбу ўн нарса борасида нафсимизни тергаб, ҳисоб-китоб қилишимиз даркор экан.
Қалбингиз қалбларнинг қай бир тоифасидан?!
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Қалблар тўрт турлидир: (Биринчиси) Нур таратадиган чироғи бор соф қалб. (Иккинчиси) Ғилофли қулфланган қалб. (Учинчиси) Тескари қалб. (Тўртинчиси) Икки томонли қалб. Соф қалбга келсак, у мўминнинг қалби бўлиб, унинг чироғи нуридир. Ғилофли қалб эса кофирнинг қалбидир. Тескари қалб мунофиқнинг қалби бўлиб, у таниб, сўнг инкор қилган қалбдир. Икки томонли қалб эса ўзида иймон ва мунофиқликни жамлаган қалбдир. Ундаги иймон покиза сув билан ўсадиган ўсимликка ўхшайди. Ундаги мунофиқлик эса қон ва йиринг билан катталашадиган ярага ўхшайди. Қайси бири кўп бўлса, шуниси устун келади”[2].
Мустафо Содиқ Рофиий раҳматуллоҳи алайҳ: “Энг катта хато – атрофингни тартибга солиб, қалбингни назоратсиз ташлаб қўйишингдир”, деганлар.
[1] Ғофир сураси, 60-оят.
[2] Ибн Касир ривояти, Исноди жаййид ҳасан.