Янги Ўзбекистонда илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилган юртдошларимизни давлатимизнинг юксак унвон, медаль хамда орденлари билан мукофотлаш анъанасига катта эътибор қилинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрами муносабати билан “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан бир гуруҳ ватандошларимиз тақдирланди.
Мукофотланганлар орасида Президент маслаҳатчиси, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази директори, давлат ва жамоат арбоби, моҳир таржимон Шоазим Миноваров “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони соҳиби бўлдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси ушбу юксак мукофот билан тақдирланган Шоазим Миноваровни самимий муборакбод этади.
Аллоҳ таолодан дин, халқ ва Ватан йўлидаги хизматларида улкан муваффақиятлар бардавом бўлишини тилаймиз, мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр ва оилавий бахт ёр бўлишини сўраймиз!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
Кеча, 9 ноябрь куни Ўзбекистон делегацияси ҳамда Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги ўртасида “Ҳаж – 2026” мавсумини намунали ташкил этиш юзасидан мулоқот бўлиб ўтди. Унда Президент маслаҳатчиси ўринбосари Музаффар Комилов, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, атташе Шуҳрат Амоний ҳамда Ҳаж ва умра вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа, Саудия элчиси Юсуф ал-Утайбий келгуси ҳаж мавсумини юқори даражада ташкил этишни муҳокама қилишди.
Учрашув аввалида муҳтарам Президентимиз ҳамда Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд, Валиаҳд Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар салмоқли натижа бераётгани, делегациялар алмашинуви кўпайгани ва ҳожиларга энг юқори даражадаги хизматлар кўрсатилаётгани алоҳида қайд этилди.
Музокаралар чоғида янги мавсумда ҳожилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий этилган янги тартиб-қоидалар тўғрисида фикр-мулоҳаза алмашилди. Жумладан, тиббий талабларга қатъий риоя этиш, ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштириш, шартнома бандларини бажариш ва ҳаж мавсумида низом талабларига амал қилишга урғу қаратилди.
Ҳаж вазири давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан амалга оширилаётган ислоҳотлар, илмий-тадқиқот, бунёдкорлик ишлари, ҳаж ва умра йўналишидаги янгиланишлар ва зиёратчиларимиз тартиб-интизомини юқори баҳолади. Шунингдек, у Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси ва Самарқандаги Имом Бухорий мажмуасининг тантанали очилиш маросимларида иштирок этиш ниятини билдирди.
Учрашувда зиёрат туризмини ривожлантириш, ўлкамизнинг қадимий шаҳарларига саёҳатлар уюштириш, илм-фан, илмий-тадқиқот йўналишида ҳамкорлик қилиш кабиларга ҳам тўхталинди.
Мулоқот якунида томонлар қатор масалалар бўйича келишувга эришиш баробарида ўзаро эсдалик совғалари алмашдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати