Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Июл, 2025   |   20 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:22
Қуёш
05:03
Пешин
12:34
Аср
17:40
Шом
19:59
Хуфтон
21:32
Bismillah
15 Июл, 2025, 20 Муҳаррам, 1447

Қандай қилиб Аллоҳнинг тавфиқига лойиқ бўла оламиз? (2 қисм)

27.11.2023   1681   3 min.
Қандай қилиб Аллоҳнинг тавфиқига лойиқ бўла оламиз? (2 қисм)

Аллоҳнинг тавфиқига эришай десангиз қуйидагиларни қилишингиз даркор:

1) Ўзгаларга яхшилик қилинг, одамларнинг ҳожатини чиқаринг, зотан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларнинг Аллоҳга энг маҳбуби одамларга манфаати энг кўпидир”.

2) Қуръонни ўрганинг ва ўргатинг. “Сизларнинг энг яхшингиз Қуръонни ўрганиб, ўргатганларингиздир”.

3) Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаринг, Аллоҳ таоло бу ҳақда айтади: “Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф–наҳйи мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир” (Оли Имрон сураси, 104-оят)

4) Солиҳ кишилар билан ҳамсуҳбат бўлинг, токи улар сизни тоатга чорласинлар, маъсиятдан қайтарсинлар. “Фақат мўмин билангина дўст бўл. Таомингни фақат тақводор кишигина есин”.

5) Доим ҳусни-хулқ узра бўлинг, кўнглингиз пок бўлсин! Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз – хулқи гўзалларингиздир”.

6) Оила қуришда ўзингизга солиҳа жуфт танланг, негаки солиҳа аёл дин ва дунё ишларингизда сизга ёрдам беради. Бошида Аллоҳдан узоқ бўлган, солиҳа аёлга уйлангандан кейин эса аёли уларнинг ҳаётини ўзгартириб юборган қанчадан-қанча одамларни кўрдик! Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Дунё бир матоҳдир, дунёнинг энг яхши матоҳи эса солиҳа жуфтдир”.

7) Оилангизга эътиборли бўлинг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Сизларнинг энг яхшиларингиз аҳлига яхши бўлганларингиздир. Мен аҳлига энг яхшингизман”. Оиланинг ҳаққи дўстлар, ошна-оғайниларникидан муқаддам туради!

8) Ўзингизга алоқадор бўлмаган ишларга аралашманг, сабаби Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзига алоқадор бўлмаган нарсаларни тарк этиш киши исломининг гўзаллигидандир”.

9) Аллоҳдан сизни гап-сўзларда, юриш-туришда тўғриликка йўналтиришини сўранг. Бу Аллоҳ таоло каломида айтган ҳикматнинг айни ўзидир: “У зот кимни хоҳласа, ўшанга ҳикматни беради. Кимга ҳикмат берилса, унга кўп яхшилик берилган бўлади” (Бақара сураси, 269-оят)

10) Кўп-кўп дуо қилинг, Аллоҳга ўзингизни доим заиф, ҳожатманд эканингизни намойиш этинг. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтарканлар: “Мен дуойим ижобат бўлмаслигидан қўрқмайнман, қалбимда дуога муҳтожлик сезмай қолишимдан қўрқаман. Чунки дуо қилиш сизга илҳом этилса, ижобати ҳам бирга келади”.

11) Ўзингизни доим ҳисоб-китоб қилиб боринг. Бирор ибодат қилсангиз “Роббим мендан қабул этади”, дея Роббингиз ҳақида яхши гумон қилинг. Агар бирор гуноҳ қилиб, кейин ундан тавба қилсангиз, Аллоҳдан тавбангизни қабул этишини сўранг.

12) Аллоҳдан сизга соғлом қалб ва ҳақгўй тил ато этишини сўранг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ таолонинг дўстлари – кўрилганда Аллоҳ таоло эсланадиган зотлардир”.

13) Аллоҳни кўп зикр қилинг. Бу ибодатларнинг энг осонидир. Аллоҳ таоло Қуръонда: “Бас, Мени эслангиз, сизни эслайман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152-оят)

14) Аллоҳ сизни қандай иш ва қандай амаллар узра қоим этагнига қаранг! Аллоҳ таоло наздида мезонингизни, баҳойингизни билмоқ истасангиз ғам-ташвишингиз, амалларингиз Аллоҳ учун бўляптими ёки йўқми, шунга боқинг!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Сув ичишдаги 5 суннат

18.07.2019   12147   1 min.
Сув ичишдаги 5 суннат
  1. Бисмиллоҳни айтиш.

 

  1. Ўнг қўлда ичиш.

 

  1. Дам олиб, (идишнинг ташқарисида) нафас олиб, учга бўлиб ичиш.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимликда уч марта нафас олар эдилар (Имом Муслим ривояти).

 

  1. Ўтириб ичиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз тик туриб ичмасин”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Доктор Абдураззоқ Киляний айтади: "Сувни ўтириб ичиш соғлиқ учун фойдалидир. Бунда инсоннинг ошқозони тинч ва бўшашган ҳолатда бўлади, бу эса ўз навбатида сувни ошқозонга ҳеч қандай тўсиқларсиз тўғри келиб тушишини таъминлайди. Ўтириб ичилганда сув аввал ошқозонга тушиб, кислотали муҳит билан қоришади, сўнгра организмдаги микробларни тозалайди ва ўн икки бармоқ ичакка ўтади. Бу инсон организмини турли касалликлардан ҳимояланашига сабаб бўлади. Инсон тик туриб сув ичганда эса, сув тўғридан-тўғри ўн икки бармоқ ичакка ўтиб кетади. Бу инсон саломатлиги учун зарарлидир".

 

  1. Ичиб бўлгач, Аллоҳга ҳамд айтиш.

“Албатта, Аллоҳ таоло банда таом еб Унга ҳамд айтганидан, ичимлик ичиб, Унга ҳамд айтганидан рози бўлади” (Имом Муслим ривояти).

Даврон НУРМУҲАММАД