Албатта, Қуръон тиловати энг афзал ибодатлардан бўлиб, у билан мусулмон банда Роббига яқин бўлади. Қуръон қироати инсонга манфаатли бўлиб, хоҳ вафотидан кейин бўлсин, хоҳ манзилида ёки уйида бўлсин, хоҳ жанозадан кейин ёки олдин бўлсин ёки қабр олдида бўлсин, бу нарса шаръий ҳукмда жоиз ҳисобланади ва Аллоҳнинг фазли билан маййитнинг қабрида азобдан енгиллашишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар бериб, ўликларга вафотидан кейин Қуръон қироат қилишга ундаганлар. Ул зот: «Бирор маййитга «Йаасийн» сураси ўқилса, енгиллик бўлади», деб айтганлар. Албатта, ушбу қироатда тиловат одобларига амал қилиб, ҳарфларни ўз махражидан чиқариш керак.
Ҳанафий мазҳабидагилар маййитга ҳам, тирикларга ҳам Қуръон қироатининг савоби етиб бориши жоизлигини айтишган. «Ҳидоя», «Бадоиъ», «Баҳр» ва бошқа китобларда бу ҳақда айтилган.
Шунингдек, Шофеъий мазҳаби уламолари ҳам қироатнинг савоби, агар ўқувчи Аллоҳдан сўраса, маййитга етиб боришини айтишган.
Ибн Абу Зайд «Рисола» китобида Ибн Фарҳундан ривоят қилиб айтишларича, Моликий мазҳаби имомлари ҳам маййитга қироат савоби етишини нақл қилишган.
Ҳанбалий фақиҳларидан Ибн Қудома «Муғний» китобида: «Маййит барча қурбат бўлувчи нарсалардан манфаат олганидек, Қуръон қироатидан ҳам манфаат олади. Демак, инсон қандай қурбат қилса ҳам, савобини маййитга бағишласа, Аллоҳнинг изни билан манфаат олади», деган.
Ибн Қудома Маъқал ибн Ясордан қилган ривоятларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўликларингизга «йаасийн» сурасини ўқинглар», деб айтганлар.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Қуръон тиловати маййитга, хоҳ у маййит қабрда бўлсин ёки ундан узоқда бўлсин, жоиздир. Аллоҳнинг изни билан савоби маййитга етиб боради. Хусусан, қори қироати савобини маййитга бағишласа».
Аммо бунинг ягона шарти бор: қори (қироат қилувчи) холисан-лиллоҳ тиловат қилиши ва ҳар қандай тамаъдан холий бўлиши керак. Ҳақ ёки бошқа бир манфаатлар эвазига хатми Қуръон буюришнинг ва буюртма асосида тиловат қилишнинг на ўликка, на тирикка савоби бор.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг
"Ихтилофлар, сабаблар, ечимлар" номли китобидан олинди
Муҳаррам ойи қандай ой? Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.
Ашуро қандай кун? Бу кун ҳақида Набий (алайҳиссалом): “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Ашуро куни қандай фазилатларга эга? Бу кун рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади. Абу Саъд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Набий (алайҳиссалом): “Ким Ашуро куни аҳли аёлига ҳадя улашса, Аллоҳ йилнинг барчасида унга ҳам ҳадя улашади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Суфён ибн Уяйна (раҳматуллоҳи алайҳ): “Бу ҳадисни олтмиш йил тажриба қилдим ва фақатгина яхшилик кўрдим”.
Ашуро кунини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қандай ўтказардилар? Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни Ашуро куни рўзасини бошқасидан афзал кўриб, соғиниб, Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Эсда тутинг! Муҳаррам ойининг ёлғиз ўнинчи кунида эмас, балки бу кунга қўшиб, бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутиш лозим.
Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД