Агар биз шукр қилсак, Аллоҳ таоло неъматларини зиёда қилишини ваъда қилди ва итоат қилсак, бу неъматларни давомийлигини кафолатини берди. Қуръони каримнинг бир қанча оятларида шукр қилувчиларни мадҳ қилган. Жумладан, Бақара сурасида бундай марҳамат қилди: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара сураси, 172-оят).
Саид ибн Жубайр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши бундай деганлар: “Бандаларнинг Аллоҳ таолога севимлироғи шукрли ва сабрли бандадир – мусибат келса, сабр қилади, неъмат берилса, шукр қилади” (Имом Аҳмад ва Имом Табарий ривоятлари).
Аллоҳ таолонинг ҳар бир ишида ҳикмат борлиги учун ҳам бу сановли кунда барчамизга ибратлар бор. Озми-кўпми камчиликларимизни билдик, хато-нуқсонларимизга тавба қилдик, синовли кунларга сабр қилишни ўргандик ва ҳоказолар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Салоҳиддин домла Шарипов Шароф Рашидов туманидаги “Яккақайрағоч” масжидига ташрифи чоғида ана шу мавзуда гўзал маъруза қилдилар. Кейин намозхонларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар. Бундан намозхонлар миннатдор бўлдилар.
Шундан сўнг Салоҳиддин домла жума намозини жамоат билан адо этиб, якунда Ҳақ таолодан юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини сўраб хайрли дуолар қилдилар.



Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хихмати
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади.
Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар жабҳада олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Диний идора тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда жами 700 нафар педагог ва соҳа мутахассиси, жумладан, 300 нафар иштирокчи бевосита анжуман залида, 400 нафар иштирокчи эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашади.
Анжумандан кўзланган мақсад соҳадаги истиқболли режаларни муҳокама қилиш, диний таълимда педагогик ва касбий маҳоратни ошириш, таълим жараёнига замонавий технологияларни янада кенг татбиқ этиш ҳамда диний таълимни янги босқичга олиб чиқишдир.
Дастур доирасида соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий маърузалар, таниқли профессорлар томонидан маҳорат дарслари, илмий-методик машғулотлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишиб, Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати