Ислом молияси шартларига риоя қилиб сармоя киритиш модели ўз пулларини ахлоқий ва барқарор ишлатишга интиладиган инвесторлар учун табиий жараён ва бутун дунёда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда ёрдам берадиган асосий йўл бўлиши мумкин.
Ислом молияси бугунги "фойда барча нарсадан устун" деган қарашга бошқача ёндашади. У хавфи оз бўлган молиялаштиришни биринчи ўринга қўяди ва чўчқа гўшти, алкогол ва қимор каби бозорлардан қочади, фоизларни тўлашни тақиқлайди ва бошқарувнинг ахлоқий жиҳатларига эътибор беради. Бироқ бу муқобил сармоявий ёндашув нафақат ўсишга тўсқинлик қилмайди, балки тез суръатлар билан ривожланаётган соҳага айланмоқда, деди Moody's ESG Solutions Group шериклик ва ҳамкорлик бўйича катта вице -президенти Мартина Макферсон Arab News агентлигига берган интервьюсида.
«Келгуси ўн йилликда ислом молияси минтақа ва активлар тоифаси бўйича кенгайишда давом этади. Ислом молияси ва шариат талабларига мувофиқ инвестицияларни БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқлаштириш имконияти мавжуд», деган у.
Барқарор ривожланиш мақсадлари БМТ томонидан 2030 йилга қадар бутун жаҳонда 17 та мақсадни амалга ошириш орқали адолатли ва фаровон, "ҳамма учун яхшироқ ва барқарор келажак учун режа" сифатида ишлаб чиқилган. Ислом молиясининг муқобил сармоя модели сифатида пайдо бўлиши бу мақсадларга икки йўл билан ёрдам беради: барқарор ва ахлоқий имкониятларни очиш ва таваккалчиликни камайтириш.
"Барқарор ривожланиш мақсадлари ва ислом молияси умумий қадриятлар ва муштарак тамойилларга эга", деган Мартина Макферсон. "Улар ахлоқий жиҳатдан боғланган, активлар билан таъминланган, хавф ва имкониятларни бошқаришга қаратилган ва яхши бошқарув ва манфаатдор томонларнинг таъсирига қаратилган."
Саудия Арабистонининг 2030 йилги режаси бўйича барқарор ривожланишнинг асосий мақсадларидан бири иқлим ўзгаришига қарши курашишдир ва бу "Ислом молиясининг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан мувофиқлаштиришнинг асосий йўналишларидан биридир", деган Макферсон.
azon.uz
Муқаддас Рамазон ойи муносабати билан муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан хорижда яшаётган ватандошлар учун кенг кўламли ифторлик ва маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Жорий йилда ушбу эзгу ташаббус доирасида 50 шаҳарни қамраб олиниб, хорижда меҳнат қилаётган, таълим олаётган ва доимий яшаб келаётган юртдошларимизни бирлаштирмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Макка, Мадина, Сеул, Истанбул, Анқара, Қоҳира, Аммон, Куала-Лумпур, Вашингтон, Нью-Йорк, Торонто каби йирик шаҳарларда ифторликлар ўтказилмоқда. Шунингдек, ватандошлар ҳомийлигида Даллас, Филаделфия, Орландо, Новосибирск, Томск ва Екатеринбург шаҳарларида ҳам ифторликлар ташкил этилмоқда.
Мазкур хайрли ишлар мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари орқали Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
Уларда таниқли уламолар ва имом-хатиблар иштирок этиб, динимизнинг инсонпарварлик моҳияти, миллий қадриятлар тараннуми, Ватанга муҳаббат ва ёт ғоялардан сақланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу вақтгача Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан хизмат сафарига юборилган имом-хатиблар томонидан АҚШ, Россия ва Жанубий Кореяда 90 та маърифий суҳбат ва таровеҳ намозлари ўтказилиб, уларда 15 мингдан зиёд ватандошимиз иштирок этди.
Маърифий суҳбатлар юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шукроналик, гўзал ахлоқ, ўзаро ҳурмат, миллий қадриятларга эҳтиром, Ватанга муҳаббат ва турли ёт оқимлардан сақланиш каби мавзуларни ўз ичига олган.
Мазкур тадбирлардан кўзланган мақсад хориждаги ватандошларимизни маънавий-маърифий қўллаб-қувватлаш, она юрт билан боғлиқлик туйғусини янада мустаҳкамлаш ва юртдошлар ўртасида бирдамликни кучайтиришдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати