Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент вилояти Қибрай тумани "Байтқўрғон" жоме масжиди имом-хатиби Абдуссамад домла Жаббаровнинг падари бузрукворлари Абдуқаҳҳор отанинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Абдуссамад домлага, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
"Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун".
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бугун, 2026 йил 23 ноябрь куни Истанбул шаҳрида Туркия Диёнат ишлари бошқармаси томонидан ташкил этилган «Уммат бирлиги ва глобал муаммолар қаршисида фатво кенгашлари» мавзусида Фатво кенгашларининг халқаро маслаҳат йиғилиши ўз ишини бошлади.
Ушбу нуфузли халқаро анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий — Идора ҳузуридаги Фатво маркази директори Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги делегация иштирок этмоқда.
Анжуманда БАА Фатво кенгаши вакиллари, Яман вақф ва иршод вазири Туркий Абдуллоҳ Али ал-Вадеий, Фаластин Олий суд кенгаши раиси, бош қозиси Маҳмуд Сидқий Абдурраҳмон Ал-Ҳаббош, Сурия муфтийси, Фатво кенгаши раиси Усома Ар-Рифоий, Ливан муфтийси Муҳаммад Абдуллатиф Дариён каби вазирлар, муфтийлар, фатво кенгашлари раҳбарлари ҳамда таниқли уламолар қатнашмоқда.
Йиғилишнинг тантанали очилиш маросими “Аё София” жоме масжиди имом-хатиби Бунямин Тўпчу ўғлунинг Қуръони карим тиловати билан бошланди. Шундан сўнг Туркия Республикаси Диёнат ишлари бошқармаси раиси, профессор, доктор Сафий Арпагуш кириш сўзи билан иштирокчиларни қутлади.
Ушбу халқаро маслаҳат йиғилиши ахборот хуружлари ва турли ғоявий таҳдидлар кучайган бугунги глобал шароитда Ислом умматининг бирлигини мустаҳкамлаш ҳамда жамиятда юзага келаётган фатво тарқоқлиги ва илмсизликка асосланган чалкаш фикрларнинг олдини олиш нуқтаи назаридан ниҳоятда долзарб аҳамият касб этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати