Озиқ-овқат, рюкзак ва мактаб ўқув анжомларини тарқатиш орқали етакчи америка мусулмон хайрия гуруҳи жамиятнинг кам таъминланган аъзоларига ажойиб тарзда ёрдам бермоқда. 2021 йил бошидан бери Шимолий Америка Ислом доираси (ICNA Relief)нинг Чикаго филиали 200 000 нафардан ортиқ муҳтожларга 25 000 фунтдан кўп озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатди. 31 июлдан 7 августгача ташкилот Ийд Ал-Адҳа учун совға қилинган 20 000 фунтдан ортиқ янги гўшт тарқатади.
Islam.ru хабарига кўра, ташкилот, шунингдек, ўқувчиларни имкониятини кенгайтириш учун йиллик Back2School кампанияси доирасида рюкзак ва мактаб ўқув анжомларини тарқатади.
"Шуни таъкидлаш муҳимки, америкалик болаларнинг 20 фоизи қашшоқлик чизиғидан пастда яшайди. Биз мактабга болаларни олиш учун бизнинг саъй-ҳаракатлари фақат рюкзак ва ўқув анжомлардан анча кўп, деб биламан, кам таъминланган оилалар учун бу бизнинг муҳаббат ва ғамхўрлигимизни ҳис қилиш учун имкониятдир", - дейди ICNA Relief хайрия ташкилотининг минтақавий раҳбари доктор Сайма Азфар.
ICNA Relief ҳаракатлари Чикаго ҳудуди билан чекланиб қолган эмас. Ўтган икки ҳафта мобайнида хайрия ташкилоти Хьюстон, Жанубий Флорида ва Нью-Йоркда муҳтожларга юзлаб фунт гўшт тарқатди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Зуннун Мисрий раҳимаҳуллоҳдан ҳикоя қилинади: “Аллоҳнинг Байтини ҳаж қилиш мақсадида йўлга чиқдим. Сафар асносида йўлдан адашдим. Бир пайт йўл устига ташлаб қўйилган кишига кўзим тушди. У шу туришда ўлимини кутиб яшаётгандек эди.
Бориб, салом бердим. Саломимга алик олди. “Ёнингизда туришимни хоҳлайсиз-ми?” деб сўрадим. “Сени нима қиламан?” деди ҳайрон бўлиб. “Сизга суҳбатдош, улфат бўламан”, дедим.
“Сенда мен учун қанақа улфатлик бор?!” деб сўради. “Агар бемор бўлсангиз, хизматингизда бўламан”, дедим. У: “Менга Кифоя қилувчи, Рост сўзловчи, аҳволимни Билувчи Зот бор. Ким Уни дўст деб билмаса, ундай кимсага бошқа улфат, суҳбатдош, дўст йўқ” деди.
“Менга яхшилик турларидан бирортасини ўргатинг ёки бирор насиҳат қилинг, эшитиб, амал қилай” дедим. Шунда у бошини кўтариб менга қаради ва: “Эй биродарим! Ўзингни ўз нафсингдан сақла! Қалбингга бирор иллат киришидан эҳтиёт бўл! Агар бир маъсиятни қилмоқчи бўлсанг, бошингни юқорига кўтар! Кимга қарши бўлаётганингни, Кимга журъат қилаётганингни, Кимга қарши уруш бошлаётганингни бил! Аллоҳга исён қилган кимса, Унга қарши урушган кимса бўлиб қолишини билмайсан-ми?! Қилиб турган солиҳ амалларингда бардавом бўл! Белингни маҳкам боғла! Сени бу дунёдан кетказилишидан олдин ўзинг Аллоҳ сари юзлан! Жаҳаннам муридларнинг кечаларини бедор қилганини, обидларнинг қалбларини жароҳатлаганини билмайсан-ми?! У Зот Китобида уларни мақтаб бундай деган:
كَانُوا قَلِيلاً مِّنَ اللَّيْلِ مَا يَهْجَعُونَ
“Улар кечалари оз ухлар эдилар”.
وَبِالْأَسْحَارِ هُمْ يَسْتَغْفِرُونَ
“Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар” (Зарият сураси, 17-18-оятлар).
У ушбу оятларни ўқидию, қичқириб юборди. Шу заҳоти жони узилди. У кишига ўхшаган етук кишини кўрмадим. Аллоҳ раҳматига олсин!”.
Аҳмад ибн Иброҳим Саълабийнинг
"Қуръон ошиқлари" китобидан олинди