“Оқил” арабча сўз бўлиб, у ўзбек тилида “ақлли”, “ақл эгаси”, “фаросатли” деган маъноларни англатади. “Оқил” сўзи “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да бундай изоҳланади: “Оқил (арабча) - ақлли, фаросатли, баъмаъни”. Маълумки, ўз ақлига суяниб иш қиладиган кишини оқил киши дейилади. Оқил кишининг ўз фикри ва хулосаси бўлади. У ҳаётдаги барча ишларини фойда-ю зарарга қараб, ҳар бир нарсани ҳисоб-китоб билан бажаради.
“Доно” сўзи эса ўзбек тилига форс тилидан ўзлашган сўз ҳисобланади. У ўзбек тилида “донишманд”, “билимдон”, “ҳикматли” деган маъноларни англатади. “Доно” сўзи “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” да: “Доно (форсча) билувчи, билимдон, донишманд” деб изоҳланади. Юқори даражада билим, тажрибага ва ҳикматга эга бўлган киши доно дейилади.
Хўш, оқил билан доно кишининг нима фарқи бор?
Оқил киши бирор ёмон вазиятга тушиб қолса, бу вазиятдан тўғри хулоса чиқариб, ақлини ишлатиб ўзини ёмон ҳолатдан қутқазади. Дононинг оқилдан фарқи шуки, доно киши ўзини билими ва тажрибасидан келиб чиқиб, ўзини ёмон вазиятларга тушиб қолиш эҳтимоли бор жой ва ҳолатлардан асрайди.
Р. Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Қашқадарё вилояти вакиллиги ходими
#xabar #anjuman #muftiy
Жорий йилнинг 10-13 сентябрь кунлари Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг VI йиғилиши Бишкек шаҳрида бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Туркия диёнат ишлари бошқармаси раиси, доктор Али Эрбош, Озарбайжон мусулмонлари идораси раиси, шайхулислом Оллоҳшукур Пошозода, Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, бош муфтий Наврўзбой ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Абдулазиз қори Зокиров қатнашади.
Анжуман доирасида Туркий давлатлар муфтийлари кенгаши ҳузуридаги Фатволар кенгаши ҳайъатининг мажлиси, «Имом Сирожиддин Ўший ва унинг исломий илмларга қўшган ҳиссаси» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция, икки томонлама музокаралар, муборак қадамжоларга зиёратлар режалаштирилган.
Ушбу халқаро тадбирларда уммат бирлигини таъминлаш, туркий дунё диний идоралари ва мусулмонлари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, глобал муаммоларга биргаликда ечим топиш ва Ислом дини софлигини асраш каби муҳим масалалар муҳокама қилинади.
Маълумот ўрнида, Туркий давлатлар ташкилоти таркибига Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон киради. Венгрия ва Туркманистон унинг фаолияти кузатувчиси ҳисобланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати