Нуайм ибн Масъуд Ашжаий Ғатафоний. У Хандақ ғазотидан олдин имонга келиб, топқирлиги ва уддабуронлиги боис қон тўкилишининг олдини олган.
Куняси: Абу Салама Ашжаъий. Нуайм ибн Масъуд заковатли, ҳассос қалбли, тадбирли йигит эди. У уддабурон ва топқирлиги билан бошқалардан ажралиб турарди. Бироқ у дунё лаззатларини яхши кўрарди. Оромбахш қўшиқ эшитгиси келса, Наждни тарк этиб Ясрибга борарди, кўнгилхушликларга пулини аямасди. Шу боис ясрибликлар, айниқса, Бани Қурайза билан ош-қатиқ бўлиб кетганди.
Аллоҳ таоло Набий алайҳиссаломни ҳақ дин ва ҳидоят билан юборганда Нуайм ибн Масъуд одатича дунё лаззатларига берилган эди. У баъзи қурайшликлар каби янги динни қабул қилишдан воз кечди. Ҳатто Мадинага бостириб келган Абу Суфён бошлиқ лашкар таркибидаги Нажднинг Ғатафон қабиласи лашкари сафида Нуайм ҳам бор эди.
Ўшанда мусулмонлар уларни шаҳар атрофига хандақлар қазиб кутиб олишди. Воқеани Нуаймнинг ўзи бундай ҳикоя қилади:
«Мен Бани қурайзалик Каъб ибн Асадникига бориб бир неча кун шаробидан ичиб, таомидан еб, меҳмон бўлдим. Кетар чоғим туямга хурмо ортиб беришди. Уни олиб оиламга қайтдим. Бу орада Абу Суфён бошлиқ қурайшликлар ҳамда Ғатафон ва қурайзаликлардан таркиб топган қўшин Пайғамбаримиз алайҳиссаломга қарши юриш бошлади. Мен ҳам қавмим билан бирга бордим. Ўша вақтда ҳали мусулмон эмасдим.
Хандақ воқеасидан олдин ўзим билан ўзим кўп баҳслашдим: “Ҳақ дин олиб келган Пайғамбар ва унинг тарафдорларига қарши курашишга қандай баҳона топаман? Ҳеч бир сабабсиз қон тўкишнинг кимга кераги бор?” деб виждон азобида қолдим. Ниҳоят...
Давоми бор...
"Ҳидоят" журналидан
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги пойтахти Ўмон шаҳридаги Қироллик ислом стратегик тадқиқотлар маркази томонидан ҳар йили эълон қилинадиган рейтингда дунёнинг энг нуфузли 50 нафар мусулмони рўйхатига киритилди.
Унда муҳтарам Юртбошимиз раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, халқаро ҳамкорлик ва минтақавий дипломатияни ривожлантириш, таълим ва маданият соҳаларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, бой исломий меросни асраб-авайлаш ва жаҳон миқёсида тарғиб этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар алоҳида қайд этилган.
Мазкур эътироф Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, хусусан, диний-маърифий соҳани ривожлантириш, миллий ва диний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар халқаро миқёсда тан олинаётганининг яна бир амалий ифодасидир.
Зеро, бугун мамлакатимизда ҳақиқатдан ҳам диний-маърифий соҳани ривожлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, соҳа вакилларининг илмий салоҳиятини ошириш ҳамда халқаро ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Халқаро ислом академияси, диний таълим муассасалари, илмий мактаб ва марказлар фаолияти тобора кенгайиб бормоқда.
Улуғ алломаларнинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш, тарихий қадамжоларни ободонлаштириш, зиёрат туризмини ривожлантириш ишлари изчил давом этмоқда. Мамлакатимизда турли диний конфессияларнинг эркин фаолият юритиши таъминланиб, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлаш йўлида мунтазам мулоқотлар олиб борилмоқда.
Намозларни эмин-эркин адо этиш, ҳайит байрамларини нишонлаш, ҳаж ва умра зиёратларини ташкил этиш учун яратилган кенг имкониятлар ҳам ушбу ислоҳотларнинг ажралмас қисмига айланган.
Юртбошимизнинг мана шундай эътирофга сазовар бўлишлари яхшилик амалларнинг бу оламда ҳам жавобсиз қолмаслигига бир ишорадир. Зеро Аллоҳ таоло ҳам Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
“Албатта, иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларга Роҳман (одамлар қалбида) муҳаббат пайдо қилур” (Марям сураси, 96-оят).
Инсон Аллоҳ розилиги учун хайрли иш қилса, Аллоҳ унинг яхшилигини бандалари қалбига солиб қўяди. Одамлар уни яхши кўриб, эътироф этади.
Мамлакатимиз раҳбарининг нафақат мана шу юрт, халқ, балки бошқа халқлар тинчлиги, фаровонлиги йўлида қилаётган беқиёс хайрли амалларига Аллоҳ таоло улкан ажр-мукофотлар ато этсин!
Зайниддин домла ЭШОНҚУЛОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари