МУНОСАБАТ
Дин ва эътиқод масалалари инсон маънавиятининг узвий қисмидир. Мазкур масалаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида чуқур ва асосланган билимларга эга бўлиш ҳаётий-амалий фаолиятни тўғри ташкил этишга хизмат қилади. Шу билан бирга, виждон эркинлиги ҳар бир шахснинг табиий ҳуқуқ ва эркинликлар сирасига кирувчи ажралмас ҳуқуқларидан биридир. Виждон эркинлиги инсоннинг энг муҳим ҳақларидан бўлса-да, қонунда ўз ифодасини топиб, муҳофаза остига олингандагина чин маънода ҳуқуқ даражасига кўтарилади. Акс ҳолда шахснинг қалб кечинмаларини ифодаловчи бу ҳуқуқ ҳақиқий маъносини йўқотади.
Конституциямиздаги норма асосида виждон эркинлиги уч жиҳатни англатадиган ҳуқуқий категория сифатида намоён бўлади:
— муайян шахс худога ишониши, хоҳлаган динига эътиқод қилиши мумкин;
— худога ва динга ишонмаслиги, уларга нисбатан бетараф бўлиши мумкин;
— даҳрий, яъни ҳеч бир динга эътиқод қилмайгина қолмасдан, балки уларни инкор этиши мумкин.
Бу виждон эркинлиги ҳуқуқи айнан шу масалалар билан чекланади, дегани эмас. Одатда конституция давлатнинг асосий қонуни ҳисобланиб, ёритиладиган норманинг умумий жиҳатларини ўзида қамраб олади. Конституция асосида қабул қилинган қонун ва қонун ости ҳужжатларда норма кенгроқ ёритилади ва шарҳланади. Конституциядаги 31-модда янги таҳрирда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддаси биринчи ва иккинчи бандларида кенгроқ очиб берилган. Унда айтилишича, “Виждон эркинлиги — бу фуқароларнинг хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик бўйича кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир.
Фуқаро динга эътиқод қилишга ёки эътиқод қилмасликка, ибодатларда, диний расм-русумлар ва маросимларда иштирок этишга ёки иштирок этмасликка, диний таълим олишга нисбатан ўз муносабатини белгилаётганда уни у ёки бу тарзда мажбурлашга йўл қўйилмайди”.
Демак, виждон эркинлиги фақат худога ишониш ёки ишонмасликдан ташқари, ибодат қилиш, диний расм-русумлар ва маросимларда иштирок этиш ёки этмаслик эркини, шунингдек, диний таъ лим олиш ёки олмасликни ўз ихтиёри асосида белгилаш ҳуқуқларини ҳам ўз ичига олади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси демократик принципларга содиқлиги ифодаси сифатда виждон эркинлигини таъминлашнинг асосий устуворликлари қуйидагилардан иборат деб белгиланди:
— фуқароларнинг динга муносабатидан қатъи назар, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўймаган ҳолда, уларнинг виждон эркинлигига бўлган ўз ҳуқуқларини амалга ошириши учун тенг шарт-шароитлар яратиш;
— конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, жамиятда диний бағрикенгликни таъминлаш;
— виждон эркинлигини таъминлашда дунёвий давлат қурилишини сақлаб қолиш;
— виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунчиликка фуқаролар ҳамда диний ташкилотлар томонидан риоя этилишини таъминлаш;
— жамоат тартибига, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг соғлиғи ва ахлоқига, ҳуқуқ ва эркинликларига таҳдид солувчи диний ғоялар ҳамда қарашларнинг сингдирилиши ва тарқатилишига қарши курашиш;
— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита виждон эркинлигини, шунингдек, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунчиликнинг амалда изчил ҳамда бир хил тарзда қўлланилишини таъминлашга доир чораларнинг амалга оширилиши учун масъул бўлган ваколатли давлат органидир.
Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги нормаларнинг қонунчиликка киритилиши натижасида диёримизда расмий фао лият юритаётган барча дин вакилларига катта имкониятлар яратилди.
Ҳукуматимиз томонидан турли диний ташкилотларнинг ўз фаолиятини амалга ошириш ва мамлакат ҳаётида фаол иштирок этиши учун барча шарт-шароитлар яратиб берилди. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг марказий телевидение орқали маънавий-маърифий кўрсатувларни бериб бориши, машҳур диний арбобларнинг таваллудига бағишланган анжуманларнинг кенг кўламда нишонланиши каби тадбирларни айтиб ўтиш ўринлидир.
Афсуски, яратилган имкониятларга қарамай, халқимизнинг бағрикенглигини суиистеъмол қилган айрим тоифалар сиёсий ва экстремистик мақсадларни кўзлаб, халқимиз учун ёт ғоя ва қарашларни ёқлаб чиқишлари баробарида уламоларни ҳақоратлаш, имомлар билан масала талашиш, уларни обрўсизлантириш ҳамда бошқа мазҳаб вакилларига шаклан тақлид қилиш каби ҳолатлар кузатилмоқда.
Ўз навбатида, амалдаги қонунчиликда бундай ҳуқуқбузарликларга нисбатан муайян жазо чоралари ҳам назарда тутилган. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Жиноят кодексининг бир қатор моддаларида виждон эркинлиги борасидаги қонунчиликни бузганлик учун жазо санкциялари белгиланган.
Хулоса қилиб айтганда, янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунни ҳаётга татбиқ этиш ва соҳага оид амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар натижасида диний ташкилотларни рўйхатга олиш ҳамда уларга раҳбарлик қилиш, ноанъанавий диний оқимлар ёйилиб кетишининг олдини олиш, диний таълим тизимини такомиллаштириш, шунингдек, диний адабиётларни чоп этиш ва тарқатиш каби диний ҳаёт барқарорлигини таъминлашга қаратилган вазифаларни бажариш учун замон талабларига мос ҳуқуқий механизм яратилди.
Содиқ ТОШБОЕВ,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Дин ишлари бўйича қўмита раиси
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021-йил 13-июл, №141
Абдурраззоқ Санъоний айтади: Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум намоз учун таҳорат қилаётган эди. Шу пайт сув қуйиб турган жория қўлидан обдаста тушиб кетиб, унинг юзига озгина шикаст етказди. Али ибн Ҳусайн бошини кўтариб, жорияга қаради. Жория вазиятни юмшатиш мақсадида Қуръони карим оятларидан ўқиди: “... Ғазабларини ютадиган...” (Оли Имрон сураси, 134-оят). Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум жимгина жавоб берди: “Ғазабимни босдим”.
Жория оятнинг давомини ўқиди: “...одамлар-ни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир...”.
У киши деди: “Мен сени афв этдим”.
Жория оятнинг охирини ўқиди: “Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар”.
Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум деди: “Бор, сен Аллох йўлида озодсан”.
Абдуллоҳ ибн Ато айтади: “Али ибн Ҳусайннинг бир ғуломи (қули) хатога йўл қўйди ва жазога лойиқ бўлди. Али ибн Ҳусайн қамчини олди. Сўнг у зот бундай оятни ўқиди: “(Эй Муҳаммад!) Имон келтирган кишиларга айтинг, улар Аллоҳ кунлари (қиёмат)дан умид қилмайдиган кимсаларни кечириб юбораверсинлар! Шунда (у сабрли) кишиларни қилган ишлари (кечиришлари) сабабли мукофотлагай!” (Жосия сураси, 14-оят).
Қул эса деди: “Мен бундай эмасман, мен Аллоҳнинг раҳматидан умидворман ва унинг азобидан қўрқаман”.
Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум қамчини ташлаб юборди ва деди: “Сен Аллоҳ йўлида озодсан”.
Мусо ибн Довуд айтади: Али ибн Ҳусайн хизматкорини икки марта чакирди, у жавоб бермади. Учинчи марта чақиргач жавоб қилди. Али ибн Ҳусайн унга деди: “Эй ўғлим, овозимни эшитмадингми?”.
Хизматкор: “Эшитдим”, деди.
Али ибн Ҳусайн сўради: “Нега жавоб бермадинг?”.
Хизматкор: “Сизнинг шафқатингизга ишондим”, деди.
Абдулғофир ибн Қосим айтади: Али ибн Ҳусайн масжиддан чиқиб кетаётган эди. Бир одам келиб уни ҳақорат қилди. Шунда Алининг хизматкор ва қуллари унга ташланишди.
Али ибн Ҳусайн уларни тўхтатди ва бундай деди: “Бас қилинглар, унинг ҳолатига қаранглар”.
Сўнгра ўша одамга деди: “Бизда сиз билмаган яна кўп нарсалар бор. Агар сизга ёрдам керак бўлса, айтинг, ёрдам берайлик”. Ўша одам хатосини англаб, уялди ва ортига қайтди.
Али ибн Ҳусайн уни ёнига чақириб, ўзи кийиб турган чакмонини елкасига ташлади ва минг дирҳам пул бердирди.
Абу Яъқуб Музаний дейди: Ҳасан ибн Ҳасан билан Али ибн Ҳусайн ўртасида бир оз нохушлик бўлиб қолди. Ҳасан бир куни масжидда Али ибн Ҳусайннинг ёнига келди, уни турли сўзлар билан ҳақорат қилди. Али ибн Ҳусайн эса унга бир оғиз ҳам жавоб қайтармади.
Сўнгра Ҳасан чиқиб кетди. Кечаси у алининг уйига борди ва эшигини қоқди. Али ибн Ҳусайн эшикни очиб чиқди. Ҳасан унга:
- Эй ака, агар сиз ҳақиқатан ҳам мен айтганларимдек бўлсангиз, Аллоҳ мени мағфират қилсин. Агар мен ёлғончи бўлсам, Аллох сизни мағфират қилсин, деди ва кетди.
Али ибн Ҳусайн ортидан бориб, етиб олди ва уни оғушига олди. Иккови йиғлаб юборишди. Шунда Ҳасан:
- Қасамки, энди сиз хафа бўладиган бирон иш қилмайман, - деди.
Али эса унга: - Сен ҳам менга айтган сўзла ринг учун ҳалолликдасан,- деди.
Ибн Аби Дунё ривоят қилади: Али ибн Ҳусайннинг хизматкори шошган ҳолда ошхонадан темир печни олиб келаётган эди. Кутилмаганда темир печ тушиб кетди кетди ва нариги томондан пастга тушиб келаётган Али ибн Ҳусайн ўғлининг бошига тегиб, жароҳат етказди. Оқибатда у ҳалок бўлди. Меҳмонлар билан суҳбатлашиб ўтирган Али ибн Ҳусайн ўрнидан сакраб туриб, хизматкорга деди: “Сен озодсан. Бу ишни қасддан қилмаганингни биламан”. Сўнгра Али ибн Ҳусайн маййитни дафн этиш тадоригини кўрди.
Шайх Маҳмуд МИСРИЙнинг “Солиҳ ва солиҳалар ҳаётларидан қиссалар”
номли асаридан Илёсхон АҲМЕДОВ таржимаси.