Россия Федерацияси Мусулмонлари диний идораси ва Россельхозбанк биргаликда ҳалол озиқ-овқат саноатини ривожлантириш ва ҳалол маҳсулотларни ислом дунёси мамлакатларига экспорт қилишни оширишга келишиб олди.
Islamisemya.com хабарига кўра, тегишли келишув бир кун аввал ушбу ташкилотлар раҳбарлари – Равил Гайнутдин ва Борис Листов томонидан имзоланган эди. Банк раиси кредит муассасаси Россияда ҳалол маҳсулотлар тарғиботига катта эътибор қаратаётганини таъкидлади.
Ушбу саъй-ҳаракатларнинг бир қисми сифатида банк ҳалол маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар учун «Своё.Фермерство» рақамли экотизимини яратди . Ушбу лойиҳа нафақат Россиянинг кўп миллионли мусулмон аҳолиси, балки бошқа давлатлардаги икки миллиарддан ортиқ диндошларини ҳам ҳалол маҳсулотлар билан таъминлаш имконини беради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
#xabar #muftiy #juma
Бугун, 18 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари жума намозини Тошкент шаҳридaги "Яккасарой" жоме масжидида адо қилдилар.
Муфтий ҳазратлари жамоат намозидан олдин йиғилганларга “Ўзганинг ҳаққидан ҳазар қилайлик!” мавзусида манфаатли суҳбат қилиб бердилар.
Мавъизада бугунги кунда бировнинг молини нотўғри йўл билан ейиш ва ўзганинг хаққига хиёнат қилишдек оғир гуноҳлар, жумладан, қарзини қайтармаслик, тарозидан уриш, муаллифлик ҳуқуқини поймол қилиш, порахўрлик, қиморбозлик, фирибгарлик каби иллатлардан ҳазар қилиш лозимлигини қатъий таъкидладилар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қуръони каримдаги: “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз!...” (Нисо сураси, 29) оятини шарҳлаш асносида Аллоҳ таоло инсониятни Ер юзида ҳалол ризқ талаб қилишга амр этгани, унинг акси бўлмиш ҳаромдан ҳазар қилишга буюргани ҳамда ҳалол ва ҳаром нарсаларни очиқ баён қилганини айтиб ўтдилар.
Суҳбат якунида Ҳақ таолодан элу юртимиз тинчлик-фаровонлиги ва ҳалол-пок молу давлат топиш, ноҳақ-ботил йўллар орқали келадиган моллардан асрашини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати