#xabar #namangan #talaba
Шу йил 11 апрель куни Наманган вилоятида имом-хатиблар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган семинар бўлиб ўтди.
Тадбир давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Тўрақўрғон тумани мисолида масжидлар бошқаруви ва маънавий-маърифий ишлар ҳолатини ўрганди. Шунингдек, диний соҳа ходимлари олдига қўйилган муҳим вазифалар ва янгича ишлаш тизими тақдимот қилинди.
Амалий кўмак ва маънавий тарғибот ишчи гуруҳ аъзолари 20 та маҳалладаги 100 та хонадонга ташриф буюриб, аҳоли билан яқиндан суҳбатлашдилар.
Ушбу ташрифлар давомида "Вақф" фонди томонидан 100 та оилага озиқ-овқат маҳсулотлари ва хурмолар улашилди, низоли вазиятлар ўрганилиб, 9 та оила яраштирилди, кам таъминланган, бемор ва етимли хонадонларга моддий ҳамда маънавий кўмак берилди, меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олинди.
Шунингдек, ҳудудда ободонлаштириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, «Яшил макон» лойиҳаси доирасида 100 га яқин кўчат ўтқазилди.
Семинарнинг бир қисми масжидларда "Яшил энергия" манбаларини жорий этиш ва молиявий шаффофликни таъминлашга бағишланди. Унда иштирокчиларга энергия тежамкорлиги бўйича зарур тавсиялар берилди.
Алоҳида қайд этиш жоизки, имом-хатиблар фаолиятини баҳолашда янги KPI тизими тақдимот қилинди. Бу имомларнинг меҳнатини муносиб баҳолаш ва фаолият самарадорлигини доимий назорат қилиш имконини беради.
Сафар асносида "Ҳидоя" ислом таълим муассасасининг 8 нафар талабасига 36 млн сўмлик шартнома пуллари тўлаб берилди. Шунингдек, вилоятдаги 48-сонли махсус мактаб-интернат тарбияланувчиларига китоб ва совғалар улашилди.
Ташриф давомида Диний идора раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов ва масъул вакиллари битирувчи курс талабалари билан учрашиб, уларни ишга тақсимот қилиш ва соҳадаги илк фаолиятларини бошлаш бўйича йўл-йўриқлар кўрсатди.
Тадбир якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Олий ҳайъат кенгашида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати