Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Июн, 2025   |   12 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:50
Пешин
12:27
Аср
17:36
Шом
19:58
Хуфтон
21:35
Bismillah
08 Июн, 2025, 12 Зулҳижжа, 1446

Исломда сабр ва шукр масаласи

05.07.2021   2864   3 min.
Исломда сабр ва шукр масаласи

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин!
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин!

Инсон бу дунёда яшар экан, икки ҳолатнинг бирида бўлиши тақозо қилинади. Неъматлар ва хотиржамлик ичида бўлганда, шукр қилади ёки мусибат ва қийинчиликлар вақтида сабр қилади. Шукр ва сабр соҳиби қарам бўлиб эмас, ўзига ҳокимлик ҳисси билан яшайди. Бу фазилатлар тоқатли бўлиш, вазминлик, босиқлик каби инсоний хислатларни ўзида жамлайди. Бу хислатлар инсонни эзгуликка, эзгулик эса комилликка етаклайди. Шунинг учун инсон етукликка эришиши, турмушининг мазмунли ўтиши, ҳаёт маъносини теран тушуниши учун сабрли ва шукрли бўлиши жуда муҳим саналади. 

Киши нафс талаби, кўнгил орзуларини сабр орқалигина чегаралай олади. Шу боис, ҳадиси шарифда сабр имоннинг ярмидир, дейилади. Сабр ва шукр икки дунё саодатининг калити ҳисобланади. Агар ҳар бир киши қилаётган ишида сабр ва шукрни дастур қилса, албатта, муваффаққиятга эришади. Зеро, ҳадиси шарифда “мусибат етганда сабр қилувчи, берилган неъматларга шукр қилувчи, бировларнинг қилмишларини кечирувчи, ўзи бировга зулм етказса, тавба қилувчи кишиларга хотиржамлик ва ҳидоят адо этилур” дейилади.

Инсон ҳар бир ишни сабр билан олиб борса, борига шукр, йўғига қаноат қилса мақсадига эришади, тинч ва осуда ҳаёт кечиради. Инсонийлик қадрини сақлаш билан бирга, турли ноинсоний йўлларга кириб кетмайди. Инсон ўз етуклигига эришиши, турмушининг фаровон бўлиши, умрининг мазмунли ўтиши, ҳаётнинг маъносини чуқурроқ билиши учун ҳам бу хислатлардан насибадор бўлиши керак.  Шунинг учун  шукр ва сабр киши маънавияти хазинасининг асоси бўлиб,  бунга эришиш иззат ва шараф йўли саналади. 

Улуғларимиз “ғалаба сабр билан биргадир” дейишади. Сабр ғалаба сари етаклайди. Инсон сабр қилгани сайин ҳақ устида тобора муқимроқ ўрнашади. Ҳаёт турли-туман мусибат ва қийинчиликлар билан тўла. Киши улар қаршисида сабот-матонат билан турмас экан, ўзини йўқотиб қўйиши турган гап. Имоннинг афзали-сабр ва бағрикенгликдир.

          Пайғамбаримиз алайҳиссалом уч хил нарсага қасамёд қиладилар: 1. Садақа қилган билан банданинг моли камайиб қолмайди.                              2. Қайси бир бандага зулм билан унинг молига хиёнат қилинса-ю, у унга сабр айласа, албатта Аллоҳ таоло унинг иззат ва шарафини зиёда этади.                         3. Қайси бир банда тиламчилик эшигини очиб қўйса, Аллоҳ таоло унга фақирлик эшигини очиб қўяди.
                Умуман, бу ҳаётда инсон учун сабрдек муҳим ва зарур эҳтиёжни топмоқ мушкул. Биз тоат-ибодат қилишда ҳам, гуноҳ-маъсиятларни тарк этишда ҳам, бало-кулфатларга бардош беришда ҳам сабрга муҳтожмиз. Шу боис, сабр барча қувватлардан устун қўйилди. Аллоҳнинг сабрли бандалари сабр зиёси остида мангу ҳақ йўл соҳибларига айланадилар. Шукр ва фикр қилиш сабр-қаноатнинг чироғи бўлиб, ҳалқимизда “Сабр таги сариқ олтин” деган мақол бежизга айтилмаган.

 

 

Нормурод ШОИМОВ,

Қашқадарё вилояти Китоб тумани “Севаз” жоме масжиди имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Унутилаётган суннатлар (25-суннат): Фарз намозидан кейин Оятул Курсийни ўқиш

16.12.2020   2436   1 min.
Унутилаётган суннатлар (25-суннат): Фарз намозидан кейин Оятул Курсийни ўқиш

 

Абу Умома ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятул Курсийни ўқиса, унинг жаннатга киришини фақат ўлими тўсиб туради", деганлар (Имом Насоий, Имом Табароний ривояти).

Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятул Курсийни ўқиса, келаси намозгача у (банда) Аллоҳнинг ҳимоясида бўлади» (Имом Табароний ривояти).

Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар