ٱللَّهُ وَلِيُّ ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ يُخۡرِجُهُم مِّنَ ٱلظُّلُمَٰتِ إِلَى ٱلنُّورِۖ وَٱلَّذِينَ كَفَرُوٓاْ أَوۡلِيَآؤُهُمُ ٱلطَّٰغُوتُ يُخۡرِجُونَهُم مِّنَ ٱلنُّورِ إِلَى ٱلظُّلُمَٰتِۗ أُوْلَٰٓئِكَ أَصۡحَٰبُ ٱلنَّارِۖ هُمۡ فِيهَا خَٰلِدُونَ٢٥٧
Аллоҳ таоло мўминларнинг дўсти бўлгани учун уларни жоҳиллик зулматларидан ҳидоят нурларига чиқарди, Қуръони карим ва сўнгги Пайғамбарининг суннати билан шарафлади. Аллоҳ таолонинг амр-фармонларига амал қилиш билан жоҳил, қабила-қабила бўлиб яшаган кишилар яна Парвардигор шариатини ушлаб, мукаррам инсонларга айланишди. Инсон Аллоҳ юборган нур, яъни Қуръон ва Суннатни маҳкам тутиб, маънавияти кенг, маданияти юксак бўлди. Руҳан қувватга тўлиб, ўзгаларга бўйсунмайдиган ва ўзгалар бўйсундира олмайдиган музаффар миллатга айланди. Кофирларнинг дўстлари эса тоғут-шайтонлардир. Шу боис улар Аллоҳ нуридан бебаҳра қолиб, моддий жиҳатдан қанчалар ривожланмасин, маънавий жиҳатдан қашшоқлигича қолишаверади. Ўзларининг идроксизликлари, имонсизликлари туфайли мукаррамликни қўлдан бой беришади, хорликка юз тутишади. Алал-оқибат дўзахга маҳкум бўлиб, азоб жойида абадий қолиб кетишади
Савол: Беш вақт намозда имомга иқтидо қилганимизда, Фотиҳа ва зам сураларни ўқимаймиз. Жаноза намозида қандай йўл тутамиз? Унда ҳам қулоқ қоққандан кейин жим турамизми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Жаноза намозида беш вақт намоздан фарқли равишда, имомга иқтидо қилганлар тўрт такбирни ва сано, салавот ҳамда дуоларни ўқийди. Яъни биринчи такбирдан кейин санони, иккинчи такбирдан кейин салавотни, учинчи такбирдан кейин жаноза дуосини ўқийди. Тўрт такбир жаноза намозининг рукни яъни фарз, бошқа зикрлар эса, суннат ҳисобланади. Агар иқтидо қилганлар такбирни ҳам, бошқа зикрларни ҳам айтмай, жим турса, жаноза ўқиган ҳисобланмайди. Агар такбирларни айтса-ю, бошқа зикрларни айтмаса, суннатни тарк этган бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.