Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Тожиддинов Абдусамад
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ғийбат ҳақида Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
– Ғийбат кимнидир унга ёқмайдиган сўзлар билан эслашингдир.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар:
– Ё Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам, мен сўзлаётган нарса ростдан ҳам унда бўлса-чи?
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар:
– Агар сенинг айтганларинг унда бўлса, сен ғийбат қилдинг, агар айтганларинг унда бўлмаса, у ҳолда бўҳтон[1] қилган бўласан. (Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган, Аҳмад, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривояти)
Чақимчилик, миш-миш (намийма) хусусида гапирадиган бўлсак, бу одамлар орасига фитна ва нифоқ солиш мақсадида тарқатиладиган гап-сўзлардир. Шариат намийма (яъни чақимчилик, гап ташишлик, миш-миш тарқатишлик)ни ўта қаттиқ даражада қоралаган. Чунончи, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда бундай деганлар:
“Сизлардан Аллоҳнинг нафратига лойиқроғингиз икки ўртада гап етказиб, биродарлар орасида нифоқ солиб ажратадиганингиздир” (Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган, Ибн Абу Дунё ривояти)
Ғийбат ва намийманинг хавфи
Ҳақиқатда ғийбат ва намийма (гап ташиш) қораланган сифатлардандир. Худди бадани шаръан пок бўлмаган одам ибодатда Яратганга яқинлаша олмаганидек, булар ҳам инсонни Аллоҳга яқинлаштирмайдиган маънавий ёмонликлардир. Аллоҳни мушоҳада этиш йўлига кирган мурид нажот ва Аллоҳ ризосини топиши учун бу каби ички иллатлардан қутулиши мутлақо зарур.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай дейди:
“(Мазкурлар билан қасамёд этаманки) ҳақиқатан, уни (нафсни) поклаган киши нажот топур” (Шамс сураси, 9-оят).
Яъни “кимнинг нафсини Аллоҳ таоло поклаган бўлса” маъносида.
Дарҳақиқат, ғийбат ва намийма муриднинг Ҳақ ризосини топишига халал берувчи энг хавфли тўсиқлардандир.
Олимлар муриднинг яхши амалларини барбод қилишда ҳамда Аллоҳ таолонинг ғазабини қўзғатишда ҳеч бир амал ғийбат ҳамда бировнинг айбу нуқсонини очиб шарманда қилишчалик ёмон эмаслигини уқтириб ўтганлар. Шунинг учун тариқат пирлари талабаларига ўз биродарларининг камчиликлари ҳақида миш-миш тарқатмасликни алоҳида уқтирганлар. Муриднинг бу камчилиги кибру ғурури сабабли қилган бирор бир гуноҳини руёбга чиқариб қўйишлик учун Аллоҳ томонидан олдиндан белгилаб қўйилган тақдир бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Шоядки, шу сабабли мурид тавбаю надомат қилиб катта даражаларга етишса.
Чунончи, Ибн Атоуллоҳ қуддиса сирруҳунинг бу ҳақда бундай сўзлари бор: “Тавбаю надоматга элтувчи гуноҳу исён кибру манманлик келтирувчи тоату ибодатдан афзалдир”.
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.
[1] Бўҳтон ёмонлик жиҳатидан ғийбатданда оғирроқ гуноҳдир. (Муаллиф шарҳи)