Ҳаммамизга маълумки, 21-аср ахборот асридир. Бу асрда ахборот технологиялари шу даражада ривожландики, дунёнинг бир чеккасидаги воқеа шу заҳотиёқ кенг жамоатчиликка етиб боради. Ахборотнинг бундай тезликда тарқалишига интернет глобал тармоғининг кашф қилиниши сабаб бўлди. Ҳозирги даврда ҳаётни интернетсиз тасаввур қилиш қийин. Албатта, ахборот етказишда, инсон билим доирасини кенгайтиришда, бизнес оламида ва бошқа соҳаларда унинг ўрни беқиёс. Лекин интернет омма мафкурасини бузишда, бузғунчи ғоя ва ақидаларни тарқатишда, инсон онгини заҳарлашда ҳам қора кучларни асосий тарғибот манбаси бўлиб қолмоқда. Глобал тармоқнинг салбий характерга эга бўлган бир неча омиллари борки, бу омиллар ҳар бир инсон учун асосий хатар ҳисобланади. Биз қуйида ана шу омилларнинг баъзиларини санаб ўтамиз.
1.Соғлом эътиқодга таҳдид.
Интернет айниқса, ёшларни соғлом эътиқодига тажовуз қилувчи манбалар маконидир. У ерда ўзларини “дўст сановчи” ёки “ҳидоятга бошловчи” қилиб кўрсатувчилар кўп. Аслида уларнинг дин илмидан хабарлари йўқ. Ўз раҳнамоларидан эшитганларини такрорлашдан нарига ўтмайдилар. Улар ўз жоҳилликлари билан бошқаларни ҳам жарга етаклайдилар. Бундай ақидапараст оқимлар тарғиботини олиб бораётган сайтлар сони маълумотларга кўра 7000 дан ошган. “Ал-Қоида”, ИШИД каби террористик ташкилотларнинг тарғибот манбаларининг асосий қисми интернетга тўғри келади. Афсуски бутун дунё бўйлаб илмсиз, эътиқодсиз ёшлар уларнинг ўлжаларига айланмоқда.
2.Турли фитналар макони.
Интернет халқлар, миллатлар орасида низо келтириб чиқарувчи манбалар маконидир. Улар айниқса, ижтимоий тармоқлар орқали кенг фаолиятни йўлга қўйишган. У ерда ёлғон-яшиқ, ирқий камситилишга сабаб бўлувчи хабарлар тарқатилади ва кишиларни оммавий норозилик уюштиришга чақириб фитна қўзғашга ҳаракат қилинади. Фитна ҳар бир ривожланишга интилаётган давлат учун катта ҳалокатдир. Шунинг учун Аллоҳ ўз каломида: “Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир”, деб марҳамат қилади. Шунингдек, диний тушунчалар ҳам бузиб кўрсатилади. Улар “Шаҳид”, “Жиҳод”, “Ҳижрат” каби тушунчаларни баъзи саводсиз “олим” ларнинг фатволарига таяниб бузиб талқин қилишади. Шу йўл билан омма орасида диний асосда низо чиқаришга уринишади. Бу ишлар эса динимизда қатъиян ман қилинган ишлардир.
3.Бекорчилик ва бузуқлик ўчоғи.
Ёшларнинг кўп ҳолларда интернетдан фақат кўнгилочар манба сифатида фойдаланиши ачинарлидир. Бу инсон учун жуда қадрли бўлган вақтнинг беҳуда ўтишига сабаб бўлади. Айниқса, ижтимоий тармоқларда беҳуда вақт ўтказиш, кераксиз нарсаларни томоша қилиш ёшларнинг зеҳнини ўлдиради, фикрлашини сусайтиради. Аслида, кераксиз нарсаларга вақт сарфлаш гуноҳдир. Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадисларида: “Беҳуда ишларни тарк этиш киши исломининг гўзаллигидандир”, деб марҳамат қилганлар. Оммавий маданиятни, айниқса, бузуқчиликни тарғиб қилувчи сайтлар маънавият учун ҳалокатлидир. Бундай сайтлар кишиларни ҳиссиз, атрофидагиларни қадрламайдиган манқуртларга айлантириб қўяди. Бундай бузуқчиликни доимий кўриш қалбни ўлдиради. Ҳикматларда шундай дейилади: “Кўз билан қилинган гуноҳнинг қалбга таъсири катта.Чунки кўз қалб билан боғлиқдир”.
Юқорида санаб ўтилганлар глобал тармоқдаги хатарларнинг баъзилари холос. Лекин ана шу “баъзилари”нинг таъсирига берилиб вайронкорлик билан шуғулланаётганларни, бу вайронкорлик бутун давлатларни ўз домига тортаётганлигини гувоҳи бўлиб турибмиз. Бундай иллатлардан сақланиш, ёшларимизни сақлаш ўзимизнинг қўлимизда. Шу йўл билан юртимиз келажагини, тинч ҳаётимизни асраш учун курашишимиз лозим.
Ф.Сейтимметов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ризо – Аллоҳнинг қазосига мувофиқ кечаётган барча ҳодисаларга нисбатан кўнгилнинг мамнун ва хурсандчилик кайфиятидир. Айнан шунинг учун ҳам Аллоҳнинг барча ҳукмларига рози бўлган банда улуғ мукофотларга сазовор бўлади.
“Қиёмат куни Аллоҳнинг жарчиси унинг номидан баланд овозда:
– Менинг ҳаммадан-да мусаффо бандаларим қаердалар? – деб нидо қилганида фаришталар:
– Сенинг ўша ҳаммадан-да мусаффо бандаларинг кимлардир? – деб сўрайдилар.
Шунда Аллоҳ таоло:
– Улар мен берганга қаноат айлаб, қазоимдан рози бўлганлар, – деб жавоб беради”.
Яна ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай ривоят қилинган экан: “Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга мурожаат қилди: “Менинг олдимда менга яқинлашишлигинг учун қазоимга рози бўлишлигингдан кўра севимлироқ йўл йўқ” (Ибн Аббосдан ривоят қилинган, Мужоҳид ривояти).
Имом Абул Ҳасан Шозалий қуддиса сирруҳу васият қиладилар: “Ўзингнинг хоҳишу иродангдан кечиб, Аллоҳнинг хоҳишу иродаси томон қочгил. Агар кимдир ўзининг ихтиёрича ниманидир хоҳласа, ҳали уни оладими ё йўқми, бу номаълум... Агар ўша хоҳлаган нарсасини олганида ҳам олгани унда қоладими-йўқми, буни билмайди. Агар бордию ўша нарса унда умрининг охиригача қолганида ҳам бунда унинг учун хайр борми ё йўқми, англаш қийин. Модомики, шундай экан, билгилки, яхшилик фақат Аллоҳнинг сен учун ирода ва ихтиёр этган тақдиридагина мавжуддир, холос!”.
Кунлардан бирида ҳазрати Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳунинг ҳузурларида саҳоба Абу Зарр ал-Ғифорий розияллоҳу анҳунинг “Мен учун бой юрганимдан кўра камбағаллигим, соғлигимдан кўра дардмандлигим яхшироқдир” деган сўзларини эслаб бундай дедилар:
– Аллоҳ Абу Заррни раҳматига олган бўлсин, бу гап уларнинг ўзларига хосдир, аммо мен бу ҳақда бундай дейман: “Кимда-ким Аллоҳ ихтиёр этган нарсани энг яхши ихтиёр деб билгувчи бўлса, Унинг ихтиёрининг олдида ўзга ҳеч бир нарсани ихтиёр этмайди” (Ибн Асокир ривояти).
Улуғ саҳобий Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳуга бундай маънода мактуб йўллаганлар: “Барча яхшилик Аллоҳнинг қазосига рози бўлишликда жамлангандир. Агар шундай қилолсанг, қандай ҳам яхши, йўқса, сабрли бўлгин!”.
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.