Хабар берганимиздек, Эрон ташқи ишлар вазири Тошкентда қурилаётган Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, у музей, кўргазма заллари, катта кутубхона, архив, ахборот технологиялари маркази, қўлёзмалар бўлимлари, хаттотлик, ислом мероси сақланадиган жой, қўлёзмаларни тиклаш лабораторияси ва бошқаларни ўз ичига олади.
Жавод Зариф ушбу лойиҳа ёшларга ислом тарихи ва соф қадриятлари билан танишишга ёрдам беришини айтди.
Шунингдек, у марказ исломий қадриятларга ишончни мустаҳкамлашини, экстремизмга қарши курашда ёрдам беришини ва исломнинг зўравонлик ила талқин қилинишининг олдини олишини таъкидлади, дея хабар беради Tasnim News.
Марказ раҳбари Шоазим Миноваров вазир жанобларига ислом қўлёзмаларини асраб-авайлаш ва тарқатиш мақсадида бутун дунё ислом тадқиқотчилари учун барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази ҳақида маълумот берди.
Маълумот учун, Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зариф Марказий Осиё давлатларига сафар қилмоқда. Ўзбекистондан кейин Қирғизистон, Қозоғистон ва Туркманистонга ҳам ташриф буюради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ал-Азҳар университети ҳузуридаги Хорижий талабалар таълимини ривожлантириш марказида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти профессор-ўқитувчилари учун ташкил этилган араб тили бўйича малака ошириш дастури якунланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Икки ҳафта давом этган ўқув курси араб тили ўқитувчиларининг касбий салоҳиятини ошириш, замонавий педагогик ёндашувлар ва тил ўқитишнинг илғор методикаларини ўрганишга қаратилди.
Дастур якунида ўтказилган тантанали маросимда марказ раҳбари, профессор-доктор Наҳла ас-Саидий иштирокчиларга сертификатларни топширди. У мазкур ташаббус Ал-Азҳарнинг араб тилини халқаро миқёсда оммалаштиришга қаратилган лойиҳалари доирасида амалга оширилганини таъкидлади.
Тадбир давомида таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Наҳла ас-Саидий Тошкент ислом институти билан академик алоқаларни мустаҳкамлаш ва қўшма дастурларни амалга ошириш мақсадида ҳамкорлик меморандумини имзолаш ташаббусини илгари сурди.
Ўз навбатида, Тошкент ислом институти вакиллари дастур юқори савияда ташкил этилгани учун Ал-Азҳар университети раҳбариятига миннатдорлик билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати