Нафсни Рамазон рўзасига тайёрлаш усулларидан бири қуйидаги ҳадисда ўз аксини топган:
“Оиша розияллоҳу анҳо айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар. Ҳатто биз, ифтор қилмасалар керак, дер эдик. У зот ифтор қилар эдилар, ҳатто биз, рўза тутмасалар керак, дер эдик. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазондан бошқа ҳеч бир ойда тўлиқ рўза тутганларини кўрмаганман. У зотнинг шаъбондан бошқа ҳеч қайси ойда кўп рўза тутганларини кўрмаганман”.
Бошқа ривоятда бундай дейилган:
“Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳеч бир ойда шаъбондагидек кўп рўза тутганларини кўрмадим. У зот шаъбон ойининг ҳаммасида рўза тутар эдилар. У зот шаъбон ойида фақат саноқли кунлардагина рўза тутмас эдилар".
Бу ҳадисларга мувофиқ, шаъбон ойида рўза тутиш суннат бўлади. Аҳли илм бу ҳақда бундай деган:
"Шаъон ойида рўза тутиш фарз намозларидан олдин ўқиладиган суннат намозларига ўхшайди. Гўёки, у Рамазон ойи рўзаси учун муқаддима вазифасини бажаради. Яъни, шаъбон ойи рўзаси Рамазон ойидаги фарз рўзанинг суннати саналади. Шунинг учун ҳам шаъбон ойида рўза тутиш жорий қилинган. Шаввол ойида олти кун рўза тутиш эса, фарз намозларидан сўнг ўқиладиган суннат намозлари кабидир”.
Ҳозирги ҳолатимиз ва турмуш тарзимизга назар солсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу таълимоти жуда кам ҳолларда амалга татбиқ этилаётганига гувоҳ бўламиз.
Олийлик йўлларини забт этиш учун енг шимарган ва бу улуғ мавсумда улкан фойдалар билан чиқишни ният қилган ҳимматлилар қаерда қолди?!
"Расулуллоҳ Рамазонда" китобидан.
T.me/mehrob_uz
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Мадиналик ансория аёллардан Умму Сулайм розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб:
يا رسولَ اللهِ علِّمْني كلماتٍ أَدْعو بهِنَّ
“Ё Аллоҳнинг Расули, менга шундай калималарни ўргатингки улар билан дуо қилай”, деди.
У зот алайҳиссалом:
قال: تُسبِّحينَ اللهَ عَشْرًا وتَحمَدينَه عَشْرًا وتُكبِّرينَه عَشْرًا ثُم سَلي حاجَتَكِ
“Ўн марта тасбеҳ (“Субҳаналлоҳ”), ўн марта таҳмийд (“Алҳамдулиллаҳ”) ва ўн марта такбир (“Аллоҳу акбар”) айтиб, сўнгра Аллоҳдан ҳожатингни сўрайсан, Шунда Аллоҳ таоло:
فإنَّه يقولُ: قد فعَلْتُ قد فعَلْتُ
“батаҳқиқ амалга оширдим”, “батаҳқиқ амалга оширдим”, деб айтади”, дедилар (Имом Термизий ва Насоий ривояти).
Ушбу ҳадисда саҳобия аёлларнинг илмга рағбати, дуо қилишдан олдин Аллоҳни зикр қилиш лозимлиги, дуонинг ижобат бўлиши каби бир қанча фойдалар мужассам.
Қолаверса, бошқа ҳадисларда бир марта “Алҳамдулиллаҳ” деб айтиш қиёмат куни амаллар тарозисини, “Субҳаналлоҳ” ва “Алҳамдулиллаҳ” дейишнинг савоби эса, ер ва осмон ўртасини тўлдириши баён этилган.
Даврон НУРМУҲАММАД