Бугун муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг барча соҳаларга қаратаётган эътибори ҳаммани бирдек тўлқинлантирмоқда. Юртбошимизнинг вилоятларга сафарлари чоғида аҳоли билан мулоқотларини кузатар эканмиз, бевосита кўзимиздан севинч ёшлари томчилайди. Янгича Ўзбекистонга янги назар билан боқа бошлаймиз.
Сўнгги йилларда хотин-қизларга муносабат янгича мазмун касб этдики, бунинг натижасида муштипар опа-сингилларимиз бугун жамиятнинг турли соҳаларида фидойилик кўрсатиб, Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишяпти.
Муҳтарам Юртбошимиз яқинда ўтказилган хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишида: “Олий маълумотли бўлишни истаган, қобилияти, билими бор, лекин тақдир тақозоси билан орзусига эриша олмаган хотин-қизларни рағбатлантириш тизими жорий қилинади. Яъни, ота-онасининг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг шартнома тўлови ҳокимлик ва олий ўқув юрти ҳисобидан қоплаб берилади”, дея таъкидлади.
Демак, тез орада маърифатли қизлар, билимли аёллар сафи янада кенгаяди. Зотан, ёвузлик устидан эзгулик, разолат устидан адолат, ёмонлик устидан яхшилик ғалаба қозонгани сингари илм ҳам ҳамиша жаҳолатдан устун келган.
Нозик хилқат эгалари – аёллар билан ишлайдиган биз отинойилар ҳам мамлакатиммизда диний-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлардан илҳомланиб, бир нечта хайрли ишларни амалга оширишда қўлни қўлга бериб ишлаяпмиз.
Диний-маърифий, маънавий муҳитни соғломлаштиришда отинойилар билан бир қанча тадбирлар уюштириб, тушунтириш ишлари олиб боряпмиз. Шунингдек, ижтимоий кўмакка муҳтож, ёлғиз ва боқувчисини йўқотган аёллар билан тинмай алоқада бўлиб, турли ёрдамларни кўрсатиб келяпмиз.
Бундан ташқари, оилавий ажримларнинг олдини олиш ва ёш оилаларни сақлаб қолишда етарлича фойдамиз тегяпти. Бу билан тирик етимлар сони ортишига йўл қўйилмаяпти.
Олий, ўрта-махсус ҳамда умумтаълим ўқув масканларига ташриф буюрар эканмиз, ёшлар ўртасида миллий қадриятларни юксалтиришга ҳам қўлдан келганча ўз ҳиссамизни қўшяпмиз. Тўй-маросимларни ихчамлаштиришда, айрим бидъат-хурофотларнинг олдини олишда тинмай меҳнат қилиб келмоқдамиз.
Ана шу камтарона хизматларимиз давлатимиз томонидан юксак рағбатлантирилиб, куни кеча матбуотда эълон қилинган «8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида»ги Президент Фармонига биноан “Шуҳрат” медали билан тақдирландим. Бу мукофот бизни янада руҳлантириб, янги-янги марраларга чорлайди.
Қисқаси, шу ва бошқа фаолиятларимиз билан юртимиз тинчлиги ҳамда фаравонлиги йўлида заррача бўлсин, кўмаклаша олсак, ўзимизни бахтиёр ҳис этамиз.
Ҳанифахон НИШОНОВА,
Янгийўл тумани бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси
Савол: Ўқилган намозимдан кўнглим тўлмади. Шу намозни қайта ўқишим керакми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу масаланинг бироз тафсилоти бўлиб, унга кўра намоз қуйидаги ҳолатларда қайта ўқилиши лозим:
• Намозда бирор фарз амал бажарилмай қолиб кетган бўлса;
• Намозда бирор вожиб амал қасддан бажарилмай қолиб кетса;
• Намозда бирор вожиб амал унутиб бажарилмаса ва намоз охирида саждаи саҳв ҳам қилинмай тугатилган бўлса.
Агар намозда суннат амаллар тарк қилинган бўлса ёки намоз макруҳлик билан ўқилган бўлса, у ҳолда намозни қайта ўқиш вожиб эмас, балки мустаҳаб (чиройли саналган) иш ҳисобланади. Ушбу ҳолатда қайтадан ўқимаса ҳам гуноҳкор саналмайди.
Саволда сўралган ҳолатга келсак, кўнгил тўлмаслиги юқорида санаб ўтилган фарз ёки вожиб амал тарк қилинган ҳолатлар сабабли бўлса, намоз қайта ўқилиши керак. Аммо ҳақиқатда собит бўлмаган шубҳа-гумонлар, васвасалар сабабли кўнгил тўлмаётгандек бўлса, у ҳолда намозни қайта ўқилмайди. Чунки кўп ҳолларда “кўнглим тўлмаяпти”, деб намозни қайта-қайта ўқийвериш инсонни ўзига бўлган ишончини йўқотади ва васваса касалига чалинишига олиб келади.
Шундай экан, намозда бажариладиган фарз, вожиб, суннат амаллар ҳақида яхши ўрганиш, энг асосийси турли хаёлларга чалғимасдан намозни эътибор билан адо этиш лозим бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.