— Масжидда намоз пайти имомга қанча яқин қаторда ўтирса, шунча савоби катта, деб эшитгандим. Шу рост-ми?
— Албатта, аввалги сафга савоб бор. Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сафнинг у бошидан бу бошигача орани тўғрилаб, елкаларимиз ва кўкракларимизни силаб чиқар ва: “Ихтилоф қилманглар, яна қалбларингиз ихтилоф қилиб қолмасин”, дер эдилар. Яна: “Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари биринчи сафларга саловот айтурлар”, дер эдилар” (Имом Абу Довуд, Имом Насоий ривоят қилганлар).
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сафларнинг тўғри бўлишига нафақат оғизда, балки амалда ҳам эътибор берганликлари баён этилмоқда. Сафнинг тўғрилигини кўриш билан кифояланмай, қўллари билан ҳам ушлаб, тўғрилаб чиқишлари шуни кўрсатади. Имомларимиз ҳам ушбу суннатга амал қилишлари керак.
Иккинчидан, сафдаги қинғир-қийшиқлик мусулмонларнинг қалбларидаги эгриликка ҳам сабаб бўлиб қолиши мумкинлиги баён қилинмоқда. Демак, мусулмонлар жамоат намозида сафни тўғри олиб, бир текис тутсалар, қалблари ҳам тўғри бўлади. Агар улар сафларини қинғир-қийшиқ тутсалар, қалблари ҳам эгри бўлиб қолади. Намоз ўқиб, жамоатда иштирок этганларнинг ҳоли шу бўлса, намоз ўқимай, жамоатга келмай юрганларнинг ҳоли қандай бўлишини ўзингиз билиб олаверинг!
Учинчидан, ҳадисда Аллоҳ биринчи сафда турганларга Ўз раҳматини нозил қилиши, фаришталарнинг уларнинг ҳаққига истиғфор айтиб, дуо қилишлари баён қилинмоқда. Демак, сафда турган намозхонлар ўзларига Аллоҳнинг раҳмати ёғилаётганини ва фаришталарнинг дуо қилаётганларини ҳис қилиб туришлари лозим. Бу қандай ҳам яхши ҳолат! Аллоҳнинг раҳматига, фаришталарнинг дуоларига лойиқ бўлмоқ ва уларга эришишга муваффақ бўлмоқ лозим! (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан) Валлоҳу аълам!
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Зуннун Мисрий раҳимаҳуллоҳдан ҳикоя қилинади: “Аллоҳнинг Байтини ҳаж қилиш мақсадида йўлга чиқдим. Сафар асносида йўлдан адашдим. Бир пайт йўл устига ташлаб қўйилган кишига кўзим тушди. У шу туришда ўлимини кутиб яшаётгандек эди.
Бориб, салом бердим. Саломимга алик олди. “Ёнингизда туришимни хоҳлайсиз-ми?” деб сўрадим. “Сени нима қиламан?” деди ҳайрон бўлиб. “Сизга суҳбатдош, улфат бўламан”, дедим.
“Сенда мен учун қанақа улфатлик бор?!” деб сўради. “Агар бемор бўлсангиз, хизматингизда бўламан”, дедим. У: “Менга Кифоя қилувчи, Рост сўзловчи, аҳволимни Билувчи Зот бор. Ким Уни дўст деб билмаса, ундай кимсага бошқа улфат, суҳбатдош, дўст йўқ” деди.
“Менга яхшилик турларидан бирортасини ўргатинг ёки бирор насиҳат қилинг, эшитиб, амал қилай” дедим. Шунда у бошини кўтариб менга қаради ва: “Эй биродарим! Ўзингни ўз нафсингдан сақла! Қалбингга бирор иллат киришидан эҳтиёт бўл! Агар бир маъсиятни қилмоқчи бўлсанг, бошингни юқорига кўтар! Кимга қарши бўлаётганингни, Кимга журъат қилаётганингни, Кимга қарши уруш бошлаётганингни бил! Аллоҳга исён қилган кимса, Унга қарши урушган кимса бўлиб қолишини билмайсан-ми?! Қилиб турган солиҳ амалларингда бардавом бўл! Белингни маҳкам боғла! Сени бу дунёдан кетказилишидан олдин ўзинг Аллоҳ сари юзлан! Жаҳаннам муридларнинг кечаларини бедор қилганини, обидларнинг қалбларини жароҳатлаганини билмайсан-ми?! У Зот Китобида уларни мақтаб бундай деган:
كَانُوا قَلِيلاً مِّنَ اللَّيْلِ مَا يَهْجَعُونَ
“Улар кечалари оз ухлар эдилар”.
وَبِالْأَسْحَارِ هُمْ يَسْتَغْفِرُونَ
“Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар” (Зарият сураси, 17-18-оятлар).
У ушбу оятларни ўқидию, қичқириб юборди. Шу заҳоти жони узилди. У кишига ўхшаган етук кишини кўрмадим. Аллоҳ раҳматига олсин!”.
Аҳмад ибн Иброҳим Саълабийнинг
"Қуръон ошиқлари" китобидан олинди