Тақво Қуръони каримда энг кўп таъкидланган амал. Сизнинг ҳам кўп оятлардан ўқиганингиз – тақво ҳақидадир. Тасаввуфнинг энг муҳим мавзуларидан бири ҳам тақводир. Ҳатто тасаввуфни қисқача: «тақво йўли» дейдилар. Тасаввуф тақво йўлидир... Бу йўлдан юрган энг яхши мутасаввиф бўлади. Энг яхши мутасаввифлар энг тақволи инсонлардир.
Шунинг учун тақвони ўрганмоқ ва тақвога амал қилмоқ лозим. Яъни Аллоҳдан доимо қўрқувдасиз, Ҳақ йўлини биласиз... «Ажабо, Аллоҳ менга марҳамат этмасми?.. Ажабо, бу сўзни сўйлаганда Аллоҳим мендан рози бўлмасми?.. Ажабо, Аллоҳ менга қаҳр қилмасми?», – деб доимий бир тараддуд ичида бўлишингиз керак. Бу – «Ало ҳозирин», яъни доимо хавф ичида бўлмоқ дейилур... Киши эҳтиётли, тадбирли, диққатли, ғамхўр, талабчан ва эътиноли мусулмон бўлиши зарур.
... إِنَّمَا يَتَقَبَّلُ اللّهُ مِنَ الْمُتَّقِينَ (سورة المائدة:27)
Иннамо ятақаббалуллоҳу минал муттақийн ( «Ал-моида»,27) – «Аллоҳ фақат тақводорлардангина қабул қилур» деб буюрилади мазкур ояти каримада. Ибодатларнинг қабул бўлишига сабаб шу — тақводир. Намозни тақво билан қилсанг қабул бўлади. Закотни, садақани тақво йўлида берсанг, қабул бўлади.
Ҳазрати Одам алайҳиссаломнинг икки ўғли бор экан. Иккиси ҳам қурбонлик қилибди. Бирисиники қабул бўлибди, иккинчисиники бўлмабди. Сабаби Қуръони карим: «Аллоҳ фақат тақводорлардангина қабул қилур», – дейди. Тақвосиздан қабул қилмас. Тақвосиз, фикри бузуқ, қалби нотоза, ниятида қусур бўлса қабул қилмас. Шунинг учун тасаввуфни бир жиҳатдан «Тақво йўли» дейдилар. Бу гуноҳлардан сақланиб, савобли ишларни орқага сурмай, назардан қочирмай яшаш йўлидир. Буни ўрганишингиз керак.
"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
من صام رمضان ثم أتبعه بست من شوال كان كصوم الدهر
Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Рамазон рўзаси ўттиз кунининг ўн баробари ўн ой (300 кун), Шаввол ойининг олти кун рўзаси эса (60 кун) икки ой бўлади. Жами 360 кун (бир йил)ни ташкил этади. Натижада, киши бутун йил бўйи рўза тутгандек бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)” (Анъом” сураси, 160-оят).
عن ابن عمر رضي الله عنهما أن رسول الله صلَّ الله عليه وسلم قال من صام رمضان واتبعه ستاً من شوال خرج من ذنوبه كيوم ولدته
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан Шаввол ойида олти кун рўза тутса, ҳудди онадан туғилгандек гуноҳлардан фориғ бўлади”, деганлар (Имом Табароний ривояти).
Уламолар: "Шаввол ойи рўзасини ой бошида кетма-кет олти кун ёки ой давомида бўлиб-бўлиб тутиш ҳам жоиз", деганлар. Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Шаввол ойи рўзаси кетма-кет олти кун тутилса ҳам, бўлиб-бўлиб тутилса ҳам фазилати тенгдир”.
Аллоҳим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашимизга тавфиқ ато эт!
Даврон НУРМУҲАММАД