بسم الله الرحمن الرحيم
ИСЛОМДА АЁЛЛАР ҲУҚУҚИ
Муҳтарам жамоат! Бизнинг муқаддас Ислом динимизда ҳар бир инсоннинг жамиятда ўзига яраша ўрни ва ҳурмати бор эканлиги баён этилган. Ислом тарихига назар солсак, жоҳилиятда аёлларнинг деярли ҳуқуқлари бўлмаган. Улар нафақат меросдан маҳрум қилинган, балки ўзлари ҳам буюм сифатида меросхўрлар ўртасида тақсимланган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда барча инсонлар, жинсидан қатъий назар, тенг эканини ва уларни бир жондан яратганини баён қилади:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُمْ مِنْ نَفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَبَثَّ مِنْهُمَا رِجَالًا كَثِيرًا وَنِسَاءً...
яъни: “Эй, одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан қўрқингиз!... ” (Нисо сураси 1-оят)
Аёллар Исломда она, опа-сингил, жуфти ҳалол ва қиз сифатида ҳурматланади. Улар мерос олади ва мерос қолдиради, никоҳда розилиги сўралади. Улар доим эркак қариндошлари таъминоти остида бўлишади. Қуръони каримнинг ўндан ортиқ сураларида ва кўплаб ҳадиси шарифларда аёлларга тегишли ҳукмлар мавжуд. Ҳатто Қуръони каримнинг катта сураларидан бири “Нисо” (“Аёллар”) деб номланган. Буларнинг ҳаммаси Ислом динида аёлларга бўлган юксак эътибордир.
Аёллар турли ибодат ва яхшиликлар учун савоб олишда ҳам эркаклар билан баробардирлар. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:
وَعَدَ اللَّهُ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا وَمَسَاكِنَ طَيِّبَةً فِي جَنَّاتِ عَدْنٍ яъни: “Аллоҳ мўминлар ва мўминаларга остидан анҳорлар оқиб турадиган, мангу яшаладиган жаннат (боғ)ларидаги ёқимли масканларни ваъда қилди” (Тавба сураси 72-оят).
Аёл кишига Аллоҳ таоло икки масалада масъулият юклайди, бири – жуфти учун руҳий, маънавий хотиржамлик, сукунат бўлиш, иккинчиси – фарзанд дунёга келтириш ва унга ғамхўрлик қилиш машаққатлари. Шариатимизда шу залворли машаққатлар муқобилига бир нечта масалаларда аёлларнинг руҳий, жисмоний ҳолати эътиборга олиниб, уларга икром кўрсатилган, енгиллик берилган:
الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاءِ بِمَا فَضَّلَ اللَّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَا أَنْفَقُوا مِنْ أَمْوَالِهِمْ...
яъни: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир...” (Нисо сураси 34-оят).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни камситишга чек қўйиш ва уларнинг жамиятдаги ўрнини англатиш учун умматларига етарлича кўрсатмалар берганлар. У Зот алайҳиссалом яратилиш жиҳатидан эркак ва аёлнинг асли бирлиги ҳақида шундай дейдилар:
﴿ إِنَّمَا النِّسَاءُ شَقَائِقُ الرِّجَالِ ﴾
(رواه الامام أبو داود عن عائشة رضي الله عنها)
яъни: “Албатта, аёллар – эркакларнинг туғишганлари” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Афсуски, ҳозиргача қиз фарзанд дунёга келса, хафа бўлиш, ўғил туғмадинг, деб хотинига зуғум ўтказиш ҳоллари кузатилмоқда. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизга қиз фарзандларни чиройли таъминот қилиш, тарбиялаб, турмушга узатиш жаннатдаги олий мартабаларга сабаб бўлишини уқтирадилар:
مَنْ عَالَ ابْنَتَيْنِ أَوْ ثَلَاثًا، أَوْ أُخْتَيْنِ أَوْ ثَلَاثًا، حَتَّى يَبِنَّ أَوْ يَمُوتَ عَنْهُنَّ كُنْتُ أَنَا وَهُوَ فِي الْجَنَّةِ كَهَاتَيْنِ - وَأَشَارَ بِاِصْبَعِهِ الْوُسْطَى وَالَّتِي تَلِيْهَا
(رواه الامام ابن ماجه عن أنس ـرضي الله عنه)
яъни: “Ким икки ёки уч қиз, ёки синглисига ғамхўрлик қилиб тарбияласа ва улар турмушга чиқиб кетсалар ёки ўша кишининг ўзи вафот этса, мен ва у жаннатда мана шундай бўламиз (деб, муборак ўрта ва кўрсатгич бармоқларига ишора қилдилар)” (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Аёллардаги жисмоний заифлик қораланмайди. Чунки улар бунга айбдор эмас. Қалбларининг нозиклиги, ҳис-туйғуларининг кучлилиги эса, мўътадил бўлса, мақтовга лойиқдир. Бу нарса улардаги латофат ва гўзалликни зиёда қилади.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом аёллардаги мана шу заифликни доим эътиборга олар ва уларни ҳимоя қилишга ҳарис эдилар. Ҳатто видолашув ҳажларидаги машҳур хутбада ҳам, аёлларга нисбатан яхши муносабатда бўлишни қайта-қайта васият қилдилар. У Зот алайҳиссалом аёлларига қўл кўтармадилар, уларга яхшилик қилишда умматга ибрат бўлдилар ва шу ишга тарғиб қилдилар:
خَيْرُكُمْ خَيْرُكُمْ لِأَهْلِهِ، وَأَنَا خَيْرُكُمْ لِأَهْلِي
(رواه الامام الترمذي عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رضي الله عنهما)
яъни: “Яхшиларингиз – оила аҳлига яхши бўлганидир. Мен – аҳли аёлига энг яхшингизман” (Имом Термизий ривоятлари).
Аёллар Исломда она сифатида бениҳоя қадр топдилар. Қуръони каримда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Қиёматгача келадиган “мўминларнинг онаси”, деб эълон қилинди. Аллоҳ таолонинг розилиги ота-онанинг розилигига боғлиқлиги динимиз кўрсатмаларида таъкидланган. Ҳатто ҳадиси шарифларда яхшилик қилишни онадан бошлашга буюрилган.
Кунларнинг бирида Муовия ибн Жоҳима ас-Суламий разияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиб: “Аллоҳ таоло йўлида жиҳод қилмоқчиман”, – деб рухсат сўрайди. Пайғамбаримиз алайҳисалом унинг онаси тириклигини билиб, онасига хизмат қилишни буюрадилар. Яна рухсат сўрайвергач, У Зот: “Барака топгур, волидангизнинг оёғига маҳкам ёпишинг, ўша ерда жаннат бор!” – дейдилар (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Динимизда киши ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зулм қилиши катта гуноҳлардан саналади. Хусусан, жуфти ҳалоли, умр йўлдоши ва фарзандларининг онасига жабр қилиш ундан ҳам ёмонроқдир. Бугунги кунда эркаклик ҳамиятини йўқотган баъзи кишилар жиддий бир сабабсиз ўз аёлини нафақасиз ва қаровсиз қолдирмоқдалар. На уларни хотин қилади, на талоғини бериб ажрашади. Бу билан эр Аллоҳ таоло берган оилавий хотиржамлик, жуфти ҳалол ва фарзанд каби бир қанча катта неъматларга ношукрлик қилган бўлади.
Баъзи номардлар очиқчасига: “Сени умрингни охиригача талоғингни бермай, аросатда қолдириб, қийнайман”, – деб пўписа қилади. Бу етмагандек, аслида ўзининг зиммасида бўлган – болаларининг нафақасини ҳам хотинининг бўйнига юклаб қўяди. Натижада аёл на эрли бўлмай, на эридан ажраша олмай, йиллар давомида сарсон-саргардон қолиб кетмоқда. Ожизаларнинг ҳақлари поймол бўлмоқда. Шуни таъкидлаб айтамизки, мана шу ҳолатда аёл гуноҳ йўлга кирса, зинога қўл урса, у билан бирга номард эр ҳам баб-баробар гуноҳкор бўлади.
Исломда аёлларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқлари ҳақида тўхталадиган бўлсак, исломда аёл киши ўзининг латофатига мос равишда ишлашига таъқиқ йўқ, балки бу масала аёл, оила ва жамиятнинг манфаатларидан келиб чиқиб, ҳал қилинмоғи лозимлиги кўзда тутилган. Зеро, ислом аёлларнинг ҳурмат-эҳтиромини ўрнига қўйиб, аёллик жозибаларини сақлаб қолишлари, вазифаларини тўлиқ адо этиш орқали ўз жамияти, Ватани ва динига керакли хизматни адо этиш учун барча шароитни яратиб берган. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ислом аёлларнинг қадр-қимматини ўз ўрнига қўйиб, ҳуқуқларини ҳимоя қилган.
Маълумки, ҳозирги кунда ҳам юртимизда аёлларнинг ўзларига муносиб ишлар билан таъминлаш, тадбиркорлик қилишлари учун шароит яратиш, маҳаллаларда “аёллар дафтари” очилиши ва бу бўйича ночор аёлларга ёрдам берилиши, ёлғиз аёлларга имтиёзли уйлар ажратилиши каби аёлларни қўллаб-қувватлаш ишлари олиб борилмоқда.
Шуниндек, аёллар эҳтироми учун бизни юртда ҳам 8-мартни халқаро хотин қизлар куни байрами сифатида белгиланган. Шуни таъкидлашимиз лозимки, 8 март куни сабабли фақат шу кун билан чекланиш керак эмас, балки уларни доимо эъзозлаб, ҳурмат қилишимиз зарур бўлади.
Хулоса шуки, бундан 1 асрдан кўпроқ 8 март кунида аёлларни эъзозлаб, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилиб чиқилган бўлса, динимизнинг асосий манбаси Каломуллоҳда 14 асрдан зиёдроқ вақт аввал аёлни эъзозлаш илоҳий амр билан буюрилган. Шундай экан, аёл-қиз ва оналаримизни нафақат бир кун, балки йил ўн икки ой эъзозлашимиз – динимиз талабидир.
Муҳтарам азизлар! Мавъизамиз давомида долзарб мавзулардан бўлмиш фарзандларнинг моддий-маънавий таъминоти отанинг зиммасига вожиблиги ҳақида суҳбатлашамиз.
Кейинги пайтларда етимнинг бошини силаб, савоб топиш ўрнига оилалар бузилиб, тирик етимлар кўпайиб, ўз фарзандларини таъминламаётган ва ҳукуматимиз томонидан белгиланган алиментларни бермаётган оталар учрамоқда.
Хўш, мана шундай ҳолатда шариатимиз ҳукмларига кўра, болаларни ким таъминлаши керак? Болани ўзи билан олиб кетган онами ёки боладан ажралган отами? Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:
وَعَلَى الْمَوْلُودِ لَهُ رِزْقُهُنَّ وَكِسْوَتُهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ
яъни: “...Уларни (оналарни) меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг (эрнинг) зиммасидадир...” (Бақара сураси 233-оят). Бу оят талоқ оятларидан кейин келган бўлиб, оятда боланинг онаси ҳақида гап кетган бўлса ҳам (яъни талоқ қилинган хотин болани эмизиб тургани учун, эр уни едириб-ичириб, кийинтириб туради), бу ўринда болани таъминлаш кераклиги хотинни таъминлашдан ҳам кўра устунроқ туради.
“Мухтасарул виқоя” китобида: “Болаларнинг нафақаси отасининг зиммасида, унга ҳеч ким бу ишда шерик бўлмайди (яъни, ёрдам бермайди)”, – дейилади.
Демак, ҳозирги кунда тегишли ташкилотлар томонидан белгиланаётган нафақалар (алимент)дан ота бош тортиши жоиз эмас, балки боласини моддий ва маънавий жиҳатдан таъминлаш шаръан унинг бурчидир. Аллоҳ таоло барчамизни ўз зиммасидаги бурчларни тўлиқ бажарувчи бандаларидан қилсин!
Аллоҳ таоло юртимизни тинч, халқимизни фаровон бўлишини насиб этсин! Аёл-қизларимизни шариатимизда кўрсатилганидек эъзозлашимизда Аллоҳ таоло тавфиқ берсин! Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “Амалларнинг қабул бўлиш шартлари” мавзусида бўлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қуръони каримда бундай дейилади: «Аллоҳ салтанат берганидан (ғурурланиб), Иброҳим билан унинг Рабби хусусида баҳслашган кимсани (Намрудни) кўрмайсизми?! Қайсики, Иброҳим: «Менинг Раббим тирилтиради ҳам, ўлдиради ҳам», – деганида, у: «Мен (ҳам) тирилтираман ва ўлдираман», – деди. Иброҳим айтди: «Аллоҳ Қуёшни Машриқдан чиқаради, сен уни Мағрибдан чиқаргин-чи?» Бас, (ўша) кофир (гап тополмай) лол бўлиб қолди. Аллоҳ золим кишиларни ҳидоят сари йўлламагай. » (Бақара сураси, 258 – оят).
Қиссанинг мазмуни
Аллоҳнинг буюк пайғамбари, Иброҳим Халилуллоҳ билан ўзини илоҳ деб даъво қилган Намруд ўртасидаги баҳс қиссанинг мазмуни бўлиб, унда Аллоҳнинг буюклигини инкор этган, ўзини улкан зот деб ҳисоблаган бир подшоҳ билан бўлган. Уламоларнинг айтишича, бу подшоҳ Бобил шоҳидир. Унинг исми Намруд ибн Канъон ибн Куш ибн Сом ибн Нуҳ бўлган. Бошқалар эса уни Намруд ибн Фолих ибн Обир ибн Солих ибн Арфахшад ибн Сом ибн Нуҳ деб атаганлар.
Ривоятларга кўра, у дунёда тўртта подшоҳлик қилган зотдан бири бўлган.
Улардан иккиси мўмин, иккиси кофир эди:
Мўминлар – Зулқарнайн ва Сулаймон (алайҳимуссалом). Кофирлар — Намруд ва Бухтуннаср (Набуходоносор).
Намруд тўрт юз йил подшоҳлик қилиб, жаҳолат ва зулмга берилган, дунё ҳаётини афзал кўрган.
Иброҳим (алайҳиссалом) билан баҳси
Иброҳим (алайҳиссалом) уни Аллоҳга ибодат қилишга чақирганларида, Намруд кибр ва жоҳиллик билан рад этди. Шунда Иброҳим (алайҳиссалом):
«Менинг Раббим – тирилтиради ва ўлдиради», – дедилар.
Намруд унга жавобан деди: «Мен ҳам тирилтираман ва ўлдираман».
Муфассир уламолардан – Қатода, Суддий ва Муҳаммад ибн Исҳоқ шундай деган: «Намруд бу сўз билан шундай демоқчи бўлган: “Мен икки одамни олиб келаман – биттасини ўлдираман, иккинчисини афв этаман. Шу билан мен ҳам тирилтирдим ва ўлдирдим», – деган.
Аммо бу жавоб аслида далилга қарши эмас, чунки Иброҳим алайҳиссаломнинг сўзи ҳақиқий ҳаёт ва ўлимни яратган Зот – Аллоҳ ҳақида эди. Намруднинг айтгани эса сиёсий қарор, яъни “ўлдириш ёки афв этиш” ҳақида эди, бу эса яратиш эмас.
Шунда Иброҳим (алайҳиссалом) аниқ ва рад қилиб бўлмас далил келтирдилар:
«Аллоҳ қуёшни шарқдан чиқаради, сен уни ғарбдан чиқар!»
Бу далил олдида Намруд ҳайрон бўлиб, жавобсиз қолди.
Ҳикмат
Ушбу воқеа Аллоҳ азза ва жалланинг қудрати, Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳикмати ва кофирнинг ожизлигини кўрсатади. Аллоҳ таоло бу билан инсонларга шундай сабоқ беради:
Ҳақиқий яратувчи ва ҳаёт берувчи зот – фақат Аллоҳдир. Подшоҳлик ва куч инсонни Яратгувчи қилмайди. Илм ва далил билан ҳақиқат аниқ бўлади.
Иброҳим (алайҳиссалом) ва Намруд баҳсининг якуни
Нимруд билан бўлган баҳсда унинг ожизлиги ва нотўғрилиги кўпчиликка аввал бошда очиқ бўлмагани учун, Аллоҳ таоло Иброҳим (алайҳиссалом)нинг келтирган иккинчи далилини зикр қилди – бу далил орқали у Намруднинг даъвосини рад этди ва Аллоҳнинг борлигига очиқ-ойдин далил келтирди.
Иброҳим (алайҳиссалом) шундай дедилар:
«Албатта, Аллоҳ қуёшни шарқдан чиқаради, сен уни ғарбдан чиқар!»
Яъни, бу қуёш ҳар куни шарқдан чиқади ва ғарбга ботади — бу уни яратган, бошқарган ва бўйсундирган Зотнинг буйруғидандир. У Зот — ҳеч қандай шериги бўлмаган Аллоҳ, барча нарсани яратган ягона Парвардигордир.
Шунинг учун Иброҳим (алайҳиссалом) дедилар:
“Агар сен ўзингни тирилтирувчи ва ўлдирувчи деб даъво қилаётган бўлсанг, унда мана шу қуёшни ғарбдан чиқар. Чунки ҳақиқий тирилтирувчи ва ўлдирувчи Аллоҳ ҳар нарсани хоҳлаганидек қилади, унинг ишига ҳеч ким тўсиқ бўла олмайди. У барча нарсани итоат эттиргандир. Агар сен ҳам шундай экансан — қил бу ишни! Агар қила олмасанг, демак, сен ўзинг айтгандай илоҳ эмассан.”
Шундай қилиб, Иброҳим (алайҳиссалом) унинг жоҳиллиги, ёлғони ва даъвосининг ботиллигини аён қилди. Намруднинг жавоб беришга сўзи қолмади, у лол бўлиб жим бўлди. Шунинг учун Аллоҳ таоло каломи шарифида шундай деди:
«Бас, (ўша) кофир (гап тополмай) лол бўлиб қолди. Аллоҳ золим кишиларни ҳидоят сари йўлламагай.» (Бақара сураси, 258 – оят).
Баҳсдан кейинги воқеалар
Муфассир Суддийнинг айтишича, бу баҳс Иброҳим (алайҳиссалом) оловдан қутулиб чиққан кунлари бўлган ва у киши аввал бу подшоҳ билан учрашмаган эдилар.
Абдурраззоқ ўз ривоятида Маъмар орқали Зайд ибн Асламдан нақл қилади:
Намрудда ғалла ва озуқа бўлиб, одамлар ундан егулик сўраб келишарди. Иброҳим (алайҳиссалом) ҳам улар билан бирга бордилар. Шу учрашувда улар биринчи марта кўришдилар ва баҳс ҳам шу куни бўлди.
Иброҳим (алайҳиссалом) бошқалар каби емиш ололмадилар, қўллари бўш қайтдилар. Йўлда кетар эканлар, бир тепаликдаги қумдан икки халта тўлдириб, “ҳеч бўлмаса аҳлимни шу билан банд қилиб тураман”, деб уйларига қайтдилар.
Уйга етиб келишгач, Иброҳим (алайҳиссалом) дам олиш учун ётдилар. У кишининг завжаси Сора халталарни очиб қарадилар ва уларни тоза емишга тўла ҳолда топдилар. Шу емишдан таом тайёрладилар.
Иброҳим (алайҳиссалом) уйғониб, таомни кўриб ҳайрон бўлдилар:
“Бу таом қаердан келди?” — дедилар.
Сора онамиз дедилар:
“Сиз олиб келган емишдан тайёрладим”.
Шунда Иброҳим (алайҳиссалом) тушундиларки, бу ризқ Аллоҳ томонидан берилган неъмат эди.
Намруднинг ҳалокати
Зайд ибн Асламнинг айтишича: “Аллоҳ таоло Нимруднинг ёнига фаришта юборди ва уни Аллоҳга иймон келтиришга даъват қилди.
У биринчи марта рад этди. Иккинчи марта ҳам рад этди, сўнгра учинчи марта ҳам рад этди. Шунда фаришта унга деди:
“Қўшинингни тайёрла, мен ҳам ўз қўшинимни тайёрлайман.”
Намруд саҳар вақтда ўз қўшинини йиғди. Шунда Аллоҳ таоло осмон ҳашоратларидан иборат пашшалар тўдасини Намруд лашкарлари устига юборди. Улар қуёшни тўсиб қўйишди – осмон қоронғу бўлди. Бу ҳашоратлар Намруднинг қўшинига ҳужум қилиб, уларнинг гўштини ва қонини ейишди, фақат суяклари қолди. Намруднинг барча лашкарлари қирилиб кетиб, унинг бурнига эса бир пашша кириб олди. Кейин миясига жойлашиб олиб, унга қаттиқ азоб бера бошлади. Намруд қирқ йил давомида шу хашорат билан азобланди. Унинг боши оғриганда хизматкорлари тўқмоқ билан уриб енгиллик беришарди. Намруд қаттиқ азобларга чидай олмай ўз ҳизматкорига бошига тўқмоқ билан уришни буюради. Хизматкор тўқмоқ билан секин урганида Намруд қаттиқроқ уришни буюради. Хизматкор Намруднинг бошига бор кучини йиғиб уриши оқибатида унинг боши ёрилиб, ичидаги пашша учиб чиқиб кетади ва Намруд эса шу заҳоти вафот этади.
Хулоса
Аллоҳнинг қудрати олдида подшоҳлик ва кибр ҳеч нарса эмас. Ҳақиқий ҳаёт ва ўлимни яратувчи — фақат Аллоҳ Иброҳим (алайҳиссалом)нинг илми ва ҳикмати, Нимруднинг ожизлигини фош этди. Аллоҳ золимларни ҳидоят қилмайди.
Манбалар асосида
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.