ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ ДОНО БЎЛУР...
* * *
Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари
* * *
МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ
* * *
ИЙМОН-ЭЪТИҚОД КИТОБИ
* * *
НАЗМ
Ишорат иймон шаройитиға
Билки, иймон шаройити бордур,
Аҳли иймон аро муқаррардур.
Бириси – ғайбқа кетур иймон,
Бўлди иймон йаъси бедармон.
Ғайб оламини хоссайи Ҳақ бил,
Сўз будур, шаръ ичра мундоқ бил.
Яна Ҳақдин керак умид ила бийм,
Муни деб юрма: бор Худойи карим.
Яна билгил ҳалол ҳақни ҳалол,
Бил ҳаромни ҳам ҳарому вубол.
Тенгрининг душманиға душман бўл,
Тенгрининг севганини севган бўл.
НАСРИЙ БАЁН
Иймон шартларининг баёни
Билгинки, иймоннинг шартлари бордир, (бу шартлар) аҳли иймон ўртасида муқаррар қилингандир. Биринчи, ғайбга иймон келтир. Иймон йаъси, яъни умидсизлиги бедармон дарддир. Ғайб оламини Ҳақ таъолонинг хос ишларидан, сирларидан деб бил. (Муҳим) сўз ана шудир, шариъатда (эътиқод) ана шундай деб бил.
Яна Аллоҳдан умид билан қўрқув (хавф ва ражо) бўлиши лозим, Аллоҳим карамли, деб юр(иб ғафлат ва ҳалокатга қол)ма.
Яна ҳалол ҳақни ҳалол деб бил, ҳаромни ҳаром ва вабол – гуноҳ деб эътиқод қил. Аллоҳнинг душманига душман бўл, Аллоҳнинг севганини севган бўл – дўстига дўст бўл.
ИЗОҲ. Хавф ва ражо (қўрқув ва умид) иймон қушининг икки қанотидир. Юқорида айтилганидек, бу иккиси баробар бўлиши шартдир. Аллоҳнинг раҳматидан умид узиш мумкин эмаслигига далил ушбу ояти каримадир:
Зумар сураси, 53-оят маъноси: “Айтингки: «(Аллоҳ бундоқ дер:) «Эй Менинг ўз ўзларига қарши (гуноҳ қилиб) ҳаддан ошган бандаларим! Аллоҳнинг раҳматидан умид узманглар!..»
“Муни деб юрма: бор Худойи карим” сатри ушбу ояти каримага ишорат қилади Луқмон сураси, 33-оят маъноси: «(Эй инсонлар!) Ўта алдамчи (шайтон ва унинг дўстлари) ҳам сизларни Аллоҳ(нинг афви, карами ва марҳамати кенг, гуноҳлар қилиб яйраб қолаверинглар деган фириб) билан алдаб қўймасин (гуноҳга ботириб, ибодатдан чалғитмасин)!».
Насрий баён ва шарҳ муаллифи:
Мирзо КЕНЖАБЕК.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллома Қози Байзовий раҳимаҳуллоҳ ҳақида қизиқ ривоят бор:
"Байзовий ўзининг "Анворут танзил ва асрорут таъвил" номли тафсирини ёзиб битиргач, уни султонга кўрсатиш учун Бағдодга йўл олди. Мақсади султондан тирикчилик ва замон ташвишларига асқотадиган бирор нарса олиш эди.
Йўлда бир қишлоқда тўхтади. Шайхлардан бирининг уйида меҳмон бўлди. Шайх уни меҳмон қилди. Зиёфатдан сўнг шайх ундан сўради:
- Қаерга кетаяпсан?
- Бағдодга!
- Нега?
- Мен бир тафсир ёздим. Кўп меҳнат қилдим. Қизларим бор. Уларнинг бўйи етиб қолган. Уларни турмушга беришим керак!
Шайх сўради:
- "Ийяка наъбуду ва ийяка настаъийн"ни нима деб тафсир қилдинг?
- Биз бу оятни "Сендан Ўзгага ибодат қилмаймиз, Сендан Ўзгадан ёрдам сўрамаймиз" деб тафсир қилдик!
- Нега унақада ўзгадан ёрдам сўрагани бораяпсан?!
Шайхнинг гапи Байзовийга таъсир қилди. Бағдодга бормади. Орқасига қайтди.
Айтишларича, унинг тафсирига ана шундан сўнг қабулият берилди. Тириклигида ҳам, вафот этганидан кейин ҳам олимлар унга мурожаат қилишди ва қилишаяпти.
Унинг тафсирига уч мингдан ортиқ тафсир, ҳошия ва таълиқлар битилди. Жуда кўп инсон ундан фойда олди ва олмоқда!
"Ар-риҳлатул Айёшийя" асаридан Абдулазим АКРОМ