Совуқ қиш кунларида, кўп одамлар бино ичида қолгани маъқул. Бироқ, қаттиқ совуқ пайтида баъзилар уйда шунчаки қўл қовуштириб ўтиришни ўзига эп кўрмайди.
Қўшма Штатлардан икки фарзанднинг ёлғиз онаси Алия Музамил ўтган ҳафта Техасдаги қаттиқ совуқ пайтида уч куну тун электрсиз қолди.
"Болаларимни қўшниларим билан қолдириб, у ерда тарқатилаётган иссиқ овқатни олиш учун масжидга бордим", – деди муслима аёл. – "Ҳаддан ташқари совуқ туфайли кўпчилик уйдан чиқмайди деб ўйлагандим".
Ирвинг Ислом марказига борганида, у ерга ёрдам олиш илинжида келган 150 нафардан ортиқ одамларнинг автомобилларини кўрган.
Ўтган ҳафта қиш бўрони Техаснинг бутун штатига таъсир қилиб, натижада камида 29 киши ўлган ва қаттиқ совуқда миллионлаб одамлар бир неча кун давомида электр энергиясиз қолди.
Муздек об-ҳавода одамларга ёрдам бериш ҳаракатлари Ирвингнинг мусулмонлар жамоаси билан чекланиб қолмади.
Ист-Плано Ислом марказида (EPIC) кўнгиллилар муҳтожларга 1500 дан тушликларни тайёрлаш учун ишлашди.
Марказ раҳбари Надим Башир: "Ўз яқинингни яхши кўрмасанг, мўмин бўлолмайсан", - деди.
Islam.ru маълумотларга кўра, эҳтиёжманд қочқинларга ёрдам берувчи Ma'ruf Dallas нотижорат ташкилоти ҳам 50 000 дан ортиқ сув билан идишлар, юзлаб адёл, пайпоқ ва 1000 та иссиқ тушлик тарқатди.
"Ташкилотимизнинг асосий тамойили - "ҳаракат орқали иймонни мустаҳкамлашдир", - дейди Ma'ruf Dallas Ижрочи директори Фуад М. Дадабхой.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ислом динининг энг олий мақсади инсониятни ҳидоят йўлига бошлаш, одамлар ўртасида меҳр-оқибат, бағрикенглик ва бирдамликни мустаҳкамлашдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
“Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз.” (Ҳужурот сураси, 10-оят).
Мазкур оят мусулмонларнинг ўзаро биродар ва дўст эканлигига урғу беради. Бироқ тарих давомида айрим тоифалар ислом таълимотини нотўғри талқин қилиб, мусулмонларнинг ўзига қарши турли фитналар чиқаришга ҳаракат қилдилар. Шулардан энг хатарлиси такфирчилик, яъни мусулмонни куфрда айблаш масаласидир.
Такфирчилик бир мусулмонни бошқа бир мусулмонга нисбатан “диндан чиққан”, “кофир” деб ҳукм чиқаришидир. Қаршисидаги одамни кофир дейишнинг оқибатини Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом қуйидагича тушунтирганлар:
“Бир киши биродарига “эй кофир!” деса, бу гап аниқ иккисидан бирига тегишли бўлади. Агар у киши ростан ҳам кофир бўлса, унга қайтади. Аммо ундай бўлмаса гапирувчининг ўзига қайтади” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти)
Ушбу ҳадисдан англашилганидек, “такфир қилиш” жиддий масала бўлиб, унинг ҳукми айтовчининг ўзига қайтиши мумкин.
Инсонларни куфрда айблашнинг бир нечта асосий сабаблари бор:
Мусулмон уламолари такфирчиликка қарши қатъий фикр билдиришган. Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган: “Ҳеч бир киши ягона гуноҳ сабабли куфрга тушган деб ҳисобланмайди. Модомики, у Ислом динининг асосий ва зарурий қоидаларини қасддан инкор қилмаётган бўлса, у такфир қилинмайди. Бир инсон Ислом асосларини инкор қилганида, аввал унинг буни билиб-билмасдан қилгани аниқланиши керак. Агар у жаҳолат сабабли ёки маълумотсизлик туфайли хатога йўл қўйган бўлса, такфир қилинмайди.
Шунингдек, Имом Тоҳавий раҳматуллоҳи алайҳ ўз машҳур ақида рисоласида: “Қибла аҳлидан бўлган бирор-бир мусулмонни гуноҳи кабира туфайли кофир санамаймиз”, деб таъкидлайдилар.
Бу сўзлардан маълумки, бир инсон шаҳодат калимасини айтган ва исломнинг асосларига ишонган бўлса, уни куфрда айблашга йўл йўқ.
Такфирчилик фақат диний жиҳатдан эмас, балки ижтимоий барқарорлик учун ҳам хавфлидир:
Такфирчилик ислом таълимотига зид бўлган хатарли ғоядир. У инсонларни Аллоҳнинг раҳматидан узоқлаштиради, мусулмонлар ўртасида биродарлик ришталарини узади ва фитна-фасодга сабаб бўлади. Ҳар бир мусулмоннинг вазифаси — биродарини куфрда айблаш эмас, балки уни ҳидоят ва хайрли амалларга чорлашдир.
Шу боисдан, барча ҳолатларда бўлгани каби бу масалада ҳам уламоларнинг йўлига эргашиш лозим. Мусулмонлар орасида бирлик, бағрикенглик ва иноқликни мустаҳкамлаш бугунги кун мусулмонларининг энг муҳим вазифаси бўлиб қолмоқда.
Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо жоме масжиди
имом-хатиби Шермуҳаммад Болтаев