— Баъзилар Ҳизр бувани кўрдим, дейди. Ҳизр бува ўзи ким ва ростдан бор-ми? Одамлар кўзига кўринади-ми?
— Қуръони каримнинг “Каҳф” сурасида Ҳизр алайҳиссалом ҳақида қисса келган. Бу қиссани уламоларимиз “Мусо алайҳиссалом ва солиҳ банда қиссаси” деб атайдилар. Чунки Қуръонда Ҳизр алайҳиссалом “Ҳизр алайҳиссалом” номи билан аталмаган, балки “солиҳ банда” деб аталган.
“Каҳф” сурасида келган оятларнинг тафсирида Имом Бухорий келтирган ривоятда солиҳ банда “Ҳазр” деб аталади, биз “Ҳизр” деб ўрганиб қолганмиз. Ана шундан Ҳизр алайҳиссалом борлиги, Қуръонда “солиҳ банда” номи билан эсга олинганлиги ва саҳиҳ ҳадисларда “Ҳизр” номи билан танилганликлари, машҳур бўлганликлари келиб чиқади.
“Ҳизр алайҳиссалом бор, доим бўлади, одамларга кўриниб туради”, деган уламоларимиз ҳам бор. Бу гапни кўпроқ аҳли тасаввуфлар айтишади. Лекин очиқ-ойдин Ҳизр алайҳиссаломнинг барҳаёт эканликлари, қиёматгача боқий қолишлари ва одамларга кўриниб туришлари тўғрисида на Қуръонда ва на ҳадислардан далил келтира олмайдилар. Агар мабодо ҳозирги кундаги баъзи бир кишилар далил келтиришаётган бўлса ҳам, у далиллар нотўғри, тўқима ва заиф ҳадислардан олинганлиги маълум.
Ҳар ким Аллоҳ таолонинг Ўзидан ҳожатини сўраб бораверса, яхши бўлади. Ҳизр алайҳиссаломни кўриб, у кишидан бирор нарса сўраш маъносидан кўра афзали шу. Ибодатларни вақтида адо қилиб, намозларни ихлос билан ўқиб, дуо қабул бўлиш шартларини ўрганиб, Аллоҳнинг Ўзидан сўраш тажрибадан ўтган ҳақиқат ҳамдир. Аллоҳ таоло барчамизнинг ҳожатларимизни раво қилсин!
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cавол: Саҳарлик қилиб, рўза тутган аёл ифтордан олдин, масалан, пешин вақтида ҳайз кўриб қолса, кечгача ўзини рўзадор каби туриши керакми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Рўзадор ҳолдаги аёлнинг кўрган қони ҳайз экани аниқ бўлса, ифторгача рўзадор ҳолда турмайди. Чунки у ҳайз кўриши билан рўзаси очилиб кетади ва унга еб-ичиши жоиз бўлади. Аммо буни ошкора қилмайди. Ифторгача ҳеч нима еб-ичмайман деб, емай-ичмай юриши тўғри эмас. Жумладан, “Ҳошиятут Таҳтовий”да бундай дейилган:
“(Рўзадор) аёл ҳайз ёки нифос кўриб қолса, оғзи очилади ва қазосини тутиб беради. У ўзини узрли кишиларга ўхшатиши шарт эмас. Чунки бундай аёлнинг рўза тутиши ҳаром бўлиб, ҳаромга ўхшатишлик ҳам ҳаромдир. Куннинг бир қисмида мусофир ўз шаҳрига етиб келса, касал тузалиб қолса, мажнун ҳушига келса, ҳайзли, нифосли аёл пок бўлиб қолса, буларнинг барчаси еб-ичишдан тийилиб туриши вожибдир. Саҳиҳ гап мана шу”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.