Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижлик устоз сифатида шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, кейинги йилларда мамлакатингизда барча соҳалар қатори маънавий-маърифий ҳаётда ҳам кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, диний-маърифий соҳани тизимли ривожлантириш, аҳолига қулай шароитлар яратиш ва инсон қадрини юксалтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар юксак эътирофга лойиқ.
Жумладан, муқаддас Рамазон ойини муносиб кутиб олиш ва уни юқори савияда ўтказиш, эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш, хайрия ва ифторлик тадбирларини кенг йўлга қўйиш борасида олиб борилаётган ишлар жамиятда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамламоқда. Бу каби эзгу ташаббуслар давлат ва жамият ҳамкорлигининг амалий ифодаси сифатида намоён бўлмоқда.
Шу билан бирга, диний таълимни такомиллаштириш, масжидлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, соҳа ходимларининг малакасини ошириш ҳамда маърифий тарғиботни замонавий ёндашувлар асосида ташкил этиш борасидаги ислоҳотлар ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Кузатувчи сифатида айтиш мумкинки, мазкур изчил ислоҳотлар юртда бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва ижтимоий барқарорлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бу эса Ўзбекистоннинг маънавий тараққиёт йўлида қатъий ва пухта қадамлар билан илгарилаётганини яққол намоён этади.
Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cавол: Саҳарлик қилиб, рўза тутган аёл ифтордан олдин, масалан, пешин вақтида ҳайз кўриб қолса, кечгача ўзини рўзадор каби туриши керакми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Рўзадор ҳолдаги аёлнинг кўрган қони ҳайз экани аниқ бўлса, ифторгача рўзадор ҳолда турмайди. Чунки у ҳайз кўриши билан рўзаси очилиб кетади ва унга еб-ичиши жоиз бўлади. Аммо буни ошкора қилмайди. Ифторгача ҳеч нима еб-ичмайман деб, емай-ичмай юриши тўғри эмас. Жумладан, “Ҳошиятут Таҳтовий”да бундай дейилган:
“(Рўзадор) аёл ҳайз ёки нифос кўриб қолса, оғзи очилади ва қазосини тутиб беради. У ўзини узрли кишиларга ўхшатиши шарт эмас. Чунки бундай аёлнинг рўза тутиши ҳаром бўлиб, ҳаромга ўхшатишлик ҳам ҳаромдир. Куннинг бир қисмида мусофир ўз шаҳрига етиб келса, касал тузалиб қолса, мажнун ҳушига келса, ҳайзли, нифосли аёл пок бўлиб қолса, буларнинг барчаси еб-ичишдан тийилиб туриши вожибдир. Саҳиҳ гап мана шу”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.