— Қиёмат куни ҳайвонларнинг ҳоли нима бўлади? Улар ҳам савол жавоб қилинади-ми?
— Ҳадисларда келишича, қиёмат куни ҳамманинг ҳисоб-китоби бўлар экан. Бу дунёда зулм ўтказган ҳайвонлардан мазлум ҳайвонларга ўч олиб берилганидан сўнг, уларнинг барчаси тупроққа айлантирилар экан. Буни кўриб, дўзах азобидан хору зор бўлиб турган дўзахийлар “Кошки эди, ҳайвонларга ўхшаб, тупроқ бўлиб кетсам”, деб орзу қилар эканлар. Лекин бу орзу ҳеч қачон ушалмайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, қиёмат куни ҳақларни ўз аҳлига адо қилурсиз. Ҳаттоки, шохли қўйдан шохсиз қўйга ўч олиб берилади”, дедилар (Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).
Шарҳ: Бу дунёда баъзи бир ёмонлар ўз ёмонлигининг баъзисининг жазосидан қутулиб қолиши мумкин. Аммо қиёмат куни ҳеч бир ҳақ зое бўлмайди. Ҳар бир нарса ўз ўрнини топиши муқаррар. Бунда фақат одамлар орасидаги ҳақ-ҳуқуқларгина эмас, балки барча махлуқотлар орасидаги ҳақ-ҳуқуқлар ҳам ўз эгасини топадилар. Ҳаттоки, бу дунёда ўзининг шохи борлигидан фойдаланиб, шохсиз қўйни сузган қўйдан ҳам ўч олинади. Бас, шундай экан, одам болалари ҳам ўзларининг “шох”ларини ишга солиб, ўзгаларнинг ҳаққини поймол қилишга урина кўрмасинлар (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Хозирги кунда энг саодатли киши турли фитна-фасод ишларга аралашмай яшаётган инсон десак муболаға бўлмайди. Одамларни тафриқага солувчи инсонларга ёки фасод чиқарувчи даъватларга эътибор бермай, ёт ғояларга қарши чиқа оладиган маънавий иммунитет ҳосил қилиш давр талабидир.
“Яқин орада фитналар бўлади. Ўша чоғда ўтириб олган одам тик тургандан яхшироқдир. Ўрнида жим тик турган эса юраётган одамдан яхшироқдир. Яёв юрган эса тез-тез юраётган одамдан яхшироқдир. Ким ўша фитналарга эътибор берса уни фитна ўзига тортиб кетади. Кимки қутулишга жой топа олса, ўша жойда фитнадан ҳимоялансин!” (Бухорий ва Муслим ривояти). Модомики, инсон берилган умрни ғанимат билиб, савобли ишлар билан машғул бўлса, яхши инсонлар йўлидан юрса, икки дунёда саодатга эришади.
Биз инсонлик табиатимиз билан, билган-билмаган нарсаларга эргашиб кетишимиз мумкин, лекин бу тўғри йўлдан адашиб кетишимизга баҳона бўла олмайди,чунки Аллоҳ ақл ва фаросат берган. Фаросатли киши фитнадан эхтёт бўлади ва узоқда юради.
Аллоҳ таоло Бақара сурсини 191-оятида “Фитна қатлдан ёмонроқдир” деб марҳамат этади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга менинг суннатимни ва рошид халифаларнинг суннатини тутмоқлик лозимдир. Бас, уни маҳкам тутинглар” деб марҳамат қилганлар.
Наманган тумани "Бешкапа" жоме масжиди
имом-хатиби Камолдин Исақов
Манба: @SOFTALIMOTLAR