У киши Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Ҳанбал ибн Ҳилол ибн Асад аш-Шайбоний ал-Марвазий, сўнгра ал-Боғдодийдирлар. Оналари Марв шаҳридан у кишига ҳомиладорлик вақтларида чиққанлар ва 164 ҳижрий йилда Боғдодда туғилганлар, шу ерда вояга етганлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ суннатни жамлашга ва уни ёд олишга бутун вужудлари билан киришдилар, натижада ўз асрининг муҳаддисларининг имомига айландилар. У киши Кўфа, Басра, Макка, Мадина, Шом ва Яманда бўлганлар. Ҳадисларни Ҳошим, Иброҳим ибн Саъд, Суфён ибн Уяйна ва бошқалардан ривоят қилганлар. Фиқҳни Имом Шофеъийдан у киши Боғдодга келган вақтларида олганлар. Шофеъийнинг бағдодлик шогирдлари ичида энг каттаси бўлганлар, сўнгра ўзлари мустақил тарзда мужтаҳид бўлганлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ўз яқинлари орасида суннати набавияни ёдлаш, уни тўқима ҳадислардан тозалаш ва уларни жамлаш билан кўзга ташландилар. Бунинг далили сифатида қирқ мингдан зиёд ҳадисни ўз ичига олган “Ал-Муснад” китобларини кўришимиз мумкин. Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳга бошқаларда бўлмаган қувваи ҳофиза берилган эди. Абу Заръа айтадилар: “Аҳмад ибн Ҳанбал вафот қилган куни мен у кишидан қолган китобларини чамалаб кўрсам, роппа-роса ўн икки ҳамл чиқди (бир ҳамл 249,6 кг.), мана шуларнинг ҳаммасини у киши ёддан билар эдилар. Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ўғиллари Абдуллоҳ айтадилар: Отам менга: “Вакиънинг китобидан хоҳлаганингни танлаб ол ва ундаги хоҳлаган ҳадисни сўрагин, мен уни иснодини сенга айтиб бераман, ёки хоҳлаган иснодни сўрагин, мен ундаги ҳадисни айтиб бераман”, дедир эдилар. У киши ўз замонасининг ғоятда тақволи ва зоҳид кишиси эдилар. Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Мен Боғдоддан чиқиб кетдим ва ортимда Ибн Ҳанбалдан кўра фақиҳроқ, тақводорроқ, зоҳидроқ ва олимроқ киши қолмади”.
Аҳмад ибн Ҳанбал халифалар Маъмун, Муътасим ва Восиқ замонларида бошларидан кўп машаққатли синовларни ўтказдилар. У кишини Қуръонни махлуқ дейишга мажбурлашди, аммо у киши бундан бош тортдилар. Бу азоблар у кишини қатъиятликларини синдира олмади ва шу сабабли Ислом умматининг буюк йўлбошчисига айландилар. Агар Аҳмад Ибн Ҳанбал бирор киши ҳақида: “Бу жуда ёмон одам десалар, халойиқ у кишини ҳаттоки жанозасига ҳам бормас эди, агар бирор олим ҳақида: “Бу жуда ҳам яхши инсон”, десалар одамлар ҳам у олимни севиб ҳурмат қилишар эди.
Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ўз эътиқодларига содиқ ва собит бўлишлари бошларига тушган ва мусулмонларнинг бошидаги ғам ташвишни бартараф бўлишига сабаб бўлди. Ибн ал-Мадиний айтадилар: “Аллоҳ таоло исломни икки киши билан қувватлантирди: биринчиси, араблар диндан қайтиб муртад бўлган кунда Абу Бакр Сиддиқ билан қувватлантирган бўлса, иккинчиси, Қуръонни махлуқ дейилган мусибатли кунда Аҳмад ибн Ҳанбал билан қувватлантирган.
Куръонни махлуқ демаганликлари учун Аҳмад ибн Ҳанбалга халифа Муътасим томонидан дарра урдирилган. Дарра урган ходим айтади: “Аллоҳга қасамки, Аҳмад ибн Ҳанбални урган даражада агар туяни урганимда у ўлган бўлар эди”. Аҳмад ибн Ҳанбалга дарра урилганидан кейин ўша даврда яшаган тариқат пешволаридан бўлмиш Бишр ал-Ҳофийга: “Сиз Аҳмад гапирган гапларни гапира оласизми? дейишганда, у: “Йук, мен ундай қилишга қурбим етмайди, Аҳмад ҳозир пайғамбарларнинг мақомида турибди”, - деган.
Бир куни у кишини ёнларига Ал-Марвазий келдилар ва: “Эй устоз! улар Сизни калтаклашга олиб келишди, ахир Аллоҳ таоло Қуръонда “Ўзларингизни ўлдирмангиз!” деган-ку (яъни, ўзингизни ҳалокатга ташлаб калтак остида қолгандан кўра Қуръонни махлуқ деб қўяқолсангиз бўлмайдими?” - дедилар. Шунда Аҳмад ибн Ҳанбал ал-Марвазифга: “Ташқарига чиқиб қара”, дедилар. Ал-Марвазий айтадилар: “Ташқарига чиқиб халифанинг ҳовлисига қарасам, у ерда тумонат одам тўпланган бўлиб, ҳар бирининг қўлида қалам ва қоғоз бор эди. Мен улардан: “Нима қилаяпсизлар?” - деб сўрадим. Улар: “Биз Аҳмадни оғзидан чиқадиган гапни кутиб турибмиз, нима десалар, шуни ёзиб олмоқчимиз, - дейишди. Кейин мен Аҳмадни олдиларига бордим ва бўлиб ўтган гапни айтдим. Шунда менга қараб: “Эй ал-Марвазий, улар залолатдамилар? Йуқ, ҳеч қачон, мен ўлсам ўламан, лекин уларни залолатга бошламайман”, - дедилар. Ал-Марвазий айтадилар: “Аҳмад Аллоҳни йўлида ўз жонини тиккан кишидир”.
Халифа Ал-Мутаваккил даврида мазкур синовларга барҳам берилди. Халифа томонидан Аҳмад ибн Ҳанбалга иззат-икром кўрсатилди, мол-дунё ҳадя қилинди. Лекин шунга қарамай Аҳмад ибн Ҳанбалга нисбатан Аллоҳ таоло банданинг жисмида ўрнашган, Аллоҳ таоло мужассам зот, Аллоҳ бирор бир жиҳатга мансуб, деган эътиқодни илгари суради каби туҳматлар давом этди. Ҳарфлар ва овозлар қадимдан мавжуддир, деган ақидани ҳам у кишига нисбат беришган. Лекин бу гапларнинг ҳаммаси ёлғон. Аҳмад ибн Ҳанбал бу масалаларда салаф уламоларининг мазҳабларидан юриб, масалаларни асл моҳиятини Аллоҳнинг ўзига ҳавола қиладилар, уни таъвил қилишдан (яъни, ўзларича маъно беришдан) тийиладилар. Масалан, “Истиво” (яъни қасд қилиш) “яд” (яъни қўл) ва “улув” (яъни олий бўлиш)ларни Аллоҳнинг сифатлари деб билиб, Аллоҳни ҳар қандай айбу-нуқсондан поклаш мақсадида уларнинг кайфиятларини номаълум деб эътиқод қилганлар.
ҲАНБАЛИЙ МАЗҲАБИНИНГ ТУЗИЛИШИ
Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ижтиҳод усуллари Шофеъийнинг ижтиҳод усулларига жуда яқин. Чунки у киши фиқҳни Шофеъийдан олганлар.
Ибн ал-Қайюм ўзларининг “Аъломул муаққеъийн” китобларида айтадиларки: “Аҳмад ибн Ҳанбалнинг фатволари қуйидаги усулларга асосланган:
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ 241 ҳижрий йилда Бағдодда вафот қилдилар.
АҲМАД ИБН ХАНБАЛНИНГ ИЗДОШАРИНИ ОЗЛИГИ ВА УНИНГ САБАБИ
Аҳмад ибн Ҳанбалнинг мазҳабларини ўзига хос жиҳати шуки, асосан ривоятга маҳкам суянади, фатво беришда шариъат нусусларидан (яъни Қуръон ва суннат) ёки саҳобийлардан ворид булган нарсалардан четга чиқмайди. Аҳмад ибн Ҳанбал мазҳабларида ижтиҳодий масалаларда фикр билдириш ва қиёсга амал қилинганлигини камдан-кам учратиш мумкин. Бу ҳақда юқорида у кишининг мазҳабларини тузилиш усули бобида кўриб ўтдик.
Имом Аҳмад ва у кишидан кейин келган издошларини қиёсга кенг йўл бермаслиги иккинчи томондан уларда нусусларни ва саҳобаларнинг гапларини жамлашликка бўлган қизиқишларини ортишига сабаб бўлди. Бу эса, ўз-ўзидан фиқҳ билан шуғулланувчилар учун кенг йул очиб берди. Бу нарсаларни ҳозирги асримизда ҳам яққол кўришимиз мумкин. Чунки ҳозирги кунда исломий қонунларни ишлаб чиқувчи кишилар бирор бир масала ҳусусидa нaссга муҳтож бўлиб қолсалар ёки одамларни бирорта ишларини ҳал қилиб беришда қийинчиликка учраб қолсалар, дарҳол Имом Аҳмаднинг мазҳабларига мурожаат қилиб, ундан йўл ахтарадилар, яъни ундаги ривоятлардан фойдаланадилар. Масалан, бир лафз билан уч талоқ айтилганда бир талоқ тушиши борасида фатво бераётган шаръий маҳкамалар, фатво ҳайъатларининг далиллари асосан, Ҳанбалий мазҳаби уламоларидан бўлмиш Ибн Таймия ва Ибн ал-Қайюмнинг ривоятларига таянадилар.
Аҳмад ибн Ҳанбалнинг издошлари тўртинчи асрда Боғдодда жуда ҳам кўп бўлганлар, шунинг оқибатида улар куч-қувватларини ўз мазҳабларини кучайтиришга сарфладилар. Шaриатга хилоф деб топган ҳар бир ишларида одамларга қарши чиқиб, дағаллик билан муомала қила бошладилар. Диндаги қаттиқкўлликларини қўллашликда омни хосдан ажратмадилар, балки устига устак Боғдоддаги Шофеъий мазҳабидаги кишиларга ҳам қарши чиқишгача бориб етдилар. Уларга азият етказишлиқда хаддан ошишлари натижасида Боғдодда одамларни ҳам, ҳокимларни ҳам дарғазаб қиладиган фитнани юзага келтирдилар. Оқибатда халифалар уларга қарши қўзғалдилар. Уларни тутган йўлларини ёмонладилар. Бошқаларга қарши қилаётган қаттиққулликларидан қайтмаганларига таҳдид қилдилар. Аҳмад ибн Ҳанбалнинг издошлари томонидан содир этилган бундай ҳаракатлар уларнинг жумуд, яъни фикр доиралари тор ва қотиб қолганлигидан далолат берар эди ва бу одамларни ундай кишилардан нафратланишларига сабаб бўлди.
Ўзларини Ҳанбалий мазҳабида эканлигини даъво қиладиган баъзи кишилар томонидан билдириладиган фикрларда муташаддидлик (қаттиқлик) кайфияти сезилиб турганлиги учун мазҳабнинг асл моҳиятини тушуниб етмаган баъзи авом халқнинг назарида ҳозирги кунда ҳам ушбу мазҳабга нисбатан ўзига хос тушунча сақланиб қолган. Аслида эса, Аҳмад ибн Ҳанбалнинг мазҳаблари диндаги енгилликни ва ҳар қандай айбу-нуқсонлардан пок бўлган шариъатнинг ойнаси эканлигини ёрқин мисолидир. Мазҳабнинг имомининг ўзи унинг мазҳабига нисбатан айтилган гапларни ёлғон эканлигига кафилдир.
Аҳмад ибн Ҳанбалнинг мазҳабларига эргашувчиларнинг озлигига яна бир сабаб, Муҳаммад ибн Саъуд даврига қадар бу мазҳабга бирорта ҳам ҳукумат тақлид қилмаган. Айюбийлар ҳукумати Мисрда Шофеъий мазҳабини тарқатишга хизмат қилгани каби, Ҳанбалий мазҳабини ривожланишига бирорта ҳам ҳукумат хисса қўшмаган. Шу тариқа бу мазҳаб Ислом диёрларида жуда ҳам тор доирада, унга эргашувчиларнинг сони озлигича қолаверган. Ниҳоят, Ҳижозда Саудия ҳукумати барпо бўлганидан кейингина баъзи сиёсий омиллар сабаб бу мазҳаб ўша ерда қарор топди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раисининг биринчи ўринбосари
Ҳомиджон Ишматбеков
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятидан ташриф буюрган 100 нафарга яқин имом-хатиб иштирокида маънавий-маърифий тадбир ҳамда амалий семинар ташкил этилди, хабар бермоқда iccu.uz.
Иштирокчилар дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музей экспозициялари билан танишдилар.
Ташриф давомида меҳмонларга Марказ экспозицияларида акс эттирилган буюк муҳаддислар, мутафаккирлар, фақиҳлар, олимлар ва давлат арбобларининг жаҳон илм-фани ва цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақида маълумот берилди. Нодир қўлёзмалар, археологик топилмалар ва рақамли технологиялар уйғунлиги тарихий меросни замонавий форматда тақдим этиш имкониятини яратаётгани алоҳида эътироф этилди.
Тошкент шаҳридаги «Ҳофиз Кўҳакий» жоме масжиди имом-хатиби Баҳром Отажонов Марказни «нафақат музей, балки халқнинг кўп асрлик тарихи ва цивилизациясини жонли намоён этувчи илмий-маърифий макон» деб баҳолади. Унинг таъкидлашича, экспозицияларда давлатчилик, илм-фан, меъморчилик ва маънавий мероснинг яхлит концепция асосида намоён қилиниши ташриф буюрувчиларда Ўзбекистоннинг цивилизацион тараққиётдаги ўрни ҳақида яхлит тасаввур ҳосил қилади.
– Бу марказ нафақат музей, балки халқимизнинг кўп асрлик тарихи ва цивилизациясини жонли тарзда акс эттирувчи илмий-маърифий макондир. Бу ерда инсоният тараққиётининг муҳим босқичлари, аждодларимизнинг илм-фан, давлатчилик, меъморчилик ва маънавият соҳасидаги буюк мероси яхлит ҳолда намоён қилинган. Айниқса, Амир Темур даври, Қуръони карим, дунёвий илмлар ва тарбия масалаларининг бир маконда уйғунлаштирилгани инсонни чуқур ўйга толдиради. Бу ерга келган ҳар бир киши Ўзбекистоннинг нақадар бой тарих ва юксак цивилизация соҳиби эканига яна бир бор амин бўлади, – деди Баҳром Отажонов.
Имом-хатиблар Марказнинг замонавий кутубхонаси фаолияти билан ҳам танишдилар. Минглаб қўлёзмалар, нодир китоблар ва илмий нашрларни ўз ичига олган фонд исломшунослик, мотуридийлик, ҳадисшунослик, фиқҳ, тафсир ва бошқа йўналишларда тадқиқот олиб борувчи олимлар ҳамда ёш тадқиқотчилар учун муҳим илмий ресурс сифатида баҳоланди.
Олмазор туманидаги «Имом ат-Термизий» жоме масжиди имом ноиби Мансур Мусахон Марказда сақланаётган Ҳазрати Усмон мусҳафини бутун ислом олами учун улкан маънавий бойлик деб атади. Унинг фикрича, аждодлар меросининг замонавий музей технологиялари асосида намоён этилиши ёш авлоднинг тарихий хотираси ва маънавий тарбиясини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
– Бу ердаги ҳар бир экспозиция алоҳида маъно ва тарихни ўзида мужассам этган. Энг катта таассурот қолдирган жиҳатлардан бири — асл Ҳазрати Усмон мусҳафининг шу ерда сақланаётганидир. Бу нафақат юртимиз, балки бутун ислом олами учун улкан маънавий бойликдир. Шунингдек, аждодларимизнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси замонавий ёндашув асосида намоён этилгани ёш авлод учун катта ибрат мактабидир. Тарихи ва илдизига қизиққан ҳар бир инсон бу масканга албатта ташриф буюриши керак, – деди Мансур Мусахон.
Тадбир доирасида дин ишлари соҳаси мутахассислари иштирокида амалий семинар ҳам ўтказилди.
Косонсой тумани бош имом-хатиби Қодирхон Азизов семинар рақамли бошқарув тизимлари диний соҳада ҳам самарадорлик ва шаффофликни оширишга хизмат қилаётганини таъкидлади. У, шунингдек, Марказ кутубхонасида шаклланган бой илмий фонд ислом илмлари бўйича изланиш олиб борувчилар учун муҳим манба эканини қайд этди.
Тадбир якунида иштирокчилар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугун нафақат музей ёки маданий мерос объекти, балки илмий тадқиқотлар, таълим, халқаро ҳамкорлик ва маърифий мулоқотни бирлаштирувчи нуфузли платформага айланиб бораётганини таъкидладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати