Ғассон айтади: «Басралик дўстларимиз шундай дейишди: «Бир киши Юнус ибн Убайднинг олдига келиб, ҳоли танглиги, турмуши ғам-ташвишли эканидан шикоят қилди. Юнус: «Шу кўриб турган кўзларингни 1000 динорга сотасанми?» деди. У: «Йўқ» деди. «Эшитиб турган қулоқларингни 1000 динорга сотасанми?» деган эди, яна «Йўқ», деди. «Гапираётган тилингни-чи?» деган эди, яна «Йўқ», деди. «Уриб турган юрагингни-чи?» деган эди, яна «Йўқ», деди. «Икки қўлингни 100 мингга сотасанми?» деган эди, яна «Йўқ», деди. «Икки оёғингни-чи?» деган эди, яна «Йўқ», деди. Шунда Юнус: «Аллоҳ таоло сенга юз минглаб неъматлар ато қилибди-ю, сен бўлса шикоят қилиб ўтирибсан», деди.
«Солиҳлар гулшани» китобидан
Мадиналик ансория аёллардан Умму Сулайм розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб:
يا رسولَ اللهِ علِّمْني كلماتٍ أَدْعو بهِنَّ
“Ё Аллоҳнинг Расули, менга шундай калималарни ўргатингки улар билан дуо қилай”, деди.
У зот алайҳиссалом:
قال: تُسبِّحينَ اللهَ عَشْرًا وتَحمَدينَه عَشْرًا وتُكبِّرينَه عَشْرًا ثُم سَلي حاجَتَكِ
“Ўн марта тасбеҳ (“Субҳаналлоҳ”), ўн марта таҳмийд (“Алҳамдулиллаҳ”) ва ўн марта такбир (“Аллоҳу акбар”) айтиб, сўнгра Аллоҳдан ҳожатингни сўрайсан, Шунда Аллоҳ таоло:
فإنَّه يقولُ: قد فعَلْتُ قد فعَلْتُ
“батаҳқиқ амалга оширдим”, “батаҳқиқ амалга оширдим”, деб айтади”, дедилар (Имом Термизий ва Насоий ривояти).
Ушбу ҳадисда саҳобия аёлларнинг илмга рағбати, дуо қилишдан олдин Аллоҳни зикр қилиш лозимлиги, дуонинг ижобат бўлиши каби бир қанча фойдалар мужассам.
Қолаверса, бошқа ҳадисларда бир марта “Алҳамдулиллаҳ” деб айтиш қиёмат куни амаллар тарозисини, “Субҳаналлоҳ” ва “Алҳамдулиллаҳ” дейишнинг савоби эса, ер ва осмон ўртасини тўлдириши баён этилган.
Даврон НУРМУҲАММАД