Муфассирларимиз айтишади: «Аллоҳ таоло Ҳабибимизнинг муборак исмларини Оли Имрон сураси 144; Аҳзоб сураси 40; Муҳаммад сураси 2- ва Фатҳ сураси 29-оятларида зикр қилиш баробарида у зотга Каломуллоҳнинг 13 ўрнида “Эй Набий”, 2 ўрнида “Эй Расул!” деб мурожаат қилган. Аслида, юксак эҳтиромга сазовор кишига исми билан эмас, балки унинг унвони, даражаси ва мавқеи билан хитоб қилинади.
Бундан ташқари, Қуръони каримда буйруқ майлида келган барча ҳукм оятлари бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мурожаатдир. Шу орқали у зотнинг умматларига таълим берилган. Охир замон умматини эса Аллоҳ таоло бошқа умматлардан улуғлаб, мақтаган: “Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз, (эй мусулмонлар!) зеро, сиз амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз» (Оли Имрон сураси, 110-оят). Бу ҳам аслида Пайғамбаримиз алайҳиссаломга берилган таърифдир: у зотнинг умматлари энг яхши уммат экан, ўзлари энг улуғ набийдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда сўнгги умматга 90 ўринда “Эй имон келтирганлар!” деб мурожаат қилган. Демак, инсонларнинг “Эй имон келтирганлар!” деган шарафли номга сазовор бўлишларида Набий алайҳиссаломнинг рисолатлари асос бўлган.
Оятдаги “У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминларга нисбатан) эса раҳм-шафқатлидирлар” жумласидан мурод Расулуллоҳнинг тўрт рошид халифаси – Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розийаллоҳу анҳумдир. Ҳақиқатан, ҳазрат Абу Бакр розийаллоҳу анҳу Маккадан Мадинага ҳижрат асносида Савр ғорида Набий алайҳиссалом билан бирга бўлди, кейин ҳам кўп вақтини коинот султони билан бирга ўтказди. Ҳазрат Умар розийаллоҳу анҳу кофирларга жуда қаҳрли, ҳазрат Усмон розийаллоҳу анҳу мўмин-мусулмонларга раҳм-шафқатли эди. Ҳазрат Али розийаллоҳу анҳу эса кўп руку-сажда қиладиган, яъни ибодатга берилган зот эди (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин).
Давоми бор...
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар бошчилигидаги делегация Истанбулда бўлиб ўтган Фатво кенгашларининг халқаро маслаҳат йиғилишида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Туркия Диёнат ишлари бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган тадбирда Қатар, Афғонистон, Болгария, Сомали, Мавритания, Яман, Фаластин, Сурия, Ироқ, БАА, Қозоғистон, Россия, Индонезия, АҚШ, Ўзбекистон ва бошқа кўплаб давлатлардан фатво марказлари вакиллари қатнашди.
Учрашувда Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Сомали вақфлар вазири, Мавритания таълим ва ислом ишлари вазири, Яман вақфлар ва иршод вазири, Фаластин олий шаръий қозиси, Сурия бош муфтийси ҳамда бошқа диний уламолар нутқ сўзлади.
Тадбир фатво кенгашларининг уммат бирлигини мустаҳкамлашдаги ролига бағишланди. Фатволарни жамоавий ишлаб чиқиш, айни бир диний масала бўйича зид талқинлар тарқалишининг олдини олиш ва ёшларни қизиқтирган эътиқод масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Оила институти муаммолари, фатво кенгашларининг зўравонлик ва терроризмга муносабати, миграция билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳам фикр-мулоҳаза алмашилди.
Шайх Нуриддин Холиқназар араб тилида Ўзбекистонда диний соҳада амалга оширилаётган давлат сиёсати ва ислоҳотлар ҳақида сўз юритиб, бу борадаги асосий йўналишлар ва режалар ҳақида маъруза қилди.
Муфтийнинг таъкидлашича, таҳдидлар кучайиб бораётган бугунги даврда уммат ҳамжиҳатлиги тинчлик ва тараққиётнинг муҳим омилидир. Фатво кенгашлари замонавий муаммоларга шариат мезонлари ва мўътадиллик тамойили асосида ечим топиши лозим. Интернет орқали тарқатилаётган асоссиз фатволарнинг олдини олиш зарур.
Шу билан бирга, Миср Фатво уйининг “Имом Қарофий” мукофотига сазовор бўлган Ўзбекистон Фатво марказининг фаолияти ва тажрибаси ҳақида ҳам алоҳида маълумот берилди.
Ўзбекистон делегацияси раҳбарининг фатво ҳайъатлари томонидан тасдиқланган фатволар учун ягона рақамли платформа ташкил этиш, интернетда фатво эълон қилиш ва сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича мезонларни ишлаб чиқиш, малакали фақиҳларни тайёрлаш бўйича қўшма дастурларни амалга ошириш юзасидан илгари сурган таклифлари иштирокчилар томонидан юқори баҳоланди.
Ўзбекистон ва Туркия диний идоралари вакиллари ўртасида ўтказилган учрашувда икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Томонлар зиёрат туризми, Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги кўп томонлама ҳамкорлик ҳамда бошқа шериклик йўналишлари бўйича келишувга эришди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати