Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Октябр, 2025   |   28 Рабиъус сони, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:22
Қуёш
06:40
Пешин
12:13
Аср
15:52
Шом
17:39
Хуфтон
18:51
Bismillah
20 Октябр, 2025, 28 Рабиъус сони, 1447

Islom.uz портали Навоий ҳазратларининг асари асосида танлов ўтказмоқда

22.01.2021   1745   2 min.
Islom.uz портали Навоий ҳазратларининг асари асосида танлов ўтказмоқда

Islom.uz портали шеърият мулкининг султони Алишер Навоийнинг халқаро миқёсда нишонланаётган 580 йиллигини муносиб қаршилаш мақсадида «Арбаъин» номли танлов эълон қилди.

Танлов икки йўналишда ўтказилади:

Биринчи йўналиш:

— Тўртликни ифодали ўқиб бериш.

— Ҳадисларнинг ўзбекча таржимасини айтиб бериш.

Иккинчи йўналиш:

— Ҳадиснинг арабча матнини ўқиб бериш.

— Тўртликни ифодали ўқиб бериш.

— Ҳадисларнинг ўзбекча таржимасини айтиб бериш

— Ҳадиснинг ровийсини айтиш.

Ҳар икки йўналишда ҳам иштирокчилар билет танлашади. Танлаб олинган билетда келтирилган ҳадис рақамига кўра, (ҳар бир билетда тўртта рақам бўлади ва шу рақамда кўрсатилган ҳадисларни айтиш керак) иштирокчилардан ўша ҳадисни айтиб бериш талаб этилади. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким умматимга дин ишлари борасида қирқта ҳадисни муҳофаза қилиб берса, Аллоҳ уни Қиёмат куни фақиҳ қилиб тирилтиради, Қиёмат куни мен унга шафоатчи ва гувоҳ бўламан» деганлар.

Имом Байҳақий ва бошқалар ривоят қилган.

Мазкур ҳадиси шарифнинг илҳоми, ундаги ваъдага умидворлик билан нафақат муҳаддис ва уламолар, балки кўпчилик мусулмон шоирлар ҳам «Арбаъин»лар ёзганлар. «Арбаъин» сўзи «қирқ» дегани бўлиб, бу асарларда фазилатли амалларга, Ислом ахлоқига доир қирқта қисқа-қисқа ҳадислар шеърий тўртликлар шаклида таржима қилинган. Жумладан, буюк олим Абдурраҳмон Жомий раҳматуллоҳи алайҳ форс тилида, мумтоз шоир Алишер Навоий туркий тилда «Арбаъин» асарларини ёзганлар.

Мумтоз адабиётимизни, хусусан, Алишер Навоийнинг «Арбаъин» асарини чуқурроқ ўрганганимиз сари унинг Қуръон ва суннатдаги ўгитларга, динимиз таълимотлари ва ғоясига асослангани тобора яққол кўрина бошлайди.

Бугун ҳам ана шу мўътабар манбаларни ўрганиш ва улар асосида яшаш долзарблигини йўқотган эмас. Уларсиз тарихимизни, адабиётимизни, хусусан, Навоийнинг улкан меросини тўлиқ тушуниб, англаб бўлмайди. Улуғ бобомиз Алишер Навоийнинг асарлари қанча кўп ўрганилса, шунча оз. Зеро, уларнинг асарлари битмас-туганмас зиё манбаидир.

Алишер Навоий Аллоҳга иймон келтирган, Қуръони Каримдаги ҳар бир оятни муқаддас деб билган, нақшбандия тариқатини қабул қилган шоир ва мутафаккирдир. Унинг ижоди моҳиятини англаб етмоқ учун киши дин тарихини яхши билиши, Қуръони Каримни ўқиб, маъносини англай олиши керак.

Улуғ бобокалонимизнинг меросларини тўла ва тўғри тушуниш ҳамда шундай талқин қилиш, бу олтин меросни ҳақиқий, соф ҳолатда кейинги авлодларга етказиш биз, фарзандларнинг шарафли бурчимиздир. Бундай улкан вазифани шараф билан адо қилиш бахтини ҳозирги илм ва маърифат кишиларига, алалхусус, Алишер Навоийга ўзини авлод деб билган сизу бизлар – барчамизга Аллоҳ таолонинг Ўзи насиб этсин!

 

azon.uz

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Қалбингни Аллоҳга қайтар

17.10.2025   9827   1 min.
Қалбингни Аллоҳга қайтар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мен падари бузрукворим раҳматуллоҳи алайҳдан эшитганман: «Шайх Абдулқодир Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳнинг бир ўғиллари бор эди. Уни ҳазрат қаергадир илм таҳсил қилиш учун юбордилар. У олим бўлиб қайтди. Шайх Абдулқодир Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳнинг бир мажлислари бўлар эди. Мажлисга ҳазратга яқин кишилар келарди. Ҳазрат уларга насиҳат қилиб турардилар. Ўғиллари келганида, ҳазрат унга: «Биродар, сен буткул янги илм ҳосил қилиб келгансан, бугун уларга сен ваъз қил», дедилар. У жудаям тетик эди.

Ҳазратнинг таклифини бажонудил қабул қилди. Мажлис ҳали жам эди. У ваъз айтди. Одамлар тинглайвердилар, тинглайвердилар. Лекин таъсирланмадилар. Оддий бир олимнинг гапини эшитдилар. Шундан кейин ҳазрат ташриф буюрдилар ва ўтириб, бор-йўғи шундай бир жумла айтдилар: «Биродар, биз бугун рўза тутишни ирода қилган эдик. Кечаси саҳарликда ичамиз деб сут сақлаб қўйган эдик. Лекин тақдирни қарангки, мушук сутни ичиб кетди ва биз рўза тута олмадик».

Бор-йўғи шу гапни айтдилар. Гаплари  қаттиқ таъсир қилди. Кейин ҳазрат ўғилларига бундай дедилар: «Қара, сен соатлаб ваъз қилдинг. Уларга ҳеч нарса қилмади. Мен бор-йўғи бир оғиз гапирдим, одамларнинг қалбларига таъсир этди. Сен илм ўрганиб келдинг. Лекин энди қалб дардини пайдо қил, қалбингни Аллоҳга қайтаришга, яъни боғлашга ҳаракат қил. Кейин сенинг бир сўзинг, у фасоҳатли-балоғатли бўлса-бўлмасин фарқи йўқ, одамларнинг қалбларига, руҳиятларига таъсир қилади».

«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан