Islom.uz портали шеърият мулкининг султони Алишер Навоийнинг халқаро миқёсда нишонланаётган 580 йиллигини муносиб қаршилаш мақсадида «Арбаъин» номли танлов эълон қилди.
Танлов икки йўналишда ўтказилади:
Биринчи йўналиш:
— Тўртликни ифодали ўқиб бериш.
— Ҳадисларнинг ўзбекча таржимасини айтиб бериш.
Иккинчи йўналиш:
— Ҳадиснинг арабча матнини ўқиб бериш.
— Тўртликни ифодали ўқиб бериш.
— Ҳадисларнинг ўзбекча таржимасини айтиб бериш
— Ҳадиснинг ровийсини айтиш.
Ҳар икки йўналишда ҳам иштирокчилар билет танлашади. Танлаб олинган билетда келтирилган ҳадис рақамига кўра, (ҳар бир билетда тўртта рақам бўлади ва шу рақамда кўрсатилган ҳадисларни айтиш керак) иштирокчилардан ўша ҳадисни айтиб бериш талаб этилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким умматимга дин ишлари борасида қирқта ҳадисни муҳофаза қилиб берса, Аллоҳ уни Қиёмат куни фақиҳ қилиб тирилтиради, Қиёмат куни мен унга шафоатчи ва гувоҳ бўламан» деганлар.
Имом Байҳақий ва бошқалар ривоят қилган.
Мазкур ҳадиси шарифнинг илҳоми, ундаги ваъдага умидворлик билан нафақат муҳаддис ва уламолар, балки кўпчилик мусулмон шоирлар ҳам «Арбаъин»лар ёзганлар. «Арбаъин» сўзи «қирқ» дегани бўлиб, бу асарларда фазилатли амалларга, Ислом ахлоқига доир қирқта қисқа-қисқа ҳадислар шеърий тўртликлар шаклида таржима қилинган. Жумладан, буюк олим Абдурраҳмон Жомий раҳматуллоҳи алайҳ форс тилида, мумтоз шоир Алишер Навоий туркий тилда «Арбаъин» асарларини ёзганлар.
Мумтоз адабиётимизни, хусусан, Алишер Навоийнинг «Арбаъин» асарини чуқурроқ ўрганганимиз сари унинг Қуръон ва суннатдаги ўгитларга, динимиз таълимотлари ва ғоясига асослангани тобора яққол кўрина бошлайди.
Бугун ҳам ана шу мўътабар манбаларни ўрганиш ва улар асосида яшаш долзарблигини йўқотган эмас. Уларсиз тарихимизни, адабиётимизни, хусусан, Навоийнинг улкан меросини тўлиқ тушуниб, англаб бўлмайди. Улуғ бобомиз Алишер Навоийнинг асарлари қанча кўп ўрганилса, шунча оз. Зеро, уларнинг асарлари битмас-туганмас зиё манбаидир.
Алишер Навоий Аллоҳга иймон келтирган, Қуръони Каримдаги ҳар бир оятни муқаддас деб билган, нақшбандия тариқатини қабул қилган шоир ва мутафаккирдир. Унинг ижоди моҳиятини англаб етмоқ учун киши дин тарихини яхши билиши, Қуръони Каримни ўқиб, маъносини англай олиши керак.
Улуғ бобокалонимизнинг меросларини тўла ва тўғри тушуниш ҳамда шундай талқин қилиш, бу олтин меросни ҳақиқий, соф ҳолатда кейинги авлодларга етказиш биз, фарзандларнинг шарафли бурчимиздир. Бундай улкан вазифани шараф билан адо қилиш бахтини ҳозирги илм ва маърифат кишиларига, алалхусус, Алишер Навоийга ўзини авлод деб билган сизу бизлар – барчамизга Аллоҳ таолонинг Ўзи насиб этсин!
azon.uz
Нукус шаҳридаги "Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний" ўрта махсус ислом билим юрти кичик спорт майдонида "Спорт - саломатлик гарови" шиори остида мусобақа ташкил этилди.
Ушбу футбол мусобақаси қарийб икки ҳафта давомида кўтаринки кайфиятда, соғлом рақобат руҳида ўтди. Талабалар ўз жамоалари билан ғалаба учун курашар экан, ўзаро ҳурмат, жамоавийлик ва спортга бўлган меҳрини намоён этди. Беллашувларда ҳар бир жамоа ғалабага муносиб ўйин намойиш этди, томошабинлар эса ҳар бир гол ва ҳаракатни қизғин олқишлар билан кузатиб борди.
Уч гуруҳда, жами 11 жамоа ўйинларда иштирок этди. Дастлабки ўйинда А гуруҳидан, В гуруҳидан ва С гуруҳидан ғолиблар аниқланиб, кейинги босқичга йўлланма олди.
Якунига кўра, 4-Б курс талабаларидан тузилган гуруҳ 3-ўринни, 2-А курс талабаларидан тузилган гуруҳ 2-ўринни ва 4-С курс талабаларидан тузилган гуруҳ 1-ўринни эгаллади.
Ғолиб жамоалар билим юрти жамоаси томонидан тайёрланган диплом ва совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, мусобақа давомида энг яхши дарвозабон, энг яхши ҳужумчи, энг яхши ўйинчилар аниқланиб, улар ҳам фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.
Мусобақа якунида Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Б.Разов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ижтимоий ва диний ташкилотлар бўйича котибият мудири Ж.Юсупов ҳамда билим юрти мудири Ж.Абдиразаков мусобақа иштирокчиларини ғалабалари билан табриклаб, келгуси ўқишларида муваффақиятлар тилади.