Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазондан кейинги энг афзал рўза, Аллоҳнинг муҳаррам ойи рўзасидир. Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Иордания кардиология илмий-тадқиқот маркази тиббиёт олимлари узлуксиз узоқ вақт ухлаш инсон саломатлиги, юрак-қон томирлари учун зарарлигини, хусусан, қон қуюқлашиши, инфаркт, миокард касалликларига олиб келишини аниқладилар.
Кардиолог олимлар юрак, юрак-қон томирлари касалликларини олдини олишда кечанинг тонгга яқин қисмида уйғониб, ўқилган намоз энг самарали усул эканини таъкидлайдилар.
Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!
Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад
Даврон НУРМУҲАММАД
Кеча, 9 ноябрь куни Ўзбекистон делегацияси ҳамда Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги ўртасида “Ҳаж – 2026” мавсумини намунали ташкил этиш юзасидан мулоқот бўлиб ўтди. Унда Президент маслаҳатчиси ўринбосари Музаффар Комилов, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, атташе Шуҳрат Амоний ҳамда Ҳаж ва умра вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа, Саудия элчиси Юсуф ал-Утайбий келгуси ҳаж мавсумини юқори даражада ташкил этишни муҳокама қилишди.
Учрашув аввалида муҳтарам Президентимиз ҳамда Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд, Валиаҳд Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар салмоқли натижа бераётгани, делегациялар алмашинуви кўпайгани ва ҳожиларга энг юқори даражадаги хизматлар кўрсатилаётгани алоҳида қайд этилди.
Музокаралар чоғида янги мавсумда ҳожилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий этилган янги тартиб-қоидалар тўғрисида фикр-мулоҳаза алмашилди. Жумладан, тиббий талабларга қатъий риоя этиш, ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштириш, шартнома бандларини бажариш ва ҳаж мавсумида низом талабларига амал қилишга урғу қаратилди.
Ҳаж вазири давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан амалга оширилаётган ислоҳотлар, илмий-тадқиқот, бунёдкорлик ишлари, ҳаж ва умра йўналишидаги янгиланишлар ва зиёратчиларимиз тартиб-интизомини юқори баҳолади. Шунингдек, у Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси ва Самарқандаги Имом Бухорий мажмуасининг тантанали очилиш маросимларида иштирок этиш ниятини билдирди.
Учрашувда зиёрат туризмини ривожлантириш, ўлкамизнинг қадимий шаҳарларига саёҳатлар уюштириш, илм-фан, илмий-тадқиқот йўналишида ҳамкорлик қилиш кабиларга ҳам тўхталинди.
Мулоқот якунида томонлар қатор масалалар бўйича келишувга эришиш баробарида ўзаро эсдалик совғалари алмашдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати