Энг бой мерос – бу яхши тарбия.
Абдулла Авлоний
***
Aтрофимиздаги дунё тоғлардир ва инсоний ҳаракатлар қичқириқлардир. Тоғдаги қичқириқ акс-садоси инсонга муқаррар қайтади.
Шарқ ҳикматларидан
***
Буюмларнинг ёруғ томонига қаранг, агар у йўқ бўлса, ёруғлашмагунча уни артинг...
Ҳикматли сўзлардан
***
Ҳақиқий дўст бу йўлингиздаги барча тош ва тўсиқларни олиб ташлайдиган кишидир.
Тарих муҳрлаган сўзлар
***
Бахт соя каби. Уни таъқиб қилсангиз, у сиздан қочади. Ундан қочсангиз, сизни таъқиб қилади.
Шебол
***
Алалоқибат барча етук ақл эгалари Исломни тан олишади.
Гёте
***
Зўраки уринишлар закийликни ўлдиради.
Жон Милтон
Бу дунёда тасодиф бўлмайди: ё синов, ё жазо, ё мукофат, ё ҳикмат.
Саййид Аброр Умар
Қуёш ботса ўкинма, эртага у тонгни бошлаб келади.
Устозлар ўгитидан
Уч нарса хусусида асло ўйлама:
КАМБАҒАЛЛИК хусусида ўйлама, чунки ғаминг кўпайиб кетади. Ғам ғусса эса – очкўзликни зиёда қилади.
Сенга ЗУЛМ қилган киши ҳақида ҳам ўйлама, чунки қалбинг ғазабга тўлиб, адoватинг кучайиб, қаҳр ғазабинг давомийликка юз тутади.
Дунёда узоқ қолиш ҳақида ҳам ўйлама, чунки мол-дунё йиғишга қизиқиб умрни зое қиласан ва амални ортга сурасан.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу
“Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг”.
(Моида сураси, 2-оят)
Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади
Бир таксичи юртидаги бир бой одамни манзилига етказди. Бой одам таблода кўрсатилган маблағни тўлади. У таксидан тушаётганида таксичи унга: “Биласизми, кеча ўғлингизни бир манзилга олиб бориб қўйгандим. У менга таблода кўрсатилганидан анча кўпроқ пул берди. Нега сиз ундан ҳам бой бўлатуриб бундай қилмадингиз?” деди.
Бой одам таксичига кулимсираб қаради: “Сиз нимани кутган эдингиз? Ўғлим отаси бой бўлгани учун шундай қилгандир, мен эса етим ўсганман”, деб тушиб кетди.
Ҳа, кимки ўз меҳнати билан даромад топса, уни қадрлайди. Кимгаки катта маблағ қийинчиликсиз келса, уни кераксиз ўринларга ҳам сарфлайди. Шундай экан, болаларимизга меҳнат билан эришишни ўргатсак, улар тўғри тасарруфни ўзлари ўрганиб олади.
Акбаршоҳ Расулов