Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Март, 2026   |   16 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:34
Қуёш
06:52
Пешин
12:40
Аср
16:33
Шом
18:22
Хуфтон
19:34
Bismillah
05 Март, 2026, 16 Рамазон, 1447

Сериаллар томошабин хулқига қандай таъсир кўрсатмоқда?

20.01.2021   2267   3 min.
Сериаллар томошабин хулқига қандай таъсир кўрсатмоқда?

«Huquq» газетасининг 42-сонида чоп этилган «Сериал – вақт кушандаси(ми)?» сарлавҳали мақолада бугунги куннинг долзарб муаммолари, жумладан, юртимиз телеканалларида намойиш этилаётган хориж сериаллари эфир соатининг кўплиги, улардаги қаҳрамонлар кийими хижолатомуз аҳволда эканлиги, ушбу ҳолатлар ҳамда қадаҳлар акс этган саҳналар хиралаштириб берилаётгани, бу эса томошабин онгига салбий таъсир кўрсатиши ёритилган.

Шу мавзуда устозимиз шайх Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Содиқ ҳазратлари бундай деган эди: «Афсуски, бу ҳозир тўғриланиши керак бўлган долзарб мавзулардан бири. Буюк алломалар юрти бўлган жойларда одамлар аждодларимиздан эмас, балки улар қаттиқ қайтарган нарсалардан ибрат олиши ачинарли ҳол. Яъни одамлар динимиз қайтарган нарсалардан ибрат олишмоқда.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир қавмга тақлид қилса, у ўшалардандир” деган» (Имом Абу Довуд ва Имом Насаий ривояти).

Шарҳ: ўз қавми, ўз дини ва урф-одати туриб, бошқаларнинг турмуш тарзини, кийиниш ва ҳаётдаги бошқа нарсаларини устун қўйиб, жон-жаҳди билан уларга ўхшашга ҳаракат қилиш одамга ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Ўша одам «ҳар кимга ниятига яраша» қоидасига биноан ўзи тақлид қилган қавмдан бўлади. Кофирларга ўхшашни орзу қилиб уринган бўлса, кофирлардан бўлади. Фожирларга ўхшашга ҳаракат қилган бўлса, фожир бўлади ва ҳоказо…

Ислом уммати Аллоҳ таоло юборган таълимотларнинг энг мукаммалига, ҳар бир замон ва маконга муносиб таълимотга раво кўрилган. Ҳақ таоло бу умматни бошқа барча умматлар устидан шоҳид қилиб, ҳар бир нарсада ўзига хосликни бериб қўйган. Шу боис ҳам бу умматга ўзидан бошқаларга ўхшашга ҳаракат қилиш, Аллоҳ таоло осмондан туширган нарсани қўйиб, бошқа миллатлар ердан чиқарган нарсаларга ҳавас қилиши мутлақо тўғри келмайди.

Юқоридаги ҳадисда фақат кийим ҳақида эмас, балки умуман ташқи қиёфани қандай тутиш кераклиги ҳақида ҳам сўз кетмоқда. Демак, ташқи қиёфа маданиятида ҳам ҳар ким ўзлигини, яъни эркак эркаклигини, аёл аёллигини, мусулмон мусулмонлигини унутмаслиги керак. Худди шундай мусулмонлар бошқа миллатларга хос бўлган, уларни мусулмонлардан ажратиб турадиган нарсаларга тақлид қилмасликлари лозим».

Муновий розияллоҳу анҳу айтади: «Ҳаё икки хил бўлади: нафсоний ва иймоний. Биринчиси барча инсонларда яратилган бўлади. Унга авратни очишдан ёки одамлар ҳузурида жинсий яқинлик қилишдан ҳаё қилиш кабилар киради. Иккинчиси эса мусулмоннинг Аллоҳдан қўрқиб ҳаром ишлардан тийилишидир».

Гуноҳларнинг ёмонликларидан бири ҳаёни кетказишидир. Ҳаё – барча яхшиликларнинг асоси. Унинг кетиши барча яхшиликларнинг кетишидир. Гуноҳлар аста-секин ҳаёни заифлаштириб, бир йўла йўқ қилиб юбориши ҳам мумкин.

Ойнаи жаҳонда бериб борилаётган фильмларнинг баъзилари инсон психологияси, ақли ва қалбига салбий таъсир қилмоқда. Бу эса жамиятда янги жиноятлар содир бўлишига олиб келмоқда.

Маълумки, инсон икки, бир-бирига зид бўлган руҳ ва нафс жам қилинган ягона мавжудот ҳисобланади. Шундай экан, салбий оқибатларга етакловчи фильмлар инсонда ёмон оқибатларни келтириб чиқаради. Энг хатарлиси ёш йигит-қизлар бундай фильмларни ота-онаси билан кўриши ва фильм қаҳрамонларига ўхшашга ҳаракат қилишидир.

Менимча, инсон маънавий-руҳий озуқа оладиган тарихий, ёшларни ватанга муҳаббатли бўлишга чорловчи фильмларни кўпайтириш керак. Халқимизнинг маънавий иммунитетини кучайтириш лозим. Фильмлар оммага намойиш қилинишдан олдин уламолар ва турли соҳа вакиллари муҳокамасида тасдиқланиши зарур деб ўйлайман. Зеро, «Маслаҳатли тўй тарқамас» деб бежиз айтилмаган.

Жасур РАУПОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида

04.03.2026   3300   15 min.
Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

Мамлакатимизда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ишончли таъминлаш, уларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳамда жамиятда бундай ҳолатларга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг мазкур йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштирилган ҳолда самарали йўлга қўйиш мақсадида қарор қиламан:

I. Мақсадлар

1. Қуйидагилар мазкур Фармоннинг асосий мақсадлари этиб белгилансин:

(а) никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш ҳолатларининг (эрта никоҳ) олдини олишга эришиш, ота-оналарнинг ўз вояга етмаган фарзандлари учун масъулиятини янада ошириш;

(б) молиявий мустақилликка эришган ва оила қуришга ҳар томонлама тайёр бўлган ёшлар ўртасида никоҳ тузишни рағбатлантириш;

(в) аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш тизимини такомиллаштириш орқали уларнинг сонини кескин қисқартириш, шунингдек, бундай ҳолатга учраган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш;

(г) оила ва хотин-қизлар масканларида никоҳланувчиларни “маиший зўравонликсиз бахтли оилавий ҳаётга тайёрлаш” махсус курсларида бепул ўқитиш билан қамраб олиш даражасини 2026 йилда 50 фоизга, 2027 йилда 60 фоизга ва 2030 йилда 100 фоизга етказиш ҳамда ушбу курслар сифати ва таъсирчанлигини тубдан ошириш.

II. Эрта турмуш қуриш ҳолатларининг олдини олиш

2. Кенг жамоатчиликнинг ташаббуси ва халқаро ташкилотлар тавсиялари асосида тайёрланган никоҳ ёшини камайтиришнинг аниқ (тугал) асосларини белгилаш тўғрисидаги таклиф маъқуллансин.

3. Ёшларнинг ўз ҳаёт йўлини онгли равишда белгилашига кўмаклашиш, шунингдек, никоҳ шартномаси тузилишини рағбатлантириш мақсадида белгилансинки:

(а) 2027 йилдан бошлаб ҳар иккала тараф камида 21 ёшга тўлганда биринчи маротаба никоҳ тузган ёш оилалар учун:

(i) давлат томонидан қўшимча имтиёз ва бошқа шаклдаги қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилади;

(ii) ушбу оилалар Ижтимоий реестрга киритилган тақдирда, оилалар аъзоларига уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш, даромадларини ошириш ёки мураккаб вазиятдан чиқариш учун тақдим этиладиган молиявий кўмаклар (субсидия, ссуда, грантлар) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорлардан 1,5 бараварга оширилган ҳолда берилади;

(б) никоҳ шартномасини тузган никоҳланувчиларни никоҳни қайд этиш учун белгиланган давлат божидан озод этиш тартиби қўлланади.

4. Ҳомиладор талаба-қизларга ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабаларга олий таълим олиш учун “иккинчи имконият” яратиш мақсадида 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб:

(а) курсдан курсга қолган ёхуд талабалар сафидан чиқарилган шахсларга, истисно тариқасида, фанлар фарқини қайта ўзлаштириш шарти билан таълимни давом эттириш имкони яратилсин;

(б) талабалар фанлар фарқини мустақил ўзлаштириши учун қўшимча муддат берилсин ва бошқа зарур шарт-шароитлар ташкил этилсин.

5. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги уч ой муддатда қуйидагилар юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

(а) ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабаларга академик таътил даврида, уларнинг хоҳишига кўра, масофавий таълим шаклида ўқишни давом эттириш имкониятини яратиш;

(б) масофавий таълим шаклида кадрлар тайёрлаш бўйича таълим йўналишлари ва қабул кўрсаткичларини ошириш орқали ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабаларга таълимни давом эттириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш;

(в) академик таътилга чиққан, курсдан курсга қолган ва талабалар сафидан чиқарилган ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабалар юзасидан алоҳида статистик маълумотларни юритиш.

6. Адлия вазирлиги, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили, Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг вояга етмаган шахслар билан никоҳ тузишга даъват этганлик (қизиқтирганлик) ва уни тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарликни белгилаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

7. Белгилансинки, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчилик ёки никоҳ тузиш тартибини бузишга оид ҳуқуқбузарликлар учун ундирилган жарима суммасининг 15 фоизини бундай ҳолат ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантиришга йўналтириш тартиби жорий этилади.

III. Ваколатли орган ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштирилган ҳолда ташкил этиш ҳамда идоралараро ҳамкорликни таъминлаш

8. Никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчилик ёки никоҳ тузиш тартибини бузишга оид ҳуқуқбузарликлар латентлигининг олдини олиш, қилмиш учун жазо муқаррарлигини таъминлаш ва бундай ҳолатга тушиб қолган вояга етмаган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича идоралараро занжирни яратиш мақсадида шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

(а) эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик билан боғлиқ ҳолатлар тўғрисида ички ишлар органлари ва “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига хабар бериш мажбурияти фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ҳамда ФҲДЁ органлари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда диний идора вакиллари зиммасига юклатилади;

(б) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ва ФҲДЁ органлари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда диний идора вакилларининг эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик билан боғлиқ ҳолатлар ҳамда бошқа қонунбузилишлар тўғрисида ички ишлар органлари ва “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига хабар бермаслиги уларнинг маъмурий жавобгарликка тортилишига асос сифатида белгиланади;

(в) эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик аниқланган хотин-қизлар ҳақидаги маълумотларнинг сир сақланиши ва ҳимоя қилинишини таъминлаш кафолатлари назарда тутилади.

9. Ички ишлар вазирлиги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Бош прокуратура, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

(а) 2026 йил якунига қадар Ички ишлар вазирлигининг жиноят ва ҳодисаларни рўйхатга олиш бўйича электрон тизимида эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик билан боғлиқ ҳолатлар тўғрисида хабар бериш имконини берувчи “O‘smir-signal” модулини ишлаб чиқсин;

(б) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ва ФҲДЁ органлари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари, диний идора ҳамда бошқа манфаатдор идораларнинг ахборот тизимлари, шунингдек, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимини Ички ишлар вазирлигининг жиноят ва ҳодисаларни рўйхатга олиш бўйича электрон тизимига “Электрон ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали интеграция қилсин.

10. Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик ҳолатлари бўйича ички ишлар органлари ва “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларини хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқласин.

11. Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили ҳамда эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан хабар бериш мажбурияти юклатилган ташкилотлар билан келишган ҳолда ҳар ярим йиллик якунига кўра мазкур масала бўйича идоралараро қўшма умумлаштиришни ўтказиб, уларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш амалиётини жорий этсин.

IV. Тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига қарши курашиш

12. 2026 йил 1 апрелдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра ҳимоя ордери берилган жабрланувчи хотин-қизларнинг алоқа воситаларига (телефон, планшет ва бошқа қурилмалар) Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари тўғрисида зудлик билан хабар бериш имконини берувчи (“SOS” чақирув) “my.ihma.uz” мобил иловаси уларнинг розилиги билан ўрнатилади.

13. Ички ишлар вазирлиги Бош прокуратура ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда уч ой муддатда зўравонлик ҳолатини содир этган шахснинг руҳиятида бузилиш мавжуд деб тахмин қилишга асослар бўлган тақдирда, ички ишлар органлари томонидан унинг мажбурий амбулатор психиатр кўригидан ўтказилишини ташкил этиш, руҳиятида бузилиш аниқланганда белгиланган тартибда тиббий муассасага жойлаштиришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини киритсин.

14. Бош прокуратура, Олий суд, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг қонунчиликка ўзгартириш киритиш орқали 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб қуйидаги тартибларни белгилаш ҳақидаги таклифларига розилик берилсин:

(а) Жиноят кодексининг 118 (номусга тегиш), 119 (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш), 121 (шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш), 128 (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш), 1281 (ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёки мулкий ёхуд бошқача тарзда манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш), 129 (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) моддаларида назарда тутилган жиноятлар бўйича терговга қадар текширув ва дастлабки терговни фақат прокуратура органлари томонидан амалга ошириш;

(б) вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган шаҳвоний шилқимлик бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш ҳужжатларини қилмишда жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги ҳақида прокурор томонидан қарор қабул қилинганидан сўнг судга юбориш.

15. Кенг жамоатчилик, эксперт ва фаолларнинг жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштиришга қаратилган қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

(а) Жиноят кодексининг 118 ва 119-моддаларида назарда тутилган жиноятларни вояга етмаган шахсларга нисбатан содир этганлик учун судланган шахсларни манзил-колонияларга ўтказилмайдиган маҳкумлар тоифасига киритиш;

(б) мазкур банднинг “а” кичик бандида назарда тутилган жиноятлар учун жазони ўтаётган маҳкумларни психологик тузатиш дастуридан ўтмасдан, сақлаш шароитларини енгиллаштириш амалиётига чек қўйиш.

16. 2027 йил 1 январдан бошлаб аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар, қоида тариқасида, махсус тайёргарликдан ўтган терговчилар ва судьялар томонидан тергов қилиниши ва кўриб чиқилиши белгилансин.

17. Бош прокуратура, Судьялар олий кенгаши, Олий суд ва Ички ишлар вазирлиги:

(а) 2026 йил якунига қадар ҳар бир ҳудуддаги иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда камида 1 нафар терговчи ва судья халқаро стандартларга асосланган дастур асосида махсус тайёргарликдан ўтказилиши ҳамда улар томонидан аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка оид ишлар тергов қилиниши ва кўрилишини таъминласин. Бунда қоида тариқасида махсус тайёргарликдан ўтказишда аёл терговчи ва судьяларга устуворлик берилишига эътибор қаратилсин;

(б) 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси ва Одил судлов академиясида халқаро ва миллий экспертларни жалб қилган ҳолда терговчи ва судьялар учун “Жиноятдан жабрланган аёллар ва болалар билан ишлашнинг ўзига хос процессуал жиҳатлари” махсус ўқув дастурини ташкил этсин.

18. Ички ишлар вазирлиги Бош прокуратура, Олий суд, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини киритсин:

(а) Жиноят кодексида вояга етмаганларга нисбатан жинсий эркинликка қарши жиноятлар ҳамда улар билан жинсий алоқа қилиш ва уятсиз-бузуқ ҳаракатларни содир этиш билан боғлиқ жиноятлар учун муқаддам судланган шахслар қуйидаги жиноятларни содир этганда уларга тегишинча умрбод озодликдан маҳрум қилиш ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилаш:

(i) ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш;

(ii) ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш;

(б) ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатларни бир гуруҳ шахслар томонидан содир этганлик учун оғирроқ жавобгарликни белгилаш, шунингдек, тергов ва суд амалиётидан келиб чиққан ҳолда Жиноят кодекси 129-моддаси диспозициясига аниқлик киритиш;

(в) Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда шаҳвоний шилқимлик ва никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик учун жазо санкцияларини ошириш, шунингдек, жиноят ишини қўзғатиш рад этилган бўлиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқланган ҳолларда жавобгарликка тортиш тартибини такомиллаштириш.

19. Барча кўринишдаги тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларидан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш мақсадида уч ой муддатда қуйидагилар юзасидан асослантирилган таклифлар киритилсин:

(а) Адлия вазирлиги Бош прокуратура, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) билан биргаликда – аёллар ва болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро стандартлар ва илғор хорижий амалиётни ўрганган ҳолда хотин-қизларни айнан жинси сабабли қасддан ўлдириш (фемицид), оила аъзоларини қасддан ўлдириш (фамилицид), шахсни унинг эркига қарши равишда ноқонуний таъқиб қилиш (сталкинг), Интернет ёки ижтимоий тармоқларда содир этиладиган зўравонлик (киберзўравонлик), вояга етмаган шахслардан жинсий фойдаланиш ҳамда шу мақсадда Интернет орқали вояга етмаган шахснинг ишончини қозониш (онлайн груминг) учун қонунчиликда жавобгарлик белгилаш;

(б) Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги – зўравонлик ҳолатларини содир этган шахслар (агрессор) билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, шу жумладан, бу жараёнда оила ва хотин-қизлар масканлари имкониятларидан фойдаланишни кенгайтириш.

V. Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат

20. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда мазкур Фармон мазмун-моҳиятини тушунтириш,
шу жумладан, оила институтини мустаҳкамлаш ва маиший зўравонликнинг олдини олиш масалалари бўйича креатив индустрия мутахассислари, блогер ва инфлюенсерларни жалб қилган ҳолда медиамаҳсулотларни тайёрлаш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқласин.

21. Судьялар олий кенгаши ва Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг икки ҳафта муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи режа-графикни тасдиқлаб, амалиётга жорий этиш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин:

(а) ҳар бир вилоят кесимида “маҳалла еттилиги” билан оилавий (маиший) зўравонлик тушунчалари ва унинг олдини олишга қаратилган ўқув семинар машғулотлари ўтказиш;

(б) умумий ўрта, ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотларида суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фахрийлари иштирокида аёллар ва болаларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг жамиятдаги ўрнини ошириш борасида ёшлар билан учрашувлар ўтказиш.

22. Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича “йўл харитаси” иловага мувофиқ тасдиқлансин.

23. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсан жавобгар этиб Бош вазирнинг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Б. Маҳкамова, Бош прокурор Н.Т. Йўлдошев ва ички ишлар вазири А.А. Ташпулатов белгилансин.

24. Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Н.Ж. Хакимова зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш. Мирзиёев

МАҚОЛА