«Huquq» газетасининг 42-сонида чоп этилган «Сериал – вақт кушандаси(ми)?» сарлавҳали мақолада бугунги куннинг долзарб муаммолари, жумладан, юртимиз телеканалларида намойиш этилаётган хориж сериаллари эфир соатининг кўплиги, улардаги қаҳрамонлар кийими хижолатомуз аҳволда эканлиги, ушбу ҳолатлар ҳамда қадаҳлар акс этган саҳналар хиралаштириб берилаётгани, бу эса томошабин онгига салбий таъсир кўрсатиши ёритилган.
Шу мавзуда устозимиз шайх Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Содиқ ҳазратлари бундай деган эди: «Афсуски, бу ҳозир тўғриланиши керак бўлган долзарб мавзулардан бири. Буюк алломалар юрти бўлган жойларда одамлар аждодларимиздан эмас, балки улар қаттиқ қайтарган нарсалардан ибрат олиши ачинарли ҳол. Яъни одамлар динимиз қайтарган нарсалардан ибрат олишмоқда.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир қавмга тақлид қилса, у ўшалардандир” деган» (Имом Абу Довуд ва Имом Насаий ривояти).
Шарҳ: ўз қавми, ўз дини ва урф-одати туриб, бошқаларнинг турмуш тарзини, кийиниш ва ҳаётдаги бошқа нарсаларини устун қўйиб, жон-жаҳди билан уларга ўхшашга ҳаракат қилиш одамга ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Ўша одам «ҳар кимга ниятига яраша» қоидасига биноан ўзи тақлид қилган қавмдан бўлади. Кофирларга ўхшашни орзу қилиб уринган бўлса, кофирлардан бўлади. Фожирларга ўхшашга ҳаракат қилган бўлса, фожир бўлади ва ҳоказо…
Ислом уммати Аллоҳ таоло юборган таълимотларнинг энг мукаммалига, ҳар бир замон ва маконга муносиб таълимотга раво кўрилган. Ҳақ таоло бу умматни бошқа барча умматлар устидан шоҳид қилиб, ҳар бир нарсада ўзига хосликни бериб қўйган. Шу боис ҳам бу умматга ўзидан бошқаларга ўхшашга ҳаракат қилиш, Аллоҳ таоло осмондан туширган нарсани қўйиб, бошқа миллатлар ердан чиқарган нарсаларга ҳавас қилиши мутлақо тўғри келмайди.
Юқоридаги ҳадисда фақат кийим ҳақида эмас, балки умуман ташқи қиёфани қандай тутиш кераклиги ҳақида ҳам сўз кетмоқда. Демак, ташқи қиёфа маданиятида ҳам ҳар ким ўзлигини, яъни эркак эркаклигини, аёл аёллигини, мусулмон мусулмонлигини унутмаслиги керак. Худди шундай мусулмонлар бошқа миллатларга хос бўлган, уларни мусулмонлардан ажратиб турадиган нарсаларга тақлид қилмасликлари лозим».
Муновий розияллоҳу анҳу айтади: «Ҳаё икки хил бўлади: нафсоний ва иймоний. Биринчиси барча инсонларда яратилган бўлади. Унга авратни очишдан ёки одамлар ҳузурида жинсий яқинлик қилишдан ҳаё қилиш кабилар киради. Иккинчиси эса мусулмоннинг Аллоҳдан қўрқиб ҳаром ишлардан тийилишидир».
Гуноҳларнинг ёмонликларидан бири ҳаёни кетказишидир. Ҳаё – барча яхшиликларнинг асоси. Унинг кетиши барча яхшиликларнинг кетишидир. Гуноҳлар аста-секин ҳаёни заифлаштириб, бир йўла йўқ қилиб юбориши ҳам мумкин.
Ойнаи жаҳонда бериб борилаётган фильмларнинг баъзилари инсон психологияси, ақли ва қалбига салбий таъсир қилмоқда. Бу эса жамиятда янги жиноятлар содир бўлишига олиб келмоқда.
Маълумки, инсон икки, бир-бирига зид бўлган руҳ ва нафс жам қилинган ягона мавжудот ҳисобланади. Шундай экан, салбий оқибатларга етакловчи фильмлар инсонда ёмон оқибатларни келтириб чиқаради. Энг хатарлиси ёш йигит-қизлар бундай фильмларни ота-онаси билан кўриши ва фильм қаҳрамонларига ўхшашга ҳаракат қилишидир.
Менимча, инсон маънавий-руҳий озуқа оладиган тарихий, ёшларни ватанга муҳаббатли бўлишга чорловчи фильмларни кўпайтириш керак. Халқимизнинг маънавий иммунитетини кучайтириш лозим. Фильмлар оммага намойиш қилинишдан олдин уламолар ва турли соҳа вакиллари муҳокамасида тасдиқланиши зарур деб ўйлайман. Зеро, «Маслаҳатли тўй тарқамас» деб бежиз айтилмаган.
Жасур РАУПОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қуръони каримнинг иккинчи сураси “Бақара” деб номланиб, у Мадинада нозил бўлган, 286 оятдан иборат. “Бақара” сўзи сигир маъносини билдиради. Бу сура Бақара деб номланишига сабаб шуки, ўтмишда Бани исроиллик бир киши ўлдирилганида унинг қотили топилмайди. Шунда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга ваҳий юбориб: “Қавмингга айт, сигир сўйиб, унинг бир бўлаги билан ўликни урсин”, деб буюради. Аллоҳнинг буйруғи бажарилганидан сўнг ўликка жон кириб, қотили кимлигини айтиб беради.
Сурада сигир билан боғлиқ воқеа келтирилгани учун унга Бақара деб ном берилган. У Қуръондаги энг йирик сура бўлиб, унда эътиқод, ибодат, иқтисод, муомала, ахлоқ, никоҳ, талоқ, идда каби масалалар билан бир қаторда Мусо алайҳиссалом Фиръавн ва Бани Исроил қавми ўртасидаги можаролар ўз аксини топган.
Суранинг аввалида мўминлар, кофирлар ва мунофиқлар сифатлари ҳақида баён қилиниб, кейин инсоннинг яратилиш қиссаси, рўза, ҳаж ва умра ибодати масалалари, кўпгина ижтимоий масалалар оила, талоқ, эмизиш, идда, мушрика аёлга уйланиш ҳаромлиги, судхўрликнинг ман этилгани ва унинг оқибатлари, қарз олди-берди масалалари, қиёмат куни даҳшатлари зикр қилинади. Шунингдек, Бани Исроилнинг ўтмишда қилган макр-ҳийлалари, хиёнати, алдамчиликлари, бузуқ табиати ҳақида хабардор қилади. Суранинг охирида мўминларнинг тавба қилишга, Аллоҳга доимо тазарруда бўлишига чақириқ келади.
Ушбу суранинг фазилатлари ҳақида ҳадисларда ҳам баён этилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қуръонни ўқинглар, чунки у қиёмат куни ўз аҳли учун шафоатчи бўлади. Икки ёритувчи нур – Бақара ва Оли Имрон сураларини ўқинглар. Зеро, бу иккиси қиёмат куни икки булут ёки бир гуруҳ саф-саф қушлар шаклида келиб, ўз соҳибларининг ҳожатини раво қилади. Бақара сурасини ўқинглар. Уни ўқиш барака, тарк этиш эса ҳасратдир», деганлар (Имом Муслим, Имом Доримий, Имом Аҳмад ривояти).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уйларингизни қабрга айлантирманглар! Бақара сураси ўқилган уйга шайтон кирмайди», дедилар (Имом Термизий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбар алайҳиссалом: «Ҳар нарсанинг саноми – кўзга кўринган жойи бўлади. Бақара сураси Қуръоннинг саномидир. Албатта, шайтон (қайси бир) уйда Бақара сураси ўқилаётганини эшитса, (у ердан) чиқиб кетади», дедилар (Имом Ҳоким ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қуръон оятларининг саййиди Оятул Курсийдир», деганлар (Имом Ҳоким ривояти).
Убай ибн Каъб розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Абу Мунзир, Аллоҳнинг китобидан сен ёд олган қайси оят улуғ эканини биласанми?» дедилар. Мен: «Аллоҳу лаа илаҳа илла ҳувал ҳаййул қоййум», дедим. Шунда у зот кўксимга уриб: «Илм муборак бўлсин, эй Абу Мунзир», дедилар (Имом Муслим ривояти).
Абу Умома ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Ким ҳар фарз намоздан кейин “Оятул Курсий”ни ўқиса, унинг жаннатга киришини фақат ўлим тўсиб туради, холос» дедилар (Имом Насаий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳу: «Ким Бақара сурасидан ўн оятни – аввалидан тўрт оят, оятул курсий ва ундан кейинги икки оят ҳамда охиридан уч оятни кечаси ўқиса, ўша уйга шу кечаси шайтон кирмайди» (Имом Доримий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Бақара сураси охиридаги икки оятни бир кечада ўқиса, кифоя қилади», дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти). Олимлар ҳадисдаги “кифоя қилади”ни ушбу оятларни ўқиган инсон барча ёмонликлардан сақланиши, савоб олиши, тунни ибодат билан ўтказишига кифоя қилади деб шарҳлаганлар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ўтирган эдилар, устларида янграётган бир овозни эшитдилар. Бошларини кўтариб, бу осмондаги бир эшик бўлиб, бугун шу эшик очилди. Фақат бугун очилди, ҳамда у ердан бир фаришта тушди. Шу фаришта ер юзига бугун тушди, холос. Бундан олдин тушмаган эди. Фаришта салом бериб, икки нур башоратини бер, деди. «Бундан олдин бирор пайғамбарга берилмаган, деди. У Фотиҳа сураси ва Бақара сурасининг охиридир. Ундан бирор ҳарф ўқисангиз, унинг савоби берилади», деди (Имом Муслим ривояти).
Ушбу сура ҳақида Ибн Арабий: «Менинг узтозларим ушбу сура ҳақида шундай зикр қиладилар: Бу сурада мингта амр, мингта наҳий ва мингта хабар бор», деганлар.
Зубайд Абдураҳмон ибн Асваддан ривоят қилади: «Ким Бақара сурасини ўқиса, бунинг эвазига унга жаннатда тож кийдирилади» (Имом Доримий ривояти).
Бақара сурасини мунтазам ўқиб юрган ва унга амал қилган инсон шайтон, инс ва жинларнинг ёмонлигидан, сеҳр-жодудан, ҳасад ва нафратдан, бало ва офатлардан, турли хил касалликлардан омонда бўлиб, Аллоҳ таолонинг ҳимоясида бўлади. Шунингдек, унинг юзи нурли, умри баракали, ризқи кенг, мол-дунёси зиёда бўлишига сабаб бўлади. Агар касал бўлса дардига даво топади, қиёматда шафоатчи бўлади, қиёмат куни даҳшатларидан омонда бўлади, дўзахдан эса парда бўлади. Сурани ўқиб кейин қилинган дуолар мустажобдир, чунки бу сурада Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари бор. Ушбу сурани ўқиш, ўрганиш, оятларини тадаббур қилиш, унга ихлос билан амал қилиш улкан ажр, хайр ва баракадир. Аллоҳ таоло барчамизни ушбу суранинг фазилатларига муяссар қилсин.
“Тафсири ҳилол”, “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири”
ва бошқа манабалар асосида Дилшоджон МАМАДАЛИЕВ тайёрлади.