Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси азму шижоатли ҳарбийларимиз, халқимизнинг мард ва жасур ўғлонларини Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан самимий муборакбод этади.
Куни кеча Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ушбу байрам муносабати билан ҳарбийларимизга табрик йўллаб, жумладан бундай деди: “Биз баҳодир ва довюрак ҳарбийларимиз билан – ўзининг муқаддас қасамёдига содиқ қолиб, хизмат бурчини ерда ҳам, кўкда ҳам шараф ила адо этаётган юртимизнинг забардаст ўғлонлари билан ҳақли равишда фахрланамиз”.
Инсон учун киндик қони тўкилган ер қадрли бўлади, қаерда бўлмасин унга талпинаверади. Ватанни севиш, уни ардоқлаш инсон табиатидаги нозик ва теран туйғу. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилаётиб, туғилиб ўсган Ватани – Макка шаҳрига юзланиб: “Қандай яхши юртсан! Мен учун нақадар севимлисан! Агар қавмим мени сендан чиқармаганда сендан бошқа юртда яшамас эдим”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Ҳаётимизга маъно ва мазмун олиб кирувчи тинчлик-ҳотиржамлик каби илоҳий неъматларнинг қадрига етиш, уларга шукр қилиш, уни асраб-авайлаш барчамизнинг бурч ва вазифамиздир. Буни, айниқса, юрт ҳимоячиси деган шарафли ва масъулиятли касбни танлаган ҳарбийларимиз янада теранроқ англайди.
Ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Кимки Аллоҳ таоло йўлида бир кундуз ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой кундузи (нафл) рўза тутиб, кечаси ибодат қилганлик савоби ёзилади. Кимики сарҳадни қўриқлаб турганда ҳалок бўлса, унга ҳам худди шундай ажру-савоб мукофоти бўлади ва шаҳидлик мақоми берилиб, барча фитналардан омонда бўлади” (Имом Насоий ривоятлари).
Аллоҳ таоло Ватанимиз ҳимоячиларига сиҳат-саломатлик, шоду ҳуррамлик ва икки дунё саодатини ато этсин! Юртимиз тинчлиги ва равнақи, динимиз ривожи, халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги йўлида қилаётган хизматларига улкан муваффақиятлар берсин!
Маълумот учун, 1992 йил 14 январь куни мустақил давлатимиз тарихида муҳим воқеа юз берди. Республикамиз Қуролли Кучлари ташкил топди. 1993 йилдан эътиборан 14 январь юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни”, деб эълон қилинди. Жорий йил ана шу шонли сананинг 29 йиллигини нишонлаяпмиз.
Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги она Ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади.
Ушбу байрам билан юрагида Ватан ва халқ севгиси маҳкам жой олган шижоатли ўғлонлар, юрт сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган ака-укаларимиз қатори юрт тинчлиги ва осойишталиги йўлида турли соҳаларда хизмат қилаётган барча ватандошларимизни қутлаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бугун юртимизда тўй масаласи деярли ҳар бир оиланинг ташвишига айланган. Албатта, тўй – халқимиз учун муқаддас қадрият, икки ёшнинг ҳалол никоҳ билан янги ҳаётга қадам қўйиш маросимидир.
Бироқ, сўнгги йилларда бу муборак анъана асл маъносидан йироқлашиб, ортиқча дабдаба ва исроф майдонига айланмоқда. “Одамлар нима деркин?” деган ўй билан амалга оширилаётган тантаналар кўрсатиш ва мақтаниш воситасига айланиб бормоқда.
Ислом ҳар бир ишда ўрта йўлни, яъни меъёр ва иқтисодни буюради. Аллоҳ таоло Қуръонда бундай марҳамат қилади: “Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди.” (Исро сураси, 27-оят).
Яъни, ортиқча сарф-харажат қилиш, бевақт ва кераксиз нарсаларга молни йўқотиш – шайтон йўлидир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бу ҳақда бундай деганлар: “Еб-ичишда, кийинишда ва эҳсон қилишда ҳам исроф қилмангиз, чунки Аллоҳ исрофни яхши кўрмайди.” (Ибн Можа ривояти)
Яна бир ҳадисда эса: “Албатта, энг баракали никоҳ – энг осон бўлганидир.” (Ибн Ҳиббон ривояти), – деб таъкидлаганлар.
Демак, барака дабдабада эмас, соддалик ва самимиятдадир.
Афсуски, бугун кўплаб тўйларда юзлаб меҳмонлар, қиммат ресторанлар, нафсга мос кийимлар, ҳашаматли кортежлар одатга айланиб бормоқда. Бу нафақат иқтисодий, балки маънавий йўқотиш ҳамдир.
Шу ҳақда “Юксалиш” ҳаракати 2025 йил 19 июн – 3 июль кунлари “Ўзбекистонда тўйлар” мавзусида ўтказган сўровнома ҳам яққол тасдиқ беради. Сўровнома онлайн тарзда мамлакатнинг турли ҳудудларида ўтказилган бўлиб, ижтимоий сўровда қатнашганларнинг 71,13 фоизи турмуш қурганлар экани маълум бўлди.
Таҳлилларга кўра, кўпчилик оилаларда даромад даражаси билан тўй харажатлари ўртасида катта тафовут мавжуд. Ижтимоий сўровда қатнашувчиларнинг 65,2 фоизи тўйга 50 миллиондан 100 миллион сўмгача ёки ундан ортиқ маблағ сарфлаганини билдирган. Бу эса кўплаб оилаларнинг бир йиллик даромадига тенг ёки ундан ҳам юқори кўрсаткичдир.
Бу ҳолат шундан далолат берадики, урф-одат ниқоби остидаги исроф нафақат иқтисодий, балки маънавий иллатга айланмоқда. Аллоҳ берган неъматни қадрлаган инсон исроф қилмайди; исроф қилган киши эса неъматнинг ҳаққини бермай, шайтон йўлига кириб қолади.
Шундай экан, тўйда исроф қилиш – риё ва кибрнинг кўриниши. “Одамлар нима деркин?” деган ният билан қилинган ҳар қандай ишда Аллоҳнинг розилиги бўлмайди.
Шариатда никоҳ маросими учун ортиқча сарф талаб қилинмаган. Суннатга мос тўй – оддий, ҳалол ва самимиятга тўла бўлиши лозим. Шу боис, ота-оналар фарзандларига дабдаба эмас, муҳаббат, барака ва тотувликка асосланган ҳаёт тилашлари керак.
Чунки ҳақиқий тўй – элнинг дуоси, оилаларнинг бирлиги ва муҳаббатнинг ибтидосидир. Тўй – Аллоҳнинг неъмати. Уни шукр билан, ортиқча дабдабасиз ва суннатга мувофиқ ўтказиш – ҳар бир мусулмоннинг бурчи.
Зеро, соддаликда барака, исрофда эса ҳалокат бор. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда тўй харажатларининг ортиб боришига қарши маърифат, жамоатчилик назорати ва соғлом анъаналарни рағбатлантирувчи тизимли чоралар зарур. Жамият ўзгаришларга тайёр, энди эса амалий қадамлар вақти келди.
Анвар АГЗАМОВ