Ҳар йили мамлакатимизда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни сифатида кенг нишонланади. Бунинг замирида азиз Ватанимизни душманлардан асраш, тинчлигини сақлаш, чегараси дахлсизлигини таъминлаш, мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, шу заминда яшаётган ҳар бир мусулмон фарзанди бурчли экани эслатилмоқда.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки Аллоҳ таоло йўлида бир кундуз ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой кундузи (нафл) рўза тутиб, кеча ибодат қилганлик савоби ёзилади. Кимики сарҳадни қўриклаб турганда ҳалок бўлса, унга ҳам худди шундай ажру-савоб мукофоти бўлади ва шаҳидлик мақоми берилиб, барча фитналардан омонда бўлади”, дедилар.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Икки кўз эгасини дузах оташи куйдирмас: бири – Аллоҳнинг азобидан қўрқиб йиғлаган кўз, иккинчиси – Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилиб бедор бўлган кўз”, деганлар (Имом Термизий ривояти). Ушбу ҳадисни фарзанду-набираларимиз онгига сингдириб, уларни ҳақиқий посбон қилиб тарбиялайлик.
Аллоҳ таоло юртимиз посбонларини савобли амалларда давомли қилсин, халқимизни бало ва касалликлардан омонда сақласин.
Абдуллахон МИРЗАЕВ,
Денов туманидаги “Муҳаммадқул” жоме масжиди имом-хатиби
Бугун, 19 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари жума намозини Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги "Ракат" жоме масжидида адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари жума намозидан олдин йиғилган жамоатга мавъиза қилиб бердилар. Мусулмоннинг мусулмонга эҳтироми мавзусида қилинган гўзал суҳбат давомида Аллоҳ таоло инсон зотини азизу мукаррам этиб, борлиқдаги барча нарсани инсонга хизмат қилдириб қўйгани, шундай экан, инсонлар ҳам ўзаро аҳл-иноқ, меҳр-муҳаббатли, бир-бирларига доимо ёрдамчи бўлиб ҳаёт кечиришлари динимиз амри экани эслатиб ўтилди.
Маъруза асносида Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар келтириб ўтилди. Жумладан, машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан келтирилган ҳадисда бундай дейилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Каъба атрофида тавоф қилаётганларини кўрдим. У зот Каъбага қараб бундай дер эдилар: "Сен ва сенинг ҳидинг қандай ҳам гўзал! Сен қандай улуғсан ва сенинг ҳурматинг қандай буюк! (Лекин) Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, Аллоҳ наздида мўминнинг ҳурмати сенинг ҳурматингдан ҳам улуғдир" (Имом Ибн Можа ривояти).
Мусулмон кишининг Аллоҳ наздидаги ҳурмати мана шундай баланд экан, ўзаро ҳурмат-эҳтироми ҳам шунга монанд бўлиши таъкидланди. Манфаатли суҳбат якунида бутун дунё мусулмонлари, хусусан, халқимизнинг ўзаро аҳил-иноқлиги бундан ҳам зиёда бўлишини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати