Йўл қуриш – энг савобли амаллардан. Бу тушунча муборак динимизда ҳам, миллий қадриятларда ҳам ўз аксини топган. Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифлар, алломалар ҳикматлари замирида ҳам мана шундай савобли ишларга тарғиб қилинган.
Бинобарин, йўлсозлик – улуғ, шу билан бирга, машаққатли касб. Халқимизнинг “Йўл қуриш – савоб” деган пурмаъно нақли замирида ҳам ана шу ҳаёт ҳақиқати мужассам, десак, муболаға бўлмайди. Негаки, кичик бир йўл ёки кўприк бунёд этилиши туфайли қанчадан-қанча одамлар мушкули осонлашиб, манзили яқинлашади.

Жонажон Ўзбекистонимизнинг янги қиёфасини барпо этишда, она Ватанимизнинг юксак тараққиётини таъминлашда, ҳаётимизни янада обод ва фаровон этишда йўлсозларнинг ҳам алоҳида ҳиссаси бор, албатта.
Янги Ўзбекистонда замонавий автомобиль йўлларини ривожлантириш, жаҳон талабларига жавоб бера оладиган янги йўллар қуриш, комплекс реконструкция қилиш ва таъмирлаш борасида жуда ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Таъкидлаш ўринлики, автомобиль йўлларининг асосий қисми мустақиллик йилларида тубдан таъмирланди, реконструкция қилиниб, янгидан барпо этилди. Тарих қаричида арзимаган бўлиб туюладиган ўттиз йиллик бу даврда йўлсозлик соҳасида салмоқли ишлар амалга оширилганини эътироф этиш керак. Бироқ, бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотлар кўлами шу қадар кенгки, йўлсозлик соҳасида амалга оширилган ишлар кўламидан ҳам бир неча барорбарга ошиқроқ.

Бугунга кунда бутун дунё аҳолиси қаторида ҳалқимиз ҳам оғир синовли кунларни бошидан кечирмоқда. Мураккаб пандемия шароитида кўплаб соҳа ва тармоқлар ривожи йўлида жиддий муаммолар вужудга келди. Аммо мана шундай қийин вазиятда ҳам иқтисодиётимизнинг етакчи соҳаларидан бўлган йўл қурилиши ходимлари бунёдкорлик ишларидан асло тўхтаб қолишмади.
Айниқса, йўлсозларнинг сай-ҳаракатлари билан пандемия даврида ҳам кенг ва равон йўллар ҳамда янги кўприкларнинг барпо этилиши ҳам тадрижий ислоҳотларнинг самараси бўлиши билан бирга, муборак динимиз Исломда ҳам жуда катта хайр-саховат ва савобли амаллардан ҳисобланади.

Маълумки, инсон вафот этганидан сўнг унинг савоб ва гуноҳ амаллари ёзиладиган китоби ёпилади. Аммо шундай савобли ишлар ҳам борки, улар мўмин-мусулмон инсон вафот этгандан кейин ҳам амаллар китоби ёпилмаслигига, айниқса, савоблари узлуксиз ёзилиб туришига, қабридаги ҳаёти ҳам чиройли бўлишига асос бўлади. Мана шундай савобли ишлардан бири йўл қуришдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсон вафот этса учта амалининг савобидан бошқа ҳаммаси тўхтайди. Улар – садақаи жория, фойдали илм ва ота-она ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд”, - деб марҳамат қилдилар.
Садақаи жория – оқиб турадиган, яъни савоби мўминга нафақат бу дунёда балки, қабрда ҳам қиёматда ҳам манфаат бериб турадиган гўзал ишлар мажмуасидир. Жумладан, жамият учун ўта манфаатли бўлган йўллар ва кўприкларни қуриш ва таъмирлаш, мактаб-мадраса ва шифохона кабиларни барпо этиш ишлари ҳам уламоларимиз томонидан садақаи жория тоифасидаги савобли ишлар, деб эътироф этилган.
Шунингдек, бугунги кунда таъмирталаб йўлларга шағал тўкиш, уларни асфальтлаш ишлари билан шуғулланиб, имконияти даражасида ва савоб излаган кишилар учун ғанимат амаллардир. Чунки бу амаллар орқали инсонга шу йўлдан ўтувчиларнинг ҳар бирига етган фойда ва қулайликлар сабабли ажр-савоблар тўхтовсиз амаллар китобига ёзилиб тураверади.

Йўллар элларни-элларга, манзилларни-манзилларга туташтирувчи муҳим воситадир. Давлатимиз томонидан йўл қурилиши соҳасига қаратилаётган жиддий эътибор ҳудудларни ободонлаштириш, йўловчи ва ҳайдовчиларга бирдек қулайлик яратиш, одамларнинг мушкули осон, турмуш даражаси эса янада фаровон бўлишига хизмат қилади, албатта.
Акмалхон АҲМЕДОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси
1. Дуо қилиш. Бу кун қилинган дуолар энг афзал дуодир.
Солиҳлардан бири айтади: "Аллоҳга қасам! Арафа куни бирор дуо қилсам, бир йил ўтмасидан туриб уни худди ёришган тонг каби амалга ошганини кўрдим".
Ўтган солиҳлар эҳтиёжлари учун қиладиган дуоларини арафа кунига сақлаб қўйишар эди. Қанчадан қанча орзу-умидлар ва дуолар арафа кунида ижобат қилинган.
2. Ушбу дуони кўп қилиш. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дуоларнинг яхшиси арафа кунидаги, мен ва мендан олдинги набийларнинг “Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайин қодийр”, деб айтган дуосидир”, дедилар.
3. Аллоҳдан дўзахдан паноҳ сўраш. Бу кундан кўра дўзахдан кўп озод бўладиган кун йўқ. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Арафа куни, Аллоҳ бандаларни дўзахдан кўп озод қилганчалик бошқа бирор кун йўқ!”.
4. Такбири ташриқ айтиш. Бу куннинг бомдод намозидан бошлаб такбир айтилади. “Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар! Аллоҳу акбар ва лиллааҳил ҳамд”.
5. Рўза тутиш. Бу кун тутилган рўза икки йиллик гуноҳларга каффорот бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги ва ундан кейинги йиллардаги гуноҳларга каффорот бўлади деб Аллоҳдан умид қиламан”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Арафа кунингиз муборак бўлсин. Аллоҳ таоло сизни бу куннинг фазилатларидан тўлиқ баҳраманд этсин.
Даврон НУРМУҲАММАД