Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Март, 2026   |   6 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:58
Қуёш
06:17
Пешин
12:34
Аср
16:51
Шом
18:45
Хуфтон
19:58
Bismillah
26 Март, 2026, 6 Шаввол, 1447

Бир савол сўрасам: Сурани нотўғри талаффуз қилиш намозга путур етказади-ми?

27.11.2020   2925   1 min.
Бир савол сўрасам: Сурани нотўғри талаффуз қилиш намозга путур етказади-ми?

— Намоздаги дуоларнинг битта сўзини ёки бирор ҳарфини нотўғри ўқиса ёки талаффуз қилса ҳам маъноси ўзгариб кетади, дейишади. Агар шундай хатолар билан намоз ўқисак, намоз бузилган бўлади-ми? Қабул бўлмайди-ми? Кўнглимизда шундай шубҳа бўлса, нима қилиш керак? Бировлар саҳв саждасини ўқиш керак дейди. Шу ҳақда маълумот берсангиз.

— Мусулмон шахс ҳаётининг барча соҳаларида доимий равишда баркамолликка эришиш ҳаракатида бўлади. Шунингдек, намоз каби амалларда ҳам кечасидан бугуни яхши бўлишига уринади. Сиз айтган ҳолатларда ҳам намознинг қироати, дуолари ва амалларини тўлиқ қилишга интилади.

Демак, имкон борича тўғри ўқишга ҳаракат қилиши лозим бўлади. Аммо бир ҳарфини қолдирса, намози дуруст бўлмайди, дейилгани қироат ҳақидадир, дуолар борасида бунчалик эмас. Нима бўлганда ҳам, хатоларни тўғрилашга ва хатосиз ўқишга интилиш даркор. Ибодатни албатта, меники қабул бўлади, деган ишонч билан қилиш керак. Саҳв саждаси шарт бўлмайди.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Шавволнинг олти кунлик рўзаси

15.04.2024   1015   2 min.
Шавволнинг олти кунлик рўзаси

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Cавол: Рамазон ойидан кейин тутиладиган олти кунлик рўза ҳақида батафсил маълумот берcангиз. Олдиндан раҳмат.

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Рамазон ойидан кейин ҳижрий-қамарий тақвимнинг ўнинчи ойи ҳисобланадиган Шаввол келади. Ушбу ой ҳам фазилатли ва баракотли ойлардандир. Айниқса бу ойда соғлиғи ва имкони бор кишилар нафл рўза тутсалар, кўплаб ажру-савобга эга бўлишлари ваъда қилинган. Жумладан Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан шаввол ойидан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади” (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).

Демак, ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, шавволнинг олти кунида рўза тутган киши умр давомида рўза тутганлик савобини қозонар экан. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)...” (Анъом сураси, 160-оят).

Бу олти кунлик рўзани Рамазон ҳайитининг эртасидан бошлаб тутиш мумкин. Шунингдек шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Бу ҳақда “Зоҳирийя” ва “Хулоса” номли фатво китобларимизда Шаввол ойидаги олти кунлик рўзани кетма-кет тутилиши шарт эмаслиги, балки ой давомида тутиб ҳам адо этиш мумкинлиги айтиб ўтилган.

Шавволнинг олти кунида рўза тутишнинг яна фойдаларидан бири шуки, у Рамазон рўзасидаги йўл қўйилган камчилик-нуқсонларга каффорат бўлади. Зеро беайб – Парвардигори олам! Банда камчилик ва хатолардан холи эмас. Бу – худди фарз намозлар ортидан ўқилган суннат намози кабидир. Ушбу суннатлар фарзда билиб-билмай йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилади. Қиёмат куни банданинг нафл ибодатлари унинг фарз-вожиб амалларда йўл қўйган нуқсонларини тўлдиради.

Қолаверса, шавволнинг олти кунида рўза тутиш ўз моҳияти билан мусулмон кишининг рўзадан зерикмаганига, балки унга рағбати кучли эканига далолат қилади. Зеро, бу ойдаги рўзанинг ҳикмати ҳақида Аллома Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ бундай деган: “Рамазон ойидан кейин рўза тутиб юришга одатланиш – Рамазон ойи рўзасининг қабул бўлгани белгисидир. Чунки Аллоҳ таоло бандасининг бирор амалини қабул қилса, ундан кейин уни (бошқа) солиҳ, хайрли ишларга бошлайди, давомли қилади”. Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази

 
 
Мақолалар