Долзарб мавзу
Бугун, афсуски, айрим ғаламис кимсалар муқаддас динимизни ёмонотлиққа чиқариб, дунёнинг кўпгина давлатларида, хусусан, Ғарб мамлакатларида атайлаб “исломофобия” (яъни, одамларни Исломдан қўрқитиш, диндан бездириш)ни тарқатишга чиранишмоқда.
Қўли қонга ботган манфур, малъун, сотқин кимсалар “жиҳод” ниқоби остида дунёнинг арзимас матоҳига учиб, тинч аҳолининг ҳаловатини бузиш, одамлар ўртасида саросима уйғотиш мақсадида оломон орасида ўзини портлатаётиб “Аллоҳу акбар” дея ҳайқирмоқда. Дин душманлари қаерда қинғир иш қилмоқчи бўлишса, яна ўша улуғ калом – “Аллоҳу акбар” янграйди.
Табиийки, инсонпарвар, мўътадил, ўз номи билан тинчликни тарғиб қиладиган динимизнинг асл моҳиятидан бехабар кимсалар Исломдан чўчиб қолишмоқда. Бу масаланинг биринчи жиҳати.
Яна бир жиҳати шуки, айримлар (ҳатто аҳолисининг аксарияти мусулмон бўлган дитёрларда ҳам) атайлаб динимиз буйруқларини кишиларга машаққатли қилиб кўрсатишмоқда. Бу ҳам кишиларни, диндан юз ўгирмаса-да, лекин Ислом арконларини бажаришдан чўчитмоқда.
Хўш, аслида ҳам шундайми: баъзилар айтаётганидек, динимиз ростдан ҳам машаққатлими? Исломнинг арконларини бажариш шунчалик мушкулми?
Ислом ҳаддан ошиш ва нуқсонга йўл қўйиш ўртасидаги мўътадилликни тутган дин бўлиб, у энг тўғри йўл саналади. Қуръон ва суннатдаги шариат матнлари мўътадил йўлни тутишга буюрувчи ва ғулув номи билан тўғридан-тўғри муболағага берилиш ёки тажовуз, золимлик, адоват, муросасизлик ҳамда чуқур кетиш каби ғулувни ифода этувчи нарсалардан қайтарувчи умумий далиллар билан келган.
Келинг, мусулмонларнинг асосий манбаи бўлган Каломуллоҳга дмурожаат қилайлик. Зеро, илоҳий каломдан ошириб бир сўз дейиш башарият уддалайдиган иш эмас.
Ушбу икки оятда аҳли китобларни динда ғулув кетишдан қайтариқлар бордир. Қуръони каримда аҳли китобларга хитоб қилинган ҳар бир буйруқ ёки қайтариқларда бу уммат назарда тутилган бўлади. Чунки бу (Қуръон) билан аслида мусулмонларга хитоб қилинади. Агар Аллоҳ уларни ғулув кетишдан қайтарган бўлса, демак, биз, биринчи навбатда, ундан ман этилганмиз. Аҳли китоблар орасида ғулувга кетишнинг турли кўринишлари бор эди. Жумладан, баъзилар Аллоҳ таолонинг яратган нарсалари ҳақида ғулувга кетишарди. Масалан, насронийлар Исо ва унинг онаси, яҳудийлар эса Узайр ва бузоқ борасида ғулувга кетишди. Улар ибодатда ғулув кетишди. Насронийлар эса Аллоҳ бирор ҳужжат нозил қилмаган таркидунёчилик ва ундан бошқа ғулув кўринишларини ўйлаб топишди.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу умматни яҳудий ва насронийлар адашгани каби ғулувда уларга эргашишларидан хабар берганлар. Бу эса уммат орасида уларда бўлгани каби ғулувга кетиш содир бўлишини ифода этади. Уларни ғулувдан қайтариш воқеликда айнан бизга ҳам тегишлидир.
Ушбу икки оятда ғулув кетишдан қайтариқ бор. Чунки ҳаддан ошиш – шаръий чегарадан чиқиш демак. Бу эса ғулув маъносидадир, шунингдек, туғёнга кетиш ҳам ҳаддан ошишдир. Иккала оят мўътадиллик, васатийлик ва истиқоматга буюрмоқда, ғулув кетишдан қайтармоқда.
Шу билан бирга, муборак ҳадислар ҳам Ислом умматининг истиқоматда бўлиши учун муҳим маёқдир.
Ушбу ҳадис динда ғулув кетишдан қайтарувчи энг қатъий далилларидан биридир. Ҳадис шайтонга тош отишда тошлар борасида муболаға қилишдан қайтариш учун айтилган бўлса-да, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисни диннинг барча бобларида ғулув кетишдан қайтаришни ўз ичига олган умумий ибора билан баён қилдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам биздан олдин ўтганларни динда ғулувга кетиб, ҳалок бўлганларини баён қилмоқдалар. Нуҳ қавмининг ҳалокати Аллоҳни қўйиб, солиҳларга ибодат қилишлари бўлди. Яҳудийларнинг ҳалокатига эса Узайр ва бузоқ борасида ғулувга кетишлари сабаб бўлди. Улар ҳаддан ошиб, ҳатто пайғамбарларни қатл қилишди. Нозил қилинган китобларни бузиб талқин қилдилар. Насронийларнинг ҳалок бўлишига Исо ва унинг онаси Марям ҳақида ғулувга кетиш сабаб бўлди. Улар динга ундан бўлмаган ибодатларни янгилик қилиб киргизишди. Бу умматнинг ҳам энг кўп ҳалокатга дучор қилувчи омил ғулув ҳисобланади.
Абу Довуд ривоятида эса: “Огоҳ бўлинг! Ғулувга кетганлар ҳалок бўлдилар”, дедилар. Бу сўзни уч бор айтдилар. Имом Нававий: “Мутаъаннитлар –сўз ва амалларида чегарадан чиқиб, ҳаддидан ошадиганлардир”, деган.
Бу ҳадис юқоридаги “Сиздан олдингиларни динда ғулув кетиш ҳалок қилган” ҳадисининг айнан маъноси бўлиб, уни янада таъкидлаб келмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, динимиз, айримлар ўйлаганчалик, машаққат эмас. Исломнинг барча арконларини бемалол бажарса бўлади. Буларнинг ҳеч қийин жойи йўқ. Аслида динимиз осон. Лекин ўзимиз уни қийинлаштириб оламиз. Агар биз биргина Имом Бухорий бобомиз ривоят қилган “Енгиллаштиринг, асло қийинлаштирманг, башорат беринг, асло нафратлантирманг”, ҳадисга риоя қилганимизда эди, бугун ваҳима қилинаётган “исломофобия” ҳам, “динимиздаги машаққатлар” ҳам ўз-ўзидан барҳам топган бўлар эди.
Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби
Хабарингиз бор, 2025 йил ҳажга борган юртдошларимиз Арафот водийсида муҳтарам Президентимизга Қурбон ҳайити табригини йўллаб, юртга қайтгач ҳар бир ҳожи «Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари» деган эзгу ташаббусни бир овоздан олға сурган эдилар.
Ана шу эзгу ташаббус бугун амалга кўчиб, ҳожилар, имом-хатиблар, маҳалла фаоллари билан биргаликда хонадонларга, оилаларга кириб боряпти.
Бугун, 10 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакили Хайрулла домла Абдуллаев бошчилигида туман бош имом-хатиблари, ҳожилар, отинойилар ва маҳалла фаоллари иштирокида Хонқа туманидаги «Сайид ота» жоме масжидида сайёр йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирдан сўнг Хайрулла домла Абдуллаев ҳудуддаги бемор ва ногиронлиги бор оилалар ҳолидан хабар олиб, моддий кўмаклар кўрсатди ҳамда ҳақларига хайрли дуолар қилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда имом-хатиблар, вакиллик ходимлари, туман бош имом-хатиблари ва отинойилари, шунингдек, “Ҳаж – 2025” зиёратчилари, маҳалла раислари иштирокида тумандаги маҳаллаларга ташриф буюрдилар.
Маҳалладаги оилаларга кирилиб, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, ногиронлиги бор оилалар ҳолидан хабар олинди. Шунингдек, эр-хотин, ака-ука, ота-бола, қайнона-келин, ўртасидаги келишмовчилик ва жанжаллар сабабли нотинч бўлиб турган оилалар ўрганилиб, уларга насиҳат қилинди. Ажрим ёқасида турган ёшлар яраштирилди, спиртли ичимликка ружу қўйган кишилар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, уларга йўл-йўриқлар кўрсатилди, тавсиялар берилди.
Шунингдек, адашиб ақидаси бузуқ кимсалар тузоғига тушиб қолган фуқаролар билан ҳам суҳбатлар ўтказилиб, уларга исломнинг соф таълимоти ҳақида маълумотлар берилди.
Шундан сўнг ушбу сайёр учрашувда иштирок этган диний соҳа ходимлари билан таҳлилий йиғилиш ташкил қилинди. Унда тумандаги маҳаллаларда ўрганилган муаммолар, диний соҳадаги ютуқ ҳамда камчиликлар муҳокама қилиниб, ижрога йўналтирилди. Ўтказилган таҳлилий йиғилишда масжиднинг ҳужжат юритиш ва ободончилик бўйича ҳамда аҳолининг турли қатламларидан ўрганилган камчилик ва муаммолар ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ижрога йўналтириш чоралари муҳокама қилинди. Шунинг билан бир қаторда, диний соҳа ходимларига раҳбарлар томонидан аҳоли билан янада яқинроқ ишлаш, соҳанинг ривожини янада такомиллаштириш ҳамда жойларда диний вазиятни янада соғломлаштириш ва шу каби долзарб йўналишлар бўйича керакли кўрсатма ҳамда топшириқлар берилди.
Мазкур тадбирлардан сўнг Аллоҳдан юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги, юртбошимизнинг олиб бораётган ишларига зафарлар сўраган ҳолда хайрли дуолар қилинди.
Хоразм вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати