Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Август, 2026   |   17 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:24
Қуёш
05:47
Пешин
12:24
Аср
17:04
Шом
19:04
Хуфтон
20:23
Bismillah
30 Август, 2026, 17 Рабиъул аввал, 1448

Далилларни тушунишдаги тўғри ёндашув

24.11.2020   4293   6 min.
Далилларни тушунишдаги тўғри ёндашув

“Экстремистик ғояларни  инкор қилишда шаръий далиллар”

3.  Далилларни тушунишдаги тўғри ёндашув.      

Мазкур масала қуйида айтиб ўтиладиган асосларга таянади: 

А). Саҳобаларнинг йўлига эргашиш. Уларнинг “шаръий далилларни тўғри тушунишда саҳобаларннг маслагига эргашамиз” деган гапи айёрликдан кейинги яна бир айёрликдир. Улар саҳобаларнинг назаридаги ёндашув ва ривоятларни қаёқдан ҳам чуқур англасинлар! Чунки саҳобалар ҳақидаги нақл ва хабарлар турли китобларнинг турли бобларида битилган сатрлардир. Ахир улар саҳобаи киромларнинг асарларидан таркиб топган ушбу илмий манбаларни ўзаро мувофиқлаштириб тадқиқ  қила олармиди? Бунинг жавоби  эса шубҳасиз эплай олмайдилар қабилида бўлади.

Аммо улар саҳобаи киромларнинг ёндашув маслакларига тобеъ бўлишни чиндан ҳам истасалар, тўрт мўтабар мазҳабдан бирини танлашга мажбур бўладилар. Чунки мазкур мазҳаб алломалари саҳобаларга биздан кўра яқинроқ ва уларнинг маслагида биздан кўра етукроқ инсонлар эдилар. Турган гапки  шаръий асосларни тушиниш борасида мазҳаб алломаларининг маслаги ҳам ўзларига Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан мерос бўлиб қолмаган. Балки бу жараён саҳобаи киромларга мерос бўлиб қолди. Саҳобалардан тобеийнларга,  тобейинлардан кейин эса фиқҳий мазҳаб мужтаҳидларига уланди.

Шубҳасиз, имом Абу Ҳанифанинг мазҳаблари ибни Масъуднинг йўлига боғланади. Имоми Моликнинг мазҳаблари ибни Умар ва у кишининг ўғиллари ҳамда ҳодимларининг йўлига боғланади. Тобеинлардан иборат тўрт мазҳаб мужтаҳидларининг машойихлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан таълим олганлари ҳеч кимга сир эмас. Энг камида ушбу силсила саҳобалардан таълим олган тобеинларнинг шогирдлари. Шунинг учун ҳам шаръий далилларни идрок этиш борасида тўрт мазҳаб мужтаҳидларининг маслаги расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари бўлиб, айни пайтда саҳобалардан ўтиб келаётган омонатдир. Ҳаммага маълум ҳақиқат шуки, саҳобалар гарчи турли ўлкаларда яшаган бўлсалар-да, уларнинг шаръий асослар устидаги турли ҳил қарашлари ортидан фиқҳий мадрасалар вужудга келди. Ироқда имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ қўллари остида ҳозирги замон таъбири билан айтганимизда фиқҳ куллиялари ташкил топди. Мадинаи мунавварада имом Моликнинг мадрасалари ташкил топди. Кейинчалик бу мактабни икки буюк имомлар – имом Шофиъий ва имом Аҳмадлар ривожлантириб турли ўлкаларга тарқатдилар. Улардан кейингилар зиммасида эса мазкур мужтаҳид алломаларга шогирд бўлиб, кўрсатган йўлига тобеъ бўлиш, уларнинг аслий (ақидавий) қоидаларини маҳкам тутиб айрим фаръий (фиқҳий) масалалардагина ижтиҳод қилиш қолди, холос. Чунки мазкур фиқҳий мазҳабларнинг маслаги Аллоҳ ва расулининг ҳукмларини  англаб етиш ва тўғри тушунишда асос бўладиган саҳобаи киромларнинг маслаги ҳисобланади. Зеро, мазҳаб уламолари далилларни тадқиқ қилишда саҳоба ва тобеинларнинг танловларига эргашиш қоидасини илгари сурдилар. Улар аслий қоидалар ва куллий аҳкомларни жамлаш (мувофиқлаштириш)да бор имкониятларини ишга солдилар. Айнан саҳобалар маслаги асосига ўз мазҳабларини барпо қилиб Китоб ва фатволарида уларни қарор топтирдилар.

Биз бугун мазкур асарларни усули фиқҳ деб номлаймиз. Имом Шофеийнинг “Рисола” номли китоблари ҳам шулар жумласидандир. Имом Молик “Муватто ”

китобларида уни янада кенгроқ ёритганлар. Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг шогирдлари Шайбонийнинг  “Асил” китобида у ҳақида нақл қилинади.

Имом Аҳмаддек забардаст аллома ҳам ўз “Муснад”ларида ундан далиллар келтириб ўтади.

Ҳеч кимга сир эмаски, ўзида саҳобалар танлови ва талқинларини  жамлаган мазкур тизимли усуллар  фиқҳий мазҳабларнинг асосини ташкил қилган.   

Шу ерда ҳақли савол туғилади: саҳобаи киромларнинг шаръий далилларни идрок этиш борасидаги маслагига ҳозирги бидъат аҳли жамоалари яқинроқми ёки саҳобалар замонига яқин бўлган  мазҳаб уламолари яқинроқ бўлганми?

Бугунги воқеъликдан келиб чиқсак уларнинг “шаръий далилларни саҳобаи киромларнинг  талқинида идрок қилиш” деган сўзлари фақат ҳавои гаплардир. Воқеъликда амалиётга татбиқ қилинмаган, бирор илмий қийматга эга бўлмаган даъволардир холос.

Иккинчи: араб луғатини чуқур билиш.

Бу масала борасида ҳам улар араб тилида ҳар қанча чуқур билимларга эга бўлмасин, мазҳаб уламолари жамоасининг билим-маърифати олдида уларнинг ўндан бирини ҳам билмайдилар. Биз қандай қилиб араб тилида ҳам етук даражада гапира олган мазҳаб алломаларни четга суриб қўйиб  уларнинг ўрнига мутаассиб жамоаларнинг маслагини қабул қиламиз?! 

Бу қандай ҳам жаҳолат ва бедодликки, улар ўзларини, шаръий ҳукмлар истинботи учун зарур бўлган араб тили ва қоидаларида чуқур билм ва етарли даражада маҳоратга эга деб биладилар! Мазкур жамоалар фикрича,  араб тили ичида яшаб уни ўзига сингдирган, керак бўлса уни нутқ маданияти даражасида  қўллаб юрган мазҳаб уламолари уларнинг даражасига етолмас эканлар. Ҳатто мақомлари ҳақида “гапирган гапи араб тилидаги ҳужжатдир” дейилган имом Шофеийдек  алломалар ҳам мазкур мутаассиб жамоаларга тенг келмас эмиш. 

Фиқҳий мазҳаб алломалари чизиб берган, ўз шайхлари ва улар орқали саҳобаи киромлардан мерос ўлароқ ўтиб келган ушбу маслак нафс таскин топадиган ва суянишга лойиқ бўлган маслакдир. Биздан бирор киши тўрт мўътабар мазҳабнинг бирортасига эргашар экан, аниқ биладики эргашаётган ушбу йўли замонлар оша минглаб алломалар хизмат қилган асл илмий маслакдир. Китоб ва Суннат ҳидояти (йўллаган йўл)да юриш осон бўлган услубдир. Мазҳаб алломаларининг бошқаларни кофирга чиқариш, экстремизм, ноҳақ қон тўкиш каби вайронкор фикрлар билан ёндашганларини кўрмайсиз. Чунки уларнинг фиқҳий ҳукм ва фатволари бидъат аҳлидан иборат мутаассиб жамоаларнинг тутган йўлидан бутунлай айродир. Аммо мутаассиб жамоа вакиллари илмда ҳам жуда ночор, идрок ва тушунишда юзаки ёндашадиган жамоалардир. Улар  шунинг учун ҳам фатволарида ўйин, шаръий аҳкомларида тартибсиз иш тутадилар.

(давоми бор)

“Экстремистик ғояларни  инкор қилишда шаръий далиллар” китобидан.

Таржимон: Тоҳир Воҳид

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Икки улуғ неъмат

14.08.2026   43530   3 min.
Икки улуғ неъмат

#Мустақилликнинг 35 йиллиги

 

Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тўйи яқинлашиб, жойларда байрам шукуҳи кеза бошлади. Бундан дилда шукроналик ҳисси ортмоқда.

Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб, бундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайди. Улар хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан. Шундай экан, тинчликнинг қадрига етиб, унинг шукрини адо этиш инсоннинг бурчларидандир. Зеро, ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган ишлар хотиржам адо этилиши учун ҳам осойишталик лозим бўлади. Аллоҳ таоло ҳам: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” дея буюради (Бақара сураси, 208-оят). Тинчлик, салимлик мавзуси ўта муҳим бўлгани боис Қуръони карим оятларидан ўрин олган. Зотан, араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлсада, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.

Бандага берилган неъматларнинг қадрига етишда ва уни асрашда, бизга пайғамларларнинг отаси бўлган, Иброҳим алайҳиссалом ўрнак бўлиб келган. У зот ўз даврида Маккага тинчлик, унинг аҳлига ризқ сўрагани сўзимизнинг ёрқин мисолидир: “Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” деди” (Бақара сураси,126-оят).

Аллоҳ таоло бу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўтган пайғамбарлар ҳаётидан хабардор қилиш баробарида, улар сўраган нарсаларни ҳам билдириб, шунга чақирган.

Бу неъатлар бардавом бўлиши учун ҳам инсондан шукр ва қадрлаш талаб этилади. Тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, муқаддас динимиз буюрадиган ишлардан. Шундай экан, инсон ким бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган, Аллоҳ неъмат қилиб берган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, нози неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукр қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши лозим.

Бугун дунёда тинчлиги, хотиржамлигини йўқотганлар қанча. Буларни кўриб, эшитиб турганлар ибрат олиб, хулосалар чиқариб, ўзлари учун инъом қилинган тинчлик ва хотиржамликни қадрлаб, асраб авайлаши лозим.

Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликни сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж, ҳамлалардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, ғарзли ва манфур кимсаларнинг макрларига учмасдан, ёш авлодни ҳам улардан хабардор қилиб, ислом таълимотининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бу хусусида Аллоҳ таоло бундай деган: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).

Хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчлик ва хотиржамликка бўлган эътибори нечоғлик катта, ҳамда бағрикенглик унинг негизи экани яққол намоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса Аллоҳга янада кўпроқ шукр қилишга ундайди.

Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига ҳам боғлиқ. Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари шундан. Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор, бардавом, халқимиз ҳаётини бундан-да фаровон қилсин.

Исомиддин АҲРОРОВ