Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Октябр, 2025   |   6 Жумадул аввал, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:30
Қуёш
06:50
Пешин
12:12
Аср
15:42
Шом
17:27
Хуфтон
18:40
Bismillah
28 Октябр, 2025, 6 Жумадул аввал, 1447

2. БАҚАРА СУРАСИ, 215 ОЯТ

21.11.2020   12013   4 min.
2. БАҚАРА СУРАСИ, 215 ОЯТ

يَسۡ‍َٔلُونَكَ مَاذَا يُنفِقُونَۖ قُلۡ مَآ أَنفَقۡتُم مِّنۡ خَيۡرٖ فَلِلۡوَٰلِدَيۡنِ وَٱلۡأَقۡرَبِينَ وَٱلۡيَتَٰمَىٰ وَٱلۡمَسَٰكِينِ وَٱبۡنِ ٱلسَّبِيلِۗ وَمَا تَفۡعَلُواْ مِنۡ خَيۡرٖ فَإِنَّ ٱللَّهَ بِهِۦ عَلِيمٞ٢١٥

215. (Эй Муҳаммад), сиздан нима эҳсон қилишни сўрашса, "Нима эҳсон қилсангиз ҳам ота-онага, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилинг, қандай яхшилик қилсангиз ҳам Аллоҳ уни албатта билади", денг.

 Яъни, эй Пайғамбарим, сиздан нималарни эҳсон қилиш ҳақида сўрашса, эҳсонни ота-онага, қариндошлар ва етимларга, мискинлар ва мусофирларга қилиш кераклигини айтинг. "Эҳсон" деганда одатда бировга бирор неъматни бериш ва фазлу карам кўрсатиш тушунилади. Лекин "эҳсон" сўзи луғатда "яхшилик қилиш, эзгулик кўрсатиш" маъноларини ҳам англатади. Қуръонда эҳсоннинг фазилати ҳақида зикр этиш баробарида эҳсон қилувчиларга бериладиган савоб-мукофотлар, уларга етадиган манфаатлар ҳам баён этилади. Ҳақиқатан, бирор кишига бир нарсани эҳсон қилсангиз ёки унга бирор яхшилик кўрсатсангиз, бундан дилингиз равшан тортади, руҳий хотиржамлик юзага келади, ўзгаларга манфаат етказганингиздан хурсанд бўласиз. Эҳсон қилинган киши ҳам ўзига кўрсатилган яхшиликдан севинади, дилида сизга муҳаббат пайдо бўлади, агар сизга кеки бўлса, унутади. Шу тариқа жамиятда кишилар ўртасида тотувлик, ҳурмат-эҳтиром пайдо бўлади, душманчиликлар барҳам топади, осойишталик ва фароғат барқарор бўлади. Энг асосийси, кимга яхшилик қилсангиз, Аллоҳ таоло ҳаммасини билиб туради, эҳсонни ўзингизга ўн баробар қилиб қайтаради. Чунки Парвардигорнинг бундай ваъдаси бор: "Ким бир яхшилик қилса, унга ўша яхшилиги ўн баробар қилиб қайтарилади" (Анъом, 160). Қуръони каримда яхшилик-эҳсон қилувчиларнинг сифатлари батафсил баён этилган. Улар кечалари туриб намоз ўқувчилар, тун охирида Парвардигорларидан мағфират сўровчилар, мол-мулкларидан муҳтож ва фақирларга насиба ажратувчи кишилардир. Эҳсоннинг турлари кўп: Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга эргашиш ҳам – эҳсон, бировни кечириш ҳам – эҳсон, бошга келган мусибат ва озорларга сабр қилиш ҳам – эҳсон, ҳатто бировга яхши муомала қилиш ҳам – эҳсон. Аллоҳ азза ва жалла бундай буюради: "Аллоҳга ибодат қилинглар, Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар. Ота-онага, қариндошларга, етимларга, камбағалларга, қариндош қўшниларга, оддий қўшниларга, оила аъзоларингизга эҳсон (яхшилик) қилинглар" (Нисо, 36).

Мусулмон киши кимга яхшилик қилишни, қандай яхшилик қилишни жуда яхши билади. Чунки Аллоҳнинг Китобида, Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларида бу ҳақда жуда кўп амр-фармонлар, кўрсатмалар келган. Шуларга кўра, эҳсон қилиш энг олдин сизни туғиб катта қилган, едириб-ичирган, кийинтирган, чиройли таълим, хулқу одоб ўргатган, камолга етказиб уйли-жойли қилган ота-онадан бошланади. Имом Насафий ва Хозин тафсирларида зикр қилинишича, фарзанд учун ота-онанинг мақоми шунчалар улуғки, у ота-онани номи билан чақирмай, балки "отажон, онажон" каби ширин сўзлар мурожаат қилиши, уларни ранжитадиган гапларни гапирмаслиги, улар олдида ўзини қул ёки чўрилардек тутиши лозим. Шундан кейин қариндош-уруғлар, ўзгалар меҳр-мурувватига муҳтож бўлиб қолган етимлар, камбағал-фақирлар, сафарда азият чекаётган мусофирларга эҳсон қилинади. Эҳсон-садақа қилиниши лозим бўлган тоифалар ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан бир неча ҳадиси шарифлар ворид бўлган: "Мискинга қилинган садақага битта савоб, қариндошга қилинган садақага иккита савоб: бири садақа, иккинчиси силаи раҳм учундир"; "Расули акрам алайҳиссалом: "Етимни қарамоғига олган киши билан мен жаннатда мана бундай ёнма-ён турамиз" дедилар ҳамда кўрсаткич ва ўрта бармоқларини жуфтлаб кўрсатдилар"; "Бева ва мискинга эҳсон қилиш учун ҳаракат қилган киши Аллоҳ йўлида жанг қилган, туни билан намоз ўқиган ва кун бўйи рўза тутиб юрган киши кабидир" (Бухорий ва Муслим ривояти). Булардан эса, ҳар бир мусулмон атрофидаги кишиларга меҳрибон, ҳимматли, саховатпеша, садоқатли бўлиши лозим, деган фикр келиб чиқади.

Бошқа мақолалар

Ғазаб келганида одам ўзини қандай тутиши керак?

27.10.2025   1338   6 min.
Ғазаб келганида одам ўзини қандай тутиши керак?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Эй биродарлар, ғазаб аслида бу дунё ҳаётининг моҳиятини тўғри тушунмасликдан келиб чиқади. Яъни ҳар қандай амал ким томонидан бажарилишидан қатъий назар аслида унинг холиқи фақатгина Аллоҳнинг Ўзи эканлигини эсдан чиқаришимиз оқибатидир.

Инсон нафси фитратан икки ажралмас сифатга эга:

биринчиси – ҳаво;
иккинчиси – ғазаб.

Ҳавоий нафсдан ҳирс, шаҳват, таъма, очкўзлик, узундан-узоқ орзулар ва дунёга муҳаббат қўйиш каби салбий сифатлар келиб чиқади. Ғазабдан эса кибр, манманлик, гина-кудурат ва ҳиқду ҳасад каби ёмон хислатлар вужудга келади. Шунга қарамасдан, айнан ҳавойи нафс ва ғазаб одамни қўриқлайди. Чунки агар ҳарислик унга фойда келтирувчи нарсалар сари интилишга мажбур этса, ғазаб уни атрофидаги хавф-хатарлардан иҳота этади.

Шунинг учун ҳам нафснинг табиатига хос бундай хусусиятлардан бутунлай қутилиш инсонни камолотга етказмайди, аксинча, унинг нуқсонини оширади. Лекин бу икки сифатнинг қалбни эгаллаб олиши зеҳн ва иймонни заифлаштириб, кўнгилга зиён етказади. Шунинг учун инсон нафсини тарбиялашда шу икки хусусият орасидаги мутаносибликка эришиши керак. Мана шу Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошланиб давом этиб келаётган чин тариқат йўлининг асосий усули ва моҳиятини ташкил этади. Бу йўлга юрган нафс ўзидаги қораланган хусусиятларни мақтовли хислатларга  алмаштиради: ҳавойи нафс ўрнини Аллоҳга муҳаббат, шаҳват ўрнини шарму ҳаё эгаллайди, ғазаб эса ғайратга айланиб Аллоҳнинг амрларини бажаришда жонбозлик кўрсатади. Бундай ўзгариш нафснинг барча қораланган сифатларида рўй бермоғи керак.

 

Амалларнинг турли суратларда акс этиши

Инсоннинг барча феъли, амали, ахлоқи унинг нафси ва қалбида жам бўлиб, ички оламининг моҳиятини ташкил этади.

Улар Илоҳий нурдан ва зулматдан келиб чиқадиган турли тамсиллар тарзида Барзах[1]да намоён бўлади. Уларнинг келиб чиқишини фарқлай олиш керак. Бу тимсолларни фаҳм этишнинг эса бир неча усули бор. Агар банда Аллоҳга кучли муҳаббат қўйса, Унинг розилигига интилса, бу банданинг тушида тасбеҳ, зикр, олма, узум, қовун каби ширин мевалар, анвойи шарбатлар шаклида намоён бўлади. Тоату ибодат, сидқу ихлос каби амалларга иштиёқи баланд бўлган бандага эса улар дурру инжулар, ҳуру ғилмонлар суратида рўъёсида жилваланиши мумкин. Агар кишининг ғазаби кучли бўлса, буни тушида чўчқа, илон, буқа каби махлуқлар тимсолида кўради. Одамдаги мағрурлик, кеккайганлик сифати тушида шер, йўлбарс, қоплон ва бошқа йиртқичлар тарзида акс этади. Агар инсон очкўз, зиқна бўлса, бу тушда чаён, қора қурт, ўргимчакка ўхшаш ҳашоратлар тимсолида ифодаланади. Инсон бу тимсолларни ҳатто ўнгида ҳам кўриши мумкин.

Ўз нафси билан курашнинг биринчи босқичини бошлаган инсон тушида ўзини баҳайбат кўринишдаги йиртқичларга, ҳайвонларга ва ҳашаротларга қарши турган ҳолида кўради. Унинг ўзи устида ишлаши давомида бу махлуқлар борган сари кичрайиб, худди пашша ва чивин каби бўлиб қоладилар. Бу нарса мазкур курашнинг пағоналарини англатиб, ёмон хислатларнинг ҳалокатли жиҳатлари оҳисталик билан йўқолиб, майда, заиф истаклар шаклида қолганлигини ифодалайди.

 

Ғазаб келганида одам ўзини қандай тутиши керак?

Жаҳл чиқиб, ғазаб келганида банданинг ҳақиқат ва адолат доирасидан чиқиши асло мумкин эмас, аксинча, у ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатмаларига риоя этиши керак:

“Сизлардан бирингизнинг жаҳли чиқа бошласа сукут сақласин!” (Аҳмад, Ибн Абу Дунё).

Шунингдек, ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам жаҳли чиққан киши таҳорат олиши лозимлигини ҳам билдирдилар, чунки ғазаб оловга ўхшайди, сув эса уни ўчиришга қодир.

Ғазаби келаётган киши қандай бўлмасин, унинг кучайиб кетишидан сақланиши зарур. Акс ҳолда у ёмон ҳолатларга, ҳақиқат ва адолат чеагараларини бузадиган жуда ҳам аянчли оқибатларга олиб бориши мумкин.

Шу боис жаҳл чиқаётганида Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сўзларини эслаш лозим:

“Инсонни қутқарувчи уч сифат баробарида шунча ҳалок этувчиси ҳам бор. Қутқарувчилари – яширин ва ошкора Аллоҳдан қўрқиш (яъни ёлғизлик ва кўпчилик ичида); хоҳ мўътадил, хоҳ ғазаб ҳолатида бўлсин, ҳақиқатни гапириш; бойлик ва камбағаллик сабабидан ўзгармаслик (яъни талтаймаслик ё тушкунликка тушмаслик). Ҳалок этувчи сифатлар – инсонни эргаштирувчи ҳирсу шаҳват; ўзининг кўчасига бошлагувчи ҳавойи нафс; кишининг ўз заковати ва топқирлиги билан ғурурланмоғи (бошқа ривоятга кўра кишининг ўз нафсидан мамнун бўлмоғи)” (Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадисда ҳам худди шу маънода келган, Байҳақий ривояти).

Юқоридаги сўзлардан шуни хулоса қилиб айтамизки, банда ўзининг хулқини Яратганининг хулқи билан мувофиқлаштириши зарур экан. Бу ҳақда Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:

“Аллоҳнинг хулқи билан хулқланингизлар!” (“Ат-Тарғиб ва-т Тарҳиб”; ушбу ҳадисни Имом Раббоний, Имом Ғаззолий, Фахриддин Роззий, Низомиддин Нишопурий ўз китобларида шарҳлаб ўтганлар; Табаронийдан ривоят қилинган бошқа ҳадисда  “Ахлоқнинг энг гўзали Аллоҳнинг буюк ахлоқидир” деб айтилган)

Аллоҳ Ўзи учун ғазаб қилмагани сингари, инсон ҳам ўзи учун ғазаб қилмаслиги ва қасос олмаслиги лозим бўлади. Агар Аллоҳ Ўзи учун ғазаб қилганида эди бир лаҳзада барча яратганларини ҳалок этиб қўйган бўларди.


“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.


[1] Ўлимдан сўнг то қиёмат кунигача одамлар руҳи турадиган жой.