Динимиз таълимотига кўра, кишилар ўзаро дўстлик ва тотувликка буюрилади. Одамларнинг бир-бирларига нисбатан гина-кудурат сақлаши, душманлик қилиши ва ғийбат-бўҳтон уюштириши қаттиқ қораланади.
Аллоҳ таоло Ҳужурот сураси 12-оятида бандаларини бундай огоҳлантиради: “Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилмасин. Сизлардан бирортангиз ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўплаб қабул қилувчидир, раҳмлидир”.
Демак, бирор киши ҳақида бадгумонда бўлиш, у тўғрида ҳар хил шубҳага бориш яхши эмас. Балки у чиндан ҳам яхши инсондир. Агар шундай бўлиб чиқса, гумонланувчи ўзига гуноҳ орттирган бўлади. Шу боисдан ҳам “Кўп гумонлардан четда бўлинглар...” дейилмоқда.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар, чунки бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Афсуски, ён-атрофимиздаги, ҳар куни кўриб-билиб юрган, бирга ишлайдиган, ўқийдиган биродаримиздан ҳам гумонланамиз. Кўнглимизга ҳар хил шубҳалар оралайди. Ёки бўлмаса, учинчи бир одамнинг гапига кириб, у ҳақдаги фикримизни ўзгартирамиз. Илло, буларнинг барчасининг замирида ёлғон, жосуслик бор. Шунинг учун ҳам киши бундай иллатлардан узоқроқ бўлиши керак экан.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кишилар: “Эй Аллоҳнинг Расули, ғийбат нима?” деб сўрашди. Расули Акрам алайҳиссолату ва ссалом: “Биродарингни ўзига ёқмаган нарса билан эслашинг”, дедилар. Шунда: “Биродаримда мен айтган нарса бўлса-чи, бунга нима дейсиз?” дейишди. Набий алайҳиссалом: “Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилган бўласан, аммо бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан”, деб жавоб қилди (Имом Абу Довуд ривояти).
Бировни ғийбат қилиш – оғир гуноҳ. Бу ҳақда ояти каримада ҳам аниқ мисол келтирилган. Шу маънода киши ҳеч кимни ғийбат қилмаслиги, акс ҳолда, бунинг учун Аллоҳ таолонинг ҳузурида жавобгарлик борлигини унутмаслиги лозим.
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга Сафиянинг сифатлари мана булар, деб санадим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Денгиз сувига қўшса, уни ҳам бузадиган сўз айтдинг”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Яъни, ғийбат шу қадар нопок нарсаки, уни ҳатто денгизга солса, унинг ҳидини ҳам, таъмини ҳам бузади. Шунинг учун мусулмон киши ўзини ғийбатдан тийиши билан бирга ўзгаларни ҳам бу иллатдан қайтариши жоиздир. Бу эса унга кўплаб ажр-савоблар ёзилишига ноил бўлади.
Хулоса ўрнида айтишимиз лозимки, ғийбат оғир гуноҳдир. Шу билан бирга, у икки инсоннинг муносабатларига рахна солади. Иккисини бир-бирига ёв қилиб, юзкўрмас бўлиб кетишига сабаб бўлади.
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ,
Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ” масжиди имом-хатиби
Савол: Мен туш кўрдим ва уйғониб Ибни Сириннинг "Тушлар таъбири" китобини кўрсам ёмонроқ чиқди ва сиқилиб қолдим. Туш таъбири масалаларига мусулмон инсон қандай қараши керак?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аввало шуни айтишимиз керакки, Ибн Сирийн раҳимаҳуллоҳга нисбат берилган “Тушлар таъбири” китоби у зотга тегишли эмас. Шунинг учун бу китобни у зотга нисбат бериб бўлмайди. Динимизга кўра тушлар уч хил бўлади:
– Аллоҳ таоло томонидан бўлган, таҳорат билан ётилганда, тонгга яқин кўриладиган, солиҳ тушлар.
– Шайтондан бўлган, аниқ эсда қолмайдиган, кайфиятни туширадиган, алаҳсирашга ўхшаш ёмон тушлар.
– Касбига ёки қизиққан нарсасига тааллуқли тушлар.
Динимизда туш кўрганда нима қилиш кераклиги борасида аниқ тавсиялар келган. Агар рост тушлар шариатга мос келса, амал қилиш мумкин, агар зид келса, қатъий амал қилинмайди. Ёмон туш кўрган киши тушини бировга айтмаслиги ва тушнинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраши керак. Бу ҳақида Абдуллоҳ ибн Қатода розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рост туш Аллоҳдан, ёмон туш шайтондан. Бирортангиз қўрқинчли туш кўрса, чап томонига туфлаб қўйсин ва тушнинг ёмонлигидан (Аллоҳдан) паноҳ сўрасин. Шунда ёмон туш зарар қилмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Яъни ёмон туш кўрган киши чап томонга енгилгина туфлаб: “Роббим! Кўрган тушимни ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, деб қўяди.
Баъзи уламолар имкон бўлса ўрнидан туриб, таҳорат олиб, икки ракат нафл намоз ўқигани ҳамда бироз садақа қилиб қўйгани яна ҳам яхши, дейишган.
Шунингдек, туш инсон тақдирини белгиламайди. Тушга ортиқча баҳо бериб, уни ҳаёт мезонига айлантириш тўғри эмас. Биз динимиз кўрсатмаларига оғишмай амал қилсак, ҳам моддий, ҳам руҳий тарафдан соғлом, иродамиз мустаҳкам бўлади. Валлоҳу аълам!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.