Ғафлат нафснинг жиддий касалликларидан биридир. Бу инсоннинг Аллоҳ таоло уни кузатиб турганидан бехабардек гапириши ва ҳаракат қилишида намоён бўлади.
Муолажа услуби
Аллоҳ таоло бандаларни кузатиб туришини, уларнинг барча амал ва ишларидан хабардор эканлигини ҳеч қачон унутмаслик керак. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир” (Бақара сураси, 74-оят).
Инсон Қиёмат куни ҳатто энг кичик, балки арзимас деб биладиган амали учун ҳам жавоб беради. Шунинг учун банда ҳар бир лаҳзада ўзини худди Роббининг олдида тургандек ҳис қилиши керак. Фақат шундай ҳолатдагина ғафлатдан қутилиш мумкин.
Абул Фараж Абдураҳмон ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ғафлатдан оғирроқ уйқу йўқ. Шаҳватдан моликроқ қуллик йўқ. Қалб ўлишидан кўра ёмонроқ мусибат йўқ. Қариликдан кўра комилроқ огоҳлантирувчи йўқ”.
Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.
Ўзбекистоннинг Куала-Лумпур шаҳридаги элчихонасида мамлакатимизнинг зиёрат туризми салоҳиятига бағишланган тақдимот ҳамда Ўзбекистон ва Малайзия туроператорларининг B2B форматдаги учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Тадбирда Бутунжаҳон суфийлар маркази бош котиби шайх Абдул Карим Ҳадайд, “BUMITRA” сайёҳлик компаниялари ассоциацияси раҳбарияти ва маҳаллий туроператорлар иштирок этди.
Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Каромиддин Гадоев зиёрат туризми соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берди. У мусулмон давлатлари, жумладан, Малайзиядан келадиган зиёратчилар учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий мажмуаси ва Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказида кўрилаётган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратди.
Иштирокчилар икки мамлакат ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик ривожланиб бораётгани ва сайёҳлар оқими ошиб бораётганини таъкидладилар. Чет эллик сайёҳларни жалб қилиш учун Малайзия фуқароларига визасиз режим амал қилмоқда, “Uzbekistan Airways” ва “Batik Air Malaysia” авиакомпаниялари Тошкент ва Куала-Лумпур ўртасида ҳафтасига етти маротаба тўғридан-тўғри рейсларни амалга оширмоқда.
Икки мамлакат туроператорлари ўртасида ўтказилган B2B учрашувлар доирасида Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида Малайзияда “зиёрат туризми”, “маданий туризм” ва “қишки туризм” турпакетларини кенг сотиш бўйича аниқ келишувларга эришилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати